Гулга гул деб қарамасангиз…

51

Йигит эшик ортида беихтиёр тўхтаб қолди. Ичкаридан келаётган овоз уни гангитиб қўйган. На қўнғироқ тугмасини босишга жазм этар, на шарт бурилиб кетишга ўзида куч топарди. «Наҳотки, бу келинойим бўлса?» деган савол хаёлида гир айланарди. У оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган аёлни йўқлаб келган кишиси эканидан ўзича ижирғанар, қулоқларини кафти билан бекитишга уринаркан «Бирор кимса ўтиб қолмасин-да…», дея атрофга олазарак қараб ҳам қўярди. Шу пайт ичкаридан акасининг «Нима қил дейсан, ахир?!» деган ўтинчли овози эшитилди-ю, йигитнинг ҳафсаласи буткул пир бўлди. «Ҳали акам уйдамиди?» – у юрагига урилган оғриқли савол зарбидан ўзи сезиб-сезмайин қўлидаги янгасига аталган лолаларни ғижимлаганча йўлакка сочиб юборди.

Аёл – гулдек нозик хилқат. Унга таъриф берилганида, энг аввало, назокат, латофат, маъсума, оқила, мунис ва дилбар қалб соҳибаси, дея ардоқлайдилар. Жамики гўзалликлар унга қиёсланади. унинг борлигидан кўнгил ҳаловат топади. Юракларда ҳаётга муҳаббат, завқ-шавқ, ишонч ва умид уйғонади унинг жилмайиб боқувчи нигоҳлари қудратидан. Шу боис, уни фаришталарга менгзайдилар. Лекин, афсуски, айрим ҳолатлар аёллик ифорига парда тортаётган, уни ўзидан узоқлаштираётгандек туюлади. Хўш, қандайин важлар иффат маликаси саналган айрим хотин-қизларимизни чапани, қўрс, қўпол, жаҳлининг қулига айлангувчи касга айлантириб қўйяпти? Ёки у аёл сифатида ардоқланиб, аялмаяптими? Ҳаётнинг юки қадди каби нозик қалбини ҳам толиқтириб, ожизанинг яна бир ожизалиги, яъни аламларини бақир-чақирлар орқали ошкор этувчи кимса сифатида намоён этяптими?
– Илмий тадқиқотлар бугун аёлларимизнинг кўпчилигида ишбилармонлик, тадбиркорлик, лидерликка интилиш каби сифатлар бундан ўн-ўн беш йил олдингига нисбатан ортиб, айрим тоифа эркакларда эса сусайиб бораётганини кўрсатмоқда, – дейди психология фанлари номзоди Одинахон Отажонова. – Аёлларимиздаги бундай фазилатлар атрофдагилар томонидан, албатта, қувватланмоғи керак. Айни пайтда, айтиш жоизки, айрим эркакларимизнинг сусткаш, журъатсиз, оиладаги масъулиятни зиммасига олмасликдек ожизликлари аёлларимизнинг нозик олами дағаллашиб, хира торта боришига изн беряпти. Табиатан аёл эридан кўп нарса кутади. Фан тилида бу «Ижтимоий кутилмалар» дея аталади. Масалан, рўзғорнинг таъминоти, болаларга намуна бўлиб уларни бошқариш, керакли ўринларда муаммоларга ечим топиш, ҳамиша ўз мавқеини тута олиш… Эркакнинг бу каби масалалардаги сусткашлиги эса ўз-ўзидан оилада ўринларнинг алмашувига олиб келади. Бу ҳолат бора-бора феъл-атворга ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Яна бир кўриниш: аёл билан оилада ҳисоблашилмаслиги, ундан фақат хизматларнинггина талаб этилиши натижасида ичга йиллар давомида ютиб келинадиган изтироб­лар кун келиб турли кўринишлардаги норозилик «портлашлар»ида намоён бўлади. Айрим ўринларда эса аёлнинг ўз «мен»ига юқори баҳо бериши, ўзининг «таъминотчи» ёки «бошқарувчи» сифатида тута бош­лаши ҳам қарашлардаги қусурларнинг илдиз отишига замин яратади. Айниқса, аёлнинг турли муросасизликлар таъсиридаги аламидан мурғак болаларига заҳрини сочиб «фориғ» бўлишга ўрганиб қолиши фарзандлар қалбида онага нисбатан меҳр, ҳурмат каби хислатлар ўрнини қўрқув эгаллашига олиб келади.
Инсон қалби ана шундай сирли жумбоқ. Ҳаёт эса ҳар куни тотли неъматларини узатиб турувчи меҳрибон ҳам эмас. Демакки, ҳар биримиз машаққатлар, синовлар тўсиғини айланиб ўтолмаймиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл АЁЛ бўлиб мушкулотларни енгиб ўтиши жоизлигини унутмаслиги шарт. Кечаги ва бугунги кунимизнинг бекатларида бунга жуда кўп далиллар келтиришимиз мумкин. Назаримда, аёл ўз ифорини дунёга гўзал бир иштиёқ билан боқиб, яхшиликлар излаб асраб-авайламоғи лозим. Оддийгина бир кунимизнинг қадрига етишга уринайлик-а: беғубор тонг отди. Ана шу беғубор олам ичра бир неча сония сайр этиб қанчалар завқ-шавқ, ҳаётга муҳаббат топмоқлик мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, вужуд ва руҳият орасида кўз илғамас боғлиқликлар бор. Кўзгуга боқиб жилмайишга мойиллик сездингизми, мияда «Яшамоқ гўзал…» деган садо жаранглайди. Инсоннинг саломатлиги эса кўпроқ нима истеъмол қилаётганига эмас, асосан кўнгил хотиржамлигига дахлдор.

