Эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилиш – олий мақсадимиз

65

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат БОБОЖОНОВ билан суҳбат 

– Президентимиз уч йил муқаддам ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қилувчи ижтимоий тузилмага айлантириш вазифасини қўйган ва юртдошларимиз ички ишлар органларининг ҳар бир ходими тимсолида ўз ҳимоячисини кўриши лозимлигини таъкидлаган эди. Соҳа вакиллари томонидан ана шу вазифа қандай бажарилаяпти?

– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари доим икки масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Биринчиси, Ватанимиз тараққиётининг энг муҳим омили бўлган юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, иккинчиси, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, маънан ва жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш.

Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор юксак технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, мамлакатимизга чет эл инвесторларини жалб қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратишга қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хорижий компания ва корпорациялар, ишбилармон доиралар ўз сармояларини тинчлиги барқарор мамлакатга сарф қилишини алоҳида таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, тинчлик ва осойишталик барқарор юртга инвестиция келади, бундай давлат ҳар томонлама юксалади, тараққий топади. Аҳолиси соғлом мамлакатда эса баркамол авлод вояга етади. Бундай юрт қудратли бўлади.

Биз – ички ишлар органлари ходимлари зиммасига юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа юкланган. Шу нуқтаи назардан, тизимни ислоҳ қилиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Агар эътибор берсак, Президентимиз имзолаган илк ҳуқуқий ҳужжат айнан 2016 йил 16 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ички ишлар органларида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, мутлақо янги тизим шакллантирилди. Ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, халқ манфаатларига хизмат қиладиган профессионал, халқчил тузилмага айлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди.

Бугунги кунда турли хавф-хатар ва таҳдидлар, халқаро терроризм ва экстремизм, коррупция, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, ахборот хуружи ва ёт ғояларга қарши курашиш, уларга барҳам бериш бўйича ички ишлар органлари олдига янги вазифалар қўйилди. Хусусан, фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда, замонавий корхоналар барпо этилмоқда, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ривожлантириш, барча соҳа ва тармоқларда инновация, илм-фан ютуқлари, янгича ва ижодий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари энг чекка ҳудудларга ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирмоқда.

Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” деган муҳим принципларни таъминлаш, ички ишлар органларини том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Тизим олдига қўйилган бундай вазифаларни бажариш ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этади.

Шу боис ҳам асосий эътибор қуйи бўғинни кучайтиришга қаратилиб, бевосита маҳаллаларда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга таъсир кўрсата оладиган ихчам ва мобиль тизим шакллантирилди. Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш мақсадида олис аҳоли пунктларида 824 та таянч пункти ташкил этилди. Профилактика инспекторлари сони 1552 нафарга кўпайди. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича 30 та бошқарма ва уларнинг 161 та бўлими ташкил этилди.

Ички ишлар органлари тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз пойтахт”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз туризмни таъминлаш”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш”, “Хавфсиз хонадон” концепциялари амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг вилоятларга ташрифлари якуни бўйича ҳудудларнинг ўзига хос тажрибаси сифатида Андижон вилоятида “Намунали ҳудуд”, Бухоро вилоятида “Хотин-қизлар билан ишлаш”, Фарғона вилоятида “Ёшлар билан ишлаш”, Бўка туманида “Президентнинг бешта ташаббуси”, Жиззах вилоятида “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати”, Сирдарё вилоятида “Жиноятдан холи маҳалла” концепциялари яратилди. Ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорлиги натижасида 9116 та маҳалладан 4518 тасида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

“Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тамойилидан келиб чиққан ҳолда, жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш ва таҳлиллар асосида зарур чора-тадбирларни белгилаш, қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгилаш муҳим деб ўйлайман.

Айтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан “Маҳалла посбони” тузилмаси раҳбари лавозими ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича уларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди. Бу борада мазкур тузилмага ана шу талабга тўлиқ жавоб бера оладиган муносиб кадрларни танлаш белгиланган. Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ экани боис оилалар билан ишлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” этиб белгиланиб, аҳоли ўртасида кенг қамровли ҳуқуқий-маърифий тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Бундай тадбир ва учрашувларда ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаби, унга олиб келган шарт-шароитлар таҳлил қилиниб, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир ички ишлар органи ходими тимсолида юртдошларимиз ўз ҳимоячисини кўриши лозимлигини таъкидлаган эди. Бу борада ички ишлар органларининг имижини ошириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилгани, жойларда биринчи раҳбарлардан бошлаб профилактика инспекторларигача бўлган бўғиндаги масъулларнинг халқ олдида ҳисобот бериш амалиёти жорий қилиниши одамларда давлат идораларига ишонч янада ортишига замин яратмоқда.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари янгича дунёқараш, янгича тафаккурга эга бўлиши, иш услубини ўзгартириши, билимли, салоҳиятли ва фидойи бўлиши лозим. Бундай мақсадларга эришиш учун ҳар бир ходим доимий равишда ўз устида ишлаб, зиммасига юклатилган вазифани виждонан бажариши, ўзини Ватан тақдирига дахлдор деб билиши, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибасини сафарбар этиши зарур.

