Яккаланган мамлакатдан — ҳал қилувчи давлат сари

32

Ўтган беш йил ичида Кремль нафақат иқтисодиёт бобида илгари силжиди, балки Москванинг геосиёсий таъсирини кенгайтиришга ҳам улгурди. Россиянинг Қримни аннекция қилиши ва Украина шарқига ҳарбий интервенция уюштириши ортидан Ғарб Москвага санкциялар билан зарба берди. Оқибатда Россия яккаланган, камситилган давлатга айланди. Фикрини ўзгартиради, деган ишонч билан Ғарб етакчилари президент Путинни тинмай танқидга тутдилар, Москвага нисбатан босимни оширдилар. Президент Обама Россияни халқаро эмас, «минтақавий давлат» дея атади. Яқин ўтмишда ўта қудратли бўлган давлат учун бу чинакам  ҳақорат эди. Бугунги кунда Россия халқаро таъсир доирасини кенгайтиришга зўр бермоқда. У Америка махфий хизматлари хулосасига кўра, АҚШдаги президент сайловларига аралаша олди; Африка ва Жанубий Америкадаги таъсирини оширишга уринмоқда; шунингдек, Европанинг ичидаги гуруҳбозликни кучайтиришга ҳам эътибор қаратган.

Яқин Шарқдаги воситачи

Москва Сурияда ҳарбий амалиёт бошлаганидан тўрт йил ўтиб, Россия минтақадаги ҳал қилувчи куч ва муҳим ўйинчи мақомини АҚШдан тортиб олмоқда. Ўтган бир неча кун ичида Владимир Путин телефон орқали Туркия президенти билан суҳбатлашиб, уни Москвага таклиф қилди; Исроил Бош вазири билан телефонда «хавфсизлик масалалари»ни муҳокама қилди; Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига қадам ранжида этди. Улар билан кўплаб манфаатли битимлар имзолади. Буларнинг бари Россиянинг Яқин Шарқдаги роли ортиб бораётганидан далолат.

Сурия: нега Россиянинг қўли баланд келмоқда?

Москва Суриянинг шимоли шарқидаги ҳозирги ҳолатдан манфаат кўра оладиган бир неча йўллар мавжуд. Биринчидан, Россия Сурия президенти Башар Асаднинг сиёсий ва ҳарбий томондан энг йирик қўлловчисидир.  Дамашқ қанча кенг ҳудуд бўйлаб назоратни қўлга киритса, Москва учун шунча яхши. Иккинчидан, курдларнинг ёлғиз ўзини қолдириб кетиш Американинг минтақадаги ишончли ҳамкор мақомига жиддий путур етказди. Бу Россияга ўзини Яқин Шарқдаги барча томонлар олдида ягона ҳал қилувчи ва тинчлик ўрнатувчи куч сифатида намоён қилишига замин яратди. Россия ҳарбий полицияси Сурия ва Туркия кучлари ўртасидаги ҳудудда аллақачон патруль ташкил этган. Бундан англанадиган нозик ишора шундай: агар Яқин Шарқда тинчлик бўлишини истасангиз, Россияга юзланинг. Қолаверса, ўтган яқин йиллар ичида Москва, айниқса, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзо давлатлари ўртасидаги низолардан фойдаланган ҳолда, ғарблик иттифоқчиларни ҳолдан тойдиришга уриниб келмоқда. Туркия ва НАТО аъзолари ўртасида Сурия масаласи туфайли юзага келган зиддият Россиянинг фойдасига ишлади. Айни кезда Москва НАТОнинг ичидан дарз кетишига интилмоқда. Россиянинг С-400 мудофаа тизимини сотиб олган Туркиянинг АҚШ билан муносабатларига аллақачон совуқчилик тушиб бўлган. 2015 йилда Сурияда ҳарбий амалиёт бошлаган Москва ўзининг асосий мақсади халқаро терроризмга зарба бериш эканини иддао қилган эди. Бироқ Россиянинг Яқин Шарқдаги таъсирини қайта шакллантириш ҳеч қачон назардан четда қолмаганди. Тартусдаги денгиз базаси ёрдамида Россия Ўртаер денгизи ҳудуди бўйлаб ҳарбий кучларини ҳаракатлантира олади. Яқинда чиққан хабарлар эса Москва Латакия яқинидаги ҳарбий ҳаво базасини кенгайтираётганидан дарак бермоқда.

Минтақада кучлар нисбати ўзгардими?

Россиянинг жаҳон саҳнидаги қатъиятининг ортиши Ғарбдаги сиёсий ўзгаришлар даврига тўғри келди. АҚШ ва Европа Иттифоқи бугун сўнгги икки йилга қараганда, ўз қобиғига ўралмоқда.