Шу ўринда адабиётларда ёзилган бир маълумотни таъкидламоқчиман. Айтишларича, кўз ёши стрессдан қутулишнинг ишончли усулидан бири экан. У билан чиқиб кетмаган дард-алам бош оғриғи ва артроз касаллигини, доимий асабийлашув ошқозон бузилишини, муттасил нимадандир хавфсирашда яшаш юрак уришининг издан чиқишини келтириб чиқаради. Демак, кулги, йиғи, табиат сайри дилдаги ғуборларни ювишнинг энг самарали воситаларидир. Бу билан сиз йиғлоқига айланинг ёки бўлар-бўлмасга жилмаяверинг, демоқчи эмасмиз. Аёлнинг киприги намланиб, балки мусиқа тинглаб ёки спортнинг қайсидир тури билан машғулликда кўнглини хуфтон қилаётган хираликлардан фориғ бўлиши тилига эрк бериб енгил тортишидан минг бора гўзаллигини таъкидламоқчимиз, холос!

Ўйлаб кўрганмисиз, хоббингиз борми? Йўқса, ўзингизда бу хоҳишни кашф этинг. Ана шу қизиқиш ҳамиша сизни руҳий жиҳатдан озиқлантириб туради. Айтишларича, ёш болаларни суйиб, эркалаш ҳам кишини дилдаги ғашликлардан халос айлаб, ёруғ хаёлларга ошно этаркан. Айниқса, ақлий меҳнат ҳоритганида, нималардир кўнгилни ғашлик тўрлари билан ўрай бошлаганида тўқиш, тикиш, пазандачилик пишир-куйдирлари каби машғулликлар ҳам инсоннинг тан-у жонига оро киради. Гап ўзингизни, ўкинчи аламли ўйларингизни енга олишингизда! Аёл бу каби уринишлари билан, аввало, ўзини аяйди, қолаверса, ундан андаза олиб улғаяётган қизларининг фазилатларига жило беради.
…Автобус тўхтади. Бекатга етиб келганини билмайин шошиб қолган йигит ўрнидан қўзғаларкан, қаршисида тик турган нозиккина қизни турткилаганча эшик томон ошиқади.
– Эҳтиёт бўлсангиз-чи? – қизнинг бу эътирози йигитнинг ўқрайиб ўгирилиши-ю, ҳақоратомуз сўзлари билан тўқнашади.
– Ахир мен қиз боламан-ку? Наҳотки…

Ҳа, у бу гал, балки ҳеч нарса демайин норизолигини ичига ютар, янаги сафар сўз айтмас. Лекин у атрофида шундайин муносабатларни кўраверса, бир куни ўзидан узоқлашади. Гулни гул, деб қарамасангиз сўлгани мисол, аёлни аёл деб билмаслик қалбидаги гўзал, нафис пардани юлиб ташлайди кун келиб!
Шундай. Аёлнинг ўзи каби унинг ифори ҳам жуда-жуда нозик. Демакки, унинг ифорини йўқотмаслик ташвишини фақат ўзигина эмас, атрофидагилар ҳам маълум маънода чекмоқлари керак.

Ойбуви ОЧИЛОВА

Бошқа хабарлар