Ходимларнинг фуқаролар билан муомала маданиятини юксалтириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилиб, “Ички ишлар органларининг ташқи соҳавий хизматлари фаолиятида ахлоқ ва мулоқот маданияти кодекси” тасдиқланган. Ушбу Кодексда ходимнинг фуқаролар билан мулоқот маданияти мезонлари, асосий қоидалар, мажбурият ва ваколатлари белгиланди. Бу каби саъй-ҳаракатлар, аввало, ички ишлар органлари ходимларини халқимизга янада яқинлаштириш, фуқароларнинг соҳа ходимларига нисбатан ишончи ортишига эришиш имконини беради. Албатта, халқ манфаати йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходим, аввало, ўзининг билими, маънавияти ва дунёқараши кенглиги билан ажралиб туриши керак.

– Давлатимиз раҳбари ички ишлар органлари олдига жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, уларнинг барвақт олдини олиш вазифасини қўйган эди. Ана шу вазифани бажариш йўлида нималар қилинмоқда ва қандай натижаларга эришилмоқда?

– Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида 2018 йил якуни бўйича ҳар бир минтақада содир этилган жиноятлар чуқур таҳлил қилиниб, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни жиловлаш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

Юқорида таъкидланганидек, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” тадбирлари доирасида ташкил этилаётган ишлар ҳам ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда профилактика инспекторлари муҳим ўрин тутади. Профилактика инспекторлари томонидан аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни бартараф этиш мақсадида 9,5 миллондан ортиқ хонадон ўрганилди. Уйма-уй юриб ўрганишлар натижасида 22 мингдан зиёд оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 9 мингдан ортиқ ёш оила ажрашиб кетишининг олди олинди. Жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ва мулоқот ўрнатилгани натижасида жорий йилнинг 9 ойида 4518 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Шунингдек, содир этилган ҳар бир жиноят сектор раҳбарлари иштирокида маҳаллаларда, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб борилмоқда.

Муҳокамалар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича мутасадди идораларга 18 мингдан ортиқ тақдимнома киритилди. Фуқароларда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида 252 мингдан ортиқ учрашув ва давра суҳбати ўтказилди. Шундай профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга (34243 тадан 25344 тага) камайишига эришилди.

– Юртдошларимиз шаҳар кўчаларида ички ишлар органлари ходимлари билан Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари биргаликда хизмат ўтаётганига ўрганиб қолишди. Бундай ўзаро ҳамкорлик қандай самара бераяпти?

– Тарихдан маълумки, жамиятда адолат ҳукм суриб, тинчлик-осойишталик қарор топса, албатта, мамлакат янада равнақ топади, унинг нуфузи ортади. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқимиз эртага ёки келажакда эмас, балки бугун яхши ва муносиб ҳаёт кечириш керак” деган сўзлари барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий пойдеворини ташкил этади.

Бу борада ўтган даврда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш йўлида Президентимиз ташаббуси билан жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилди. Бунда алоҳида эътибор ҳодиса ва ижтимоий хавфли қилмишлар оқибатига эмас, балки уларнинг асл келиб чиқиш омилларини аниқлаш ва барвақт олдини олишга қаратилди.

Энг муҳими, жиноятлар динамикаси, яъни вақти бўйича асосий қисми (70 фоизи) кечки ва тунги вақтларда қайд этилаётганига ўз вақтида эътибор қаратиб, жамоат тартибини таъминлаш кучлари имкониятидан оқилона фойдаланишга қаратилган самарали тизимни белгилаб берди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида пойтахтимизда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали ва янгича тизими ҳаётга татбиқ этилди. Унга кўра, 2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида «Хавфсиз пойтахт» концепцияси амалиётга жорий этилди.