Яқин Шарқ собиқ совет маконини ҳисобга олмаган ҳолда АҚШ каби қудратли давлатларнинг Россия билан ҳисоблашишига тўғри келадиган ягона минтақага айланди. Гарчи Вашингтон ва Москва имкониятларини солиштириб бўлмаса-да, сўнгги воқеалар ўйин қоидаси ўзгариши мумкинлигини намойиш этди. Боз устига, бу минтақада Москванинг мақсади нафақат геосиёсий амбициялар, балки таъсирини иқтисодий фойда олишга йўналтириш экани аён бўлмоқда. Собиқ иттифоқ даврида бошқа минтақалар сингари Яқин Шарқ ҳам Москва ва Вашингтон ўртасида таъсир доиралари зонасига тақсимланган эди. Аммо «қайноқ дўстлик» совуқ муносабатларга айланган даврлар ҳам бўлган. Бироқ барибир Вашингтон ва Москва деярли тенг курашлар остида ўйнашган. СССР парчалангач, Москванинг Яқин Шарқдаги таъсири нолга тушди. АҚШ билан тенг ҳуқуқли асосда Исроил — Фаластин можаросини ечишнинг ҳомийларидан бири сифатидаги мақоми фақат қоғозда қолди. 2000 йилнинг октябрида АҚШ президенти Билл Клинтоннинг ташаббуси билан фаластинликлар «интифадаси» (исёни) арафасида Шарм-аш-Шайхда чақирилган Яқин Шарқ можароси бўйича саммитни Россиянинг рамзий «чўкиши» сифатида таърифлаш мумкин эди. Москвани шунчаки таклиф этишмади. Орадан 19 йил ўтиб АҚШ Россияни Варшавада бўлиб ўтган Яқин Шарқ саммитига қатьийлик билан таклиф этди, мақсад минтақадаги иқтисодиётдан тортиб, хавфсизликкача бўлган муносабатлар тизимини яратиш, аксилэрон коалициясини қуришдан иборат эди. Бу сафар россияликлар йўқ, деб жавоб қайтаришди. 

Ироқ учун кураш

2000 йилларда Яқин Шарқда Россия бизнес лойиҳаларининг деярли барчаси Ироқ атрофида айланарди. Россия БМТ томонидан 1995 йилда санкциялар шароитида Ироқ аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган «Нефть эвазига озиқ-овқат» дастури доирасида фаол иштирок этди. Ироқ ва Россиянинг имзолаган ҳамкорлик келишувлари 1,2 миллиард долларга етди. Бироқ Саддам Ҳусайн даврида амал қилган халқаро жазо чоралари жиддий лойиҳаларни, масалан, Ғарбий Курна нефть конини «Лукойл» томонидан ўзлаштиришга имкон бермасди. Бундан ташқари, санкциялар режими ва Ироқ блокадаси Ироқнинг ўзида ҳам, «Нефть эвазига озиқ-овқат» дастури билан боғлиқ барча тузилмаларда ҳам коррупциянинг гуллаб-яшнашига йўл очди. Ироқдаги ҳар қандай компания ишлаш у ёқда турсин, юз минглаб долларни бой бериши мумкин эди. Бир вақтнинг ўзида Москва Бағдодга қарши куч ишлатилишига қарши чиқди. Бунинг сабаби Саддам Ҳусайнга  муҳаббат эмасди. Россия дипломатлари Ироқдаги урушнинг оқибатларини – этник динлараро бўлиниш, террорчилик хуружи, сиёсий бошбошдоқликни олдиндан кўра билди ва сўнгги лаҳзаларгача урушнинг олдини олишга уринди. АҚШ ва Буюк Британиянинг 2003 йилда Ироқдаги ҳарбий операцияси БМТ Хавфсизлик Кенгаши қўлловини олмади. Аммо ҳеч ким Ироқдаги урушни тўхтатолмади. Ўша йилнинг май ойида қабул қилинган БМТ ХКнинг 1483-резолюцияси иккала мамлакатни «оккупацион давлатлар» сифатида эътироф этди, мамлакатни қайта тиклаш учун масъулиятни улар зиммасига юклади. Улар Ироқни қайта тиклаш қимматга тушишини, минглаб одамларнинг ўлимига олиб келишини аввал ҳис қилишмаганди. АҚШ молиявий ёрдам сўраб халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди, аммо Ироқдаги оккупацион кучларга қўшилишга ҳеч ким хоҳиш билдирмади. Ироқ суверенитетининг қайтарилишида Москванинг ўрни катта. Ироқликлар йўлини очиш учун Россия дипломатлари БМТ ХКдаги резолюцияларда ҳар бир сўз учун курашди. Бағдод Россия дипломатияси уринишини юксак баҳолади. Ироқнинг янги ҳокимияти АҚШга қанчалар қарам бўлмасин, Москва билан тезкорликда нафақат иқтисодий алоқаларни, балки ҳарбий-техникавий ҳамкорликни йўлга қўйди. 2014 йилга келиб Ироқ Россия қуролларини сотиб олишда Ҳиндистондан кейинги иккинчи йирик давлатга айланди.  

