Умр мўъжизаси – меҳнатда!

64

Инсон умрини мўъжизага қиёслаш мумкин. Қачонки, инсон бу дунёга келиб-кетишдан мақсадини ­англаса, ўз тақдирини киндик қони томган тупроқ билан чамбарчас боғласа, то юраги уриб, томирида қон айланиб турар экан, ўзини эл-юртдан қарздор, унга хизматкор билиб, халқнинг оғирини енгил қилишдан ҳаётига мазмун топиб яшаса, чиндан ҳам унинг умри мўъжизага айланади. Бундай умр соҳибига ҳавас қилишади, ундан ибрат олишга интилишади, ­эл-юрти эъзозлаб бошига кўтаради.

Ҳумойиддин Шарафуддинов ҳам ана шундай мўъжизавий умр соҳиби. У кишининг умр мундарижаси бунинг исботи. Сариосиё туманидаги «Телпакчилар» маҳалласида темирчи оиласида туғилган Ҳумойиддиннинг ўсмирлик ёши иккинчи жаҳон урушининг асоратлари халқнинг тинкасини қуритган оғир пайтларга тўғри келди. Унинг суяги далада меҳнатда қотди. У 1943-50 йилларда жамоа хўжалигида ишчи, табелчи, мактабда ўқитувчи, туман ёшлар қўмитасида бўлим бошлиғи, биринчи котиб, Шарғун шахта бошқармаси қошидаги билим юртининг директори, бошқарма партия қўмитаси котиби вазифаларида меҳнат қилди. Унга ишонч кўзи билан қараб, қандай масъулият юкланмасин, интилувчан, меҳнаткаш Ҳумойиддин барчасини уддаларди.
У ўн йил давомида тумандаги жамоа хўжаликларига ­раислик қилди. Ўзи меҳнатда тобланган одам меҳнат аҳлини қадрлайди. Ҳумойиддин Шарофуддиновнинг бу сифатини у кишини билганлар қайта-қайта эътироф этишади. Хусусан, ўша 1960-64 йилларда у киши марказий идорларнинг қаршилик­ларига қарамай, ҳафтанинг якшанба кунини дам олиш куни деб эълон қилган, бундан ташқари хўжалик маблағлари ҳисобидан туғуруқхона, 8 та болалар боғчаси, 2 та клуб, 4 та мактаб биноси қурдирган. Шуингдек, у хонадонларни табиий газ, электроэнергия, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларга асфальт ётқизиш ишларига бош-қош бўлган. Халқ манфаатига хизмат қилган бундай хайрли ишларни бажариш мустабид тузум даврида раҳбар инсондан катта маънавий жасорат, ўз юртига муҳаббат талаб қиларди. У кўп йиллар давомида депутат сифатида халққа хизмат қилди. Унинг кўплаб таклифлари қонун ижодкорлигида инобатга олинди.
Ҳумойиддин аканинг Ватанга ва халққа муҳаббати кейинчалик у киши вилоят даражасидаги масъул лавозимларда ишлаганида ҳам эл-юрт учун сидқидилдан хизмат қилишга тинимсиз ундаб турди. Биргина мисол: у киши 1970-75 йилларда Бойсун тумани ижроия қўмитаси раиси, собиқ партия қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлаган пайтларда ҳам ўзини элга дастёр билиб, кеча-кундуз халқ билан бирга унинг иссиқ-совуғини ҳис қилиб ишлаб, кўпдан-кўп савоб ишларга бош-қош бўлди. Жумладан, туманда чорвачиликнинг ривожланиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида оғир шароитларда булоқ сувларини бирлаштириб, сув қувурлари ўтказилиши, Бойсун-Шўрчи, Бойсун-Хўжабўлган-Сайроб автомобиль йўлларининг қайта қурилгани, туманда ғишт заводи ва мактаблар бунёд этилгани айнан у кишининг раҳбарлик даврларига тўғри келди.
Вилоятда қурилиб, ишга туширилган чорвачилик, паррандачилик мажмуалари, сут, гўшт-консерва корхоналари, янги ерларни ўзлаштириш, боғ-роғлар яратишда ҳам у кишининг ҳиссаси салмоқли бўлди. Тажрибали ва ташаббускор раҳбар 1991-98 йилларда Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси бўлиб ишлаган даврида ҳам бунёдкорлик ишларига катта эътибор қаратди. Бугунги кунда Термиз шаҳри жамолига кўрк қўшиб турган касаба уюшмалари кенгашининг янги биноси қурилиши, «Алпомиш» ўйингоҳининг таъмирланиши, шахсан ўзи Афғонистон Республикасига 18 марта бориб, афғон урушида ҳалок бўлган 98 нафар сурхондарёлик аскарларни номма-ном аниқлаб, уларнинг оила аъзоларига касаба уюшмаси ҳисобидан ҳомийлик ёрдами кўрсатилгани каби қатор эзгу тадбирлар ташаббускорлик меваларидир. Ҳумойиддин ака бу йилларда янги иш жойлари яратиш, меҳнаткашларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни кўнгилли дам олдириш борасида ҳам кўплаб эзгу ишларни амалга оширди.
Ҳумойиддин Шарафуддиновнинг кўксини бугун давлатимиз ва халқимиз ҳурматининг рамзи бўлган қатор мукофотлар, хусусан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор» унвони, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» ордени каби 10 дан ортиқ нишонлар безаб турибди.
Яқинда Ҳумойиддин Шарафуддинов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди.
Айни кезларда тўқсон ёшни қарши олаётган Ҳумойиддин ака ҳамиша ўзини халқ хизматига камарбаста ҳисоблайди. Эл оқсоқолини ҳозир ҳам бунёдкорлик меҳнати авж олаётган ­жабҳалар, таълим муассасаларида учратасиз.
– Умрнинг мўъжизаси ҳам, маъноси ҳам, ҳикмати ҳам – меҳнат, – дейди Ҳумойиддин бобо давралардаги қизғин суҳбатларда. – Зеро, меҳнат қилган инсоннинг қадри ҳамиша баланд.

Нортўра ЭРГАШЕВ

Бошқа хабарлар