Ушбу концепция доирасида жиноятларнинг оқибатига эмас, балки сабаблари ва асосий омилларига қарши курашиш, яъни уларнинг профилактикаси ижобий самара берди. 2018 йил 27 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида Тошкент шаҳри тажрибаси бўйича «Хавфсиз пойтахт» концепциясини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш ҳақида берилган топшириқ асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 14 та йирик (Чирчиқ, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Фарғона, Қўқон, Андижон, Наманган, Термиз, Қарши, Урганч, Нукус) шаҳарда «Хавфсиз шаҳар» концепциясини амалиётга тўлақонли жорий этиш бўйича Ички ишлар вазири ва вилоят ҳокимларининг қўшма қарорлари қабул қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда мазкур концепция жорий этилиши белгиланган шаҳарларнинг маъмурий ҳудудлари тегишли жавобгарлик квадратларига тақсимланган ҳамда уларда Ички ишлар органлари ходимлари ва Миллий гвардия саф бўлинмалари ҳарбий хизматчилари, шунингдек, жамоатчилик вакилларининг уч босқичли, аралаш тартибдаги патруллик хизматлари йўлга қўйилган.

Ҳозир концепция асосида юртимизда ташкил этилган 1974 та (шундан 945 та пиёда, 957 та авто, 22 та мото ва 23 та отлиқ) патруллик йўналишларида жами 7504 нафар (4600 нафар ички ишлар органлари, 1063 нафар Миллий гвардия, 938 нафар жамоатчилик вакиллари ва 789 нафар «Фидокор ёшлар» жамоатчи патруллик гуруҳлари) жамоат тартибини таъминлаш кучлари туну кун патруллик хизматини олиб бормоқда.

Ўтган даврда жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан 550 нафар қидирувдаги шахс ушланган ва жами 3017 оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилган. Патруллик йўналишларида жами 417650 маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган ва тегишли чоралар кўрилиши таъминланган. Бундай тезкор ва тезкор-профилактик йўналишда барча зарурий чора-тадбирлар ўз вақтида сифатли ҳамда тўлақонли амалга оширилгани туфайли хизмат самарадорлиги янада ошган. Шу сабабли концепция жорий этилган дастлабки уч ойда жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар 33,5 фоизга, айниқса, жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 34 фоизга ва кўчада содир этилган жиноятлар 30,2 фоизга камайган.

– Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда инсон омилини камайтириш мақсадида видеокамералардан, замонавий светофор ва бошқа техник воситалардан самарали фойдаланилмоқда. Ушбу жараён Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам амалга оширилаяптими?

– Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу вазифани тўлақонли амалга ошириш эса соҳани доимий тарзда такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг касбий ва хизмат тайёргарлигини ҳозирги кун талабларига мос юксалтириш, йўл ҳаракати иштирокчилари маданиятини ошириш, қонун-қоидаларга ҳурмат туйғусини шакллантириш каби кўпгина ишларни амалга оширишни талаб этади.

Бугун ҳаётимизнинг турли жабҳаларига кириб келаётган янгилик ва ўзгаришлар, ахборот-коммуникация технологиялари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ҳам муайян ўзгаришлар қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунни бемалол туб ўзгаришлар даври, деб аташ мумкин.

Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш, назоратнинг юқори самарадорлигини таъминловчи йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш, видеокузатув ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш тизимларини, бошқа техник воситаларни, аввало, вилоят марказларида янада кенгайтириш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Маълумки, 2017 йил 15 мартдан Тошкент шаҳрида жорий этилган “Йўл ҳаракатини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими” томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун жаримага тортиш механизми ишга туширилди. Ҳозирги кунда ушбу тизим пойтахтимизнинг транспорт воситаси оқими кўп бўлган 115 та чорраҳасини қамраб олган бўлиб, қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этмоқда. Мазкур тизим ишга туширилган кундан жорий йилнинг 1 октябрига қадар 779071 қоидабузарлик қайд этилган. Тизимнинг жорий этилиши, шубҳасиз, пойтахт кўчаларида қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари сонининг камайишига ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 2019 йилнинг 9 ойида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2018 йилнинг шу даврга нисбатан 13,8 фоизга, ҳалок бўлганлар сони 27,4 фоизга, тан жароҳати олганлар 13,8 фоизга камайишига эришилди.