Бундан ташқари, Бағдод — АҚШнинг ёпиқ қаршилигига қарамай, бугун Москванинг Яқин Шарқдаги энг ишончли шерикларидан бири. Бу Америка ва Россия манфаатлари бир майдонда мавжудлигининг қизиқарли мисолларидан бири. 2010 йилда бошланган «араб баҳори» Яқин Шарқ қиёфасини ўзгартириб юборди. Ҳокимиятлар алмашар, фуқаролар уруши, террор кенг ёйила бошланди. Улкан иқтисодий лойиҳалар барбод бўлди, Россиянинг Яқин Шарқ давлатлари билан сиёсий ҳамкорлиги зарба остида қолди. Аввалига Россиянинг Сурияда бошлаган аксилтеррор операциялари унинг эндигина илиқлаша бошлаган Форс кўрфази давлатлари – Саудия Арабистони, Катар ва БАА билан муносабатлари ёмонлашди. Бироқ Россия ҳарбий компаниясининг муваффақияти вазиятни Москва фойдасига ҳал бўлишига олиб келди. Олдин Вашингтонга юзланган Саудия Арабистони, БАА, Катар, Миср ва бошқа давлатлар Москвага яқинлашишга ҳаракат қилмоқда. Минтақада ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий майдонда рақобат жуда юқори. Ироқ уруши бошланган 2003 йилдан бери Россиянинг араб мамлакатлари билан ўзаро товар айланмаси 10 маротаба ўсди ва 2018 йилда 22 миллиард долларга етди. 

Россиянинг Яқин Шарқдаги манфаатлари ва Москва позициясининг кучайишини фақат Сурия можаросини барқарорлаштириш билангина боғлаш мумкин эмас. Сўнгги йилларда Россия Ироқ билан алоқаларни мустаҳкамлашга интил­япти. «Ислом давлати» террорчи ташкилотининг ҳужумлари даврида, аниқроғи, 2014 йилда Москва зудлик билан Бағдодга керакли қурол ва техникаларни етказиб берди. Иккинчидан, Ироқда 2003 йилгача ишлаган Россия энергетик компаниялари нефть ва газ конларини ўзлаштиришда иштирок этиш имкониятини қўлга киритишди. 2018 йилнинг охиригача «Лукойл»нинг «Ғарбий Курна» ва «Блок 10» конларига киритган сармояси 8 миллиард долларни ташкил этди. Кунига 300 минг баррель нефтни ўтказиш имкониятига эга Киркук — Жайхон қувури  «Роснефть» ихтиёрига ўтди. Бу Курд мухтор минтақаси нефтининг катта қисмини Туркия ҳудуди орқали жаҳон бозорига етказиш имкониятини берди. Мазкур ҳолат Россия ва унинг компанияларини Ироқда асосий ўйинчиларга айлантирди.  Ироққа бевосита таъсир кўрсата оладиган ташқи ўйинчилар — бу Эрон ва АҚШ. Айтиш жоизки, асосий ўйинчи Эрон Россия ва Ироқ муносабатларини потенциал қўллаб-қувватлаётган бўлса, АҚШ бундай ҳамкорликка очиқ қаршилик кўрсатмаяпти. Гарчи Теҳрон Россияга Ироқ ичкарисида жиддий таянч таклиф этаётган бўлса-да, Москва Ироқнинг ички сиёсий жараёнларига аралашмоқчи эмас, аксинча прагматик алоқалар ўрнатиб, бизнес-алоқаларга зўр бермоқчи, бундан эса барча томонлар ютади.

Бағдоднинг ўзи ҳам Москванинг Ироқда таъсири ошиши тарафдори, бу ҳолда яна бир таъсир қутби пайдо бўлади. Барча куч қутблари ўртасида манёвр қилиш орқали Ироқ ўз манфаатларини амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар олади. Москва ва Бағдод мунтазам равишда минтақавий муаммолар ва террорчиликка қарши кураш масалалари бўйича ҳаракатларини мувофиқлаштириб боради. Хусусан, 2015 йилнинг 25 сентябрь куни Россия, Ироқ, Эрон ва Сурия ўртасида ахборот алмашиш тўғрисида тўрт томонлама келишув имзоланган ва Бағдодда Ахборот маркази тузилган. Бу террорчиликка қарши кураш ишига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Энг муҳими, Россиянинг Ироқнинг ҳудудий яхлитлигини сақлашга қаратилган стратегияси ўз-ўзидан келажакда Ироқнинг Россияга мойил давлатга айланишида қўл келади.    

Абдували САЙБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

Манба: «Mahalla»газетаси

Бошқа хабарлар