Юз йил кутилган фармон имзоланди. Бу бизга нима беради?

24

Октябрь ойи мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг келажаги билан боғлиқ қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, баёнотларга бой бўлди. Ой бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилдан Ўзбекистон етиштирилган пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш ва экспортга фақат тайёр маҳсулотларни чиқаришини режалаштираётганини айтган бўлса, кейинроқ расмийлар бунинг учун мавжуд имкониятлар ва қилиниши лозим бўлган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилди. 23 октябрь куни эса Президентимиз «Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Мазкур фармон билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида юз йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган пахта яккаҳокимлигига чек қўйилиши кутилмоқда.

Янги стратегиянинг мазмун-моҳияти, аҳамияти тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Шерзод Раҳимов билан суҳбатлашдик. 

Бозор иқтисодими ёки гибрид?

— Албатта, пахта — миллий бойлигимиз. Унинг «оқ олтин»га қиёсланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, бу маҳсулотга талаб ҳеч қачон ўлмайди. Пахтадан олинадиган ашёлардан — барча соҳалар, ҳатто, космик тадқиқотлар, атом энергетикасида ҳам кенг фойдаланилади. Боболаримиз бу ўсимликни минг йиллардан буён етиштиргани, қайта ишлаб бўз, чит сифатида хорижга сотгани тўғрисида маълумотлар талай. Аммо унинг қишлоқ хўжалигимизнинг асосий хомашёсига айлантириш сиёсати чор истибдоди давридан бошланди. Совет иттифоқи вужудга келганидан сўнг эса мазкур ҳаракатлар ваҳшиёна тус олди. Пахта яккаҳокимлиги халқимиз бошига оғир кунларни солгани ҳам бор гап. Яқин юз йиллик тарихимиз шўроларнинг «пахта васвасаси» натижасида одамлар ҳатто томорқасигача пахта экишга мажбурлангани, яшнаб турган боғлар кесиб ташлангани, ёшу қари далага ҳайдалиб, таълим, бошқа ижтимоий соҳалар эътиборсиз қолдирилгани, пахтакорлар устидан заҳарли дорилар аямай сепилганию ўйлаб топилган «пахта иши» туфайли қурбон бўлган минглаб бегуноҳ инсонлар ҳақидаги фактлар билан тўлиб турибди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг соҳада бир қадар енгилликлар кўзга ташлана бошлади. Аммо қишлоқ хўжалигида пахтанинг устувор ўсимлик сифатида ўрни сақлаб қолинди. Бунга ғалла экиш бўйича режа ҳам қўшилди. Бу,  аввало, пахта ва ғалла экиладиган майдонларнинг давлат томонидан белгиланиши, фермер хўжаликларига давлатга пахта ва ғалла топшириш бўйича режалар қўйилишида яққол намоён бўлди. Бу қишлоқ хўжалигининг тўлиқ бозор шароитларига ўтмагани ҳали иттифоқ давридан мерос қолган режалаштириш иқтисоди йўналишида ривожланаётганидан далолат эди.

Янги стратегия пахта яккаҳокимлигига чек қўядими?

Кейинги йилларда эса мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг мавжуд эмаслиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни кенг жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилаётганди. Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармоннинг имзоланиши эса бу борада янги даврни бошлаб берди. Унга кўра, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳага бозор механизмларини кенг жорий этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Янги стратегияга кўра, соҳада бозор тамойиллари кенг жорий этилади. Сифат назорати инфратузилмаси яхшиланади. Ўн йил мобайнида қишлоқ хўжалиги бошқарувида давлат иштироки камайтирилиб, пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда давлатнинг иштирокидан босқичма-босқич воз кечилади. Бу маҳсулотларни етиштирувчилар билан қабул қилувчилар ўртасида маҳсулот ҳажмига қараб шартнома тузиш тизими йўлга қўйилади. Яқин келажакда фермерларимиз  ернинг турига қараб нима экин экишни ўзи танлайдиган бўлади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, бугун мавжуд бўлган баъзи чалкашликларга чек қўйилади. Энг муҳими, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг ҳақиқий бозор нархини шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Режаларни амалга ошириш учун махсус Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилиниб, у ҳукумат ва парламентга доимий ҳисобот тақдим қилиб боради.

Мазкур фармон халқимиз юз йилдан ошиқроқ муддат кутган, юртимизда пахта яккаҳокимлигига батамом барҳам берувчи ҳуқуқий ҳужжат экани билан аҳамиятлидир. Бу борадаги ислоҳотлар аниқ режа асосида босқичма-босқич амалга оширилиши эса иқтисодиётга салбий таъсир этишининг олдини олади.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйган масъуллар жавобгарликка тортилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра, Хоразм, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятларида мажбурий меҳнатга йўл қўйган масъуллар жавобгарликка тортилди.

Хусусан, Хоразм вилояти Хива шаҳар Халқ таълими бўлими мудираси томонидан «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадали йиғиб олиш тўғрисида буйруқ чиқарилиб, бадал пули мактаб педагог-ходимларидан талаб этилгани сабаб, бўлим мудирасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига биноан, энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима тайинланган.

Худди шундай жарима Фарғона вилояти Фарғона тумани 22-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларини уларнинг розилигисиз мажбуран мактабдан ташқари ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жалб этгани учун мактаб директорига, Наманган вилояти Ер-мулк давлат кадастри Тўрақўрғон филиали ходимларини мажбуран пахта теримига жалб қилган филиал раҳбарига ҳамда Жиззах вилояти Пахтакор тумани Пенсия жамғармаси ходимларини пахта терими ишларига мажбуран жалб этгани учун жамғарма раҳбарига нисбатан ҳам қўлланилган.

Улуғбек ИБОДИНОВ

Манба: “Маҳалла” газетаси

Бошқа хабарлар