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарорида Тошкент шаҳрида жорий қилинган компьютерлаштирилган тизимни кенгайтириш, шунингдек, бу каби тизимни Нукус шаҳри ва вилоят марказларида жорий қилиш орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг ягона марказлаштирилган ахборот-компьютер тизимини яратиш вазифаси қўйилган. Ҳозирги кунда ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Нукус, Наманган, Андижон, Навоий ва Бухоро шаҳарларида автоматлаштирилган тизим жорий этилган бўлса, бир қатор вилоятлар марказида бу каби тизимни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида жорий этилган компьютерлаштирилган тизимга кирувчи чорраҳалар сонини 400 тага кўпайтириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 30 октябрдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Германиянинг «ATLAS International» компаниялар гуруҳи томонидан Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, автоматлашган тизимлар томонидан аниқланаётган қоидабузарликлар салмоғи кун сайин ортиб бормоқда. Мисол учун, 2018 йилнинг 9 ойида автоматлаштирилган тизимлар томонидан 599431 қоидабузарлик қайд этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу рақам 893995 тани ташкил этди.

– Мамлакатимиз бўйлаб коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Сиз раҳбарлик қилаётган тизимда ушбу иллатнинг илдизига болта уриш, ходимлар маънавиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам тўхталсангиз.

– Ҳеч кимга сир эмас, агар жамиятда қонун устуворлиги таъминланмаса, одамларда нафақат бугунги, балки эртанги кунга ҳам ишонч йўқолади. Қаерда шахсий манфаат ҳар нарсадан устун қўйилса, ўша жойда коррупция илдиз отиб, охир-оқибат давлат таназзулга юз тутади. Бундай жамиятни ҳар қандай онгли одам тарк этиш чорасини қидиради, ҳеч бир хориж инвестори ўз мулкини, сармоясини бундай мамлакатга киритишни хоҳламайди. Президентимиз таъбири билан айтганда, инвестор сармоя киритишдан олдин мамлакатда яратилган шарт-шароит ва муҳит тўғрисида давлат идоралари вакилларидан эмас, балки тадбиркорлардан сўрайди.

Шунинг учун ҳам давлат органлари ходимларининг виждонли ва ҳалол бўлиши катта аҳамият касб этади. Қолаверса, коррупция даражаси давлатнинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътиборини белгиловчи муҳим омиллардан бири саналади. Бугун коррупция балоси ҳаммани бирдек ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бирига айланган. Шунинг учун дунёдаги барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам ушбу иллатнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашга киришган.

Давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида порахўрлик, таъмагирлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида алоҳида тўхталиб, “Жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш, унга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур” деб таъкидлаган.

Мамлакатимизда шахснинг мансаби ва мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги таъминланмоқда, жиноий қилмишлар содир этган мансабдор шахсларга ҳам қонуний чоралар кўрилмоқда. Жорий йил 27 май куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланди ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Мазкур дастур доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга оид муҳим амалий чора-тадбирлар, устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шунингдек, мазкур фармон билан идоравий коррупцияга қарши курашиш, соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаб ва шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражали муҳим вазифаси этиб белгиланди.

Бугунги кунда юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари ҳамда давлат дастурларидан келиб чиқиб, ички ишлар органларида ҳам коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида Вазирликнинг айнан коррупцияга қарши курашиш йўналишига оид муҳим ҳужжатлари қабул қилинди. Ходимлар ўртасида коррупцияга нисбатан тоқатсизлик ва муросасизлик иммунитетини шакллантириш мақсадида олиб борилаётган профилактик тадбирлар таъсирчанлиги оширилмоқда. Бош прокуратура билан ҳамкорликда ходимларни ўқитиш бўйича тренинг курслари ўтказилмоқда. Шу билан бирга, жорий йилнинг декабрь ойи “Ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш ойлиги”, деб эълон қилинди ва мазкур ойлик доирасида бир қатор ташкилий, амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Яхши маълумки, коррупцияга барҳам бериш ва унинг олдини олиш масаласида шунчаки профилактик тадбирлар, учрашувлар ўтказиш ёки жазолаш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бу муаммодан холи бўлиш албатта, тизимли ёндашувни талаб этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан ходимларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, уларга хизмат уй-жойлари, имтиёзли кредит асосида автомашина ва узоқ муддатга мўлжалланган кредитлар, фарзандларига таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома ва шу каби бошқа кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Ички ишлар органларида махсус жамғармалар ташкил этилиб, устама ҳақ тўлаш орқали ходимлар меҳнати қўшимча рағбатлантириб келинмоқда. Амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар албатта, ўз самарасини бермоқда.

Бу борада қуйидаги вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим:

биринчидан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишни кучайтириш;

иккинчидан, коррупциянинг хавф-хатарларини чуқур таҳлил қилиш асосида ходимларни ушбу иллат ва унинг оқибатларидан хабардор қилиш мақсадида ҳуқуқий тарғибот ишларини жадаллаштириш;

учинчидан, хизмат вазифаси юзасидан бевосита фуқаролар билан мулоқотда бўладиган, коррупция хавфига учраш эҳтимоли юқори бўлган соҳавий хизматларда ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда инсон омилини камайтириш;

тўртинчидан, ички ишлар органлари ходимларига пора таклиф қилган ва бошқа ноқонуний мақсадларни кўзлаган шахсларга нисбатан курашиш борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш;

бешинчидан, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантириш масаласи доимий диққат-эътиборда бўлиши;

олтинчидан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишда барча бўғиндаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш;

еттинчидан, давлат ҳокимияти институтларига ишонч ва коррупцияга қарши чораларнинг таъсири даражасини баҳолаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш.

Мухтасар айтганда, ушбу масалага ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз, коррупцияни жамиятимиздан илдизи билан суғуриб ташлаш учун ҳамжиҳатликда курашишимиз лозим.

– Президентимиз ўтган йили ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлар қониқарли эмаслигини танқид қилган эди. Ушбу танқиддан қандай хулоса чиқарилди?

– Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, хотин-қизлар билан боғлиқ турли салбий оқибатларнинг олдини олишга эътибор тобора кучаймоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан, оилавий муаммоларга, турмушида зўравонликка дуч келган аёлларни аниқлаш, улар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди.

Президентимиз жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятни хотин-қизлар билан ишлаш бўйича барча масалаларда намунали ҳудудга айлантириш вазифасини қўйган эди. Шундан сўнг вилоятдаги барча хотин-қизларнинг турмуш шароити ўрганилиб, моддий, маънавий, тиббий, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар аниқланди, уларга тизимли ёрдам кўрсатиш ишлари бошланди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 июндаги қарорига асосан республика, вилоят ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича 360 та инспектор штати жорий этилди. Улар зиммасига Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилот ва идоралар билан биргаликда аёлларнинг ҳуқуқи, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир хотин-қизга ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифалари юклатилди.

Айни пайтда ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳолининг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш асосида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Ҳамкорликдаги тадбирлар давомида 4615 нафар хотин-қизга ишга жойлашишида кўмаклашилди, 4420 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 1457 нафари даволашга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий диспансерларга юборилди, 405 нафари мажбурий даволашга жойлаштирилди, 1457 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатни қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди, 2723 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 1046 нафари таълим муассасаларига қайтарилди. Шунингдек, 208 нафари “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари”га юборилиши таъминланди.

Ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида хотин-қизлар томонидан содир этилган умумий жиноятлар 33,8 фоизга (4361 тадан 2886 тага), жиноятда иштирок этган хотин-қизлар сони 33,3 фоизга (4882 нафардан 3254 нафарга) камайишига эришилди.

Соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги энг катта орзусидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ички ишлар органларида мазкур йўналишда қабул қилинаётган профилактик тусдаги дастурларда ана шу улуғвор мақсадни амалга оширишга доир чора-тадбирлар аниқ белгиланиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, ички ишлар органлари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш борасида мутасадди ташкилот ва идоралар, айниқса, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда мақсадли тадбирлар белгиланди. Бунинг натижасида жорий йилнинг 9 ойида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,9 фоизга (9925 тадан 6163 тага), жиноятда иштирок этган ёшлар сони 23,4 фоизга (12079 нафардан 9248 нафарга) камайишига эришилди.

– Ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ярадор бўлган ички ишлар органлари ходимлари ҳам эътиборимизда бўлиши керак. Шундай эмасми?

– Ички ишлар органлари ходимлари учун катта аҳамиятга эга бўлган касб байрами арафасида жиноятчилар билан тенгсиз олишувларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган, адолат тантана қилиши ва бошқаларнинг осойишта яшаши учун ҳаётини қурбон қилган ўртоқларимиз ҳақида чуқур миннатдорлик сўзларини айтишимиз керак, албатта. Уларнинг хотираси қалбларимизда умрбод сақланади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, сизни, барча ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан қизғин табриклаймиз. Тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек сермашаққат хизматларингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Суҳбатдош: Мурод Тиллаев

(“O’zbekiston ovozi” газетаси 87-88-сон, 29 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар