Олти ойда ҳам олинмаган СЕРТИФИКАТ

668

ёхуд ҳужжатлар Тошкентдан Хоразмга қачон етиб келади?

Кўпчилик билади, ўқитувчилар малака тоифасига эга бўлиш учун аттестациядан ўтишади. Унда қайси тоифани қўлга киритса, шунга яраша устамага эга бўлишади.

Шу йилнинг 20-21 май кунлари Урганч шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли мактабларда меҳнат қилаётган 312 нафар ўқитувчи ҳам малака тоифаси олиш учун аттестациядан ўтказилган эди. Улар малака тоифасига эга бўлгани ҳақида аттестация комиссияси қарори асосида Урганч шаҳар халқ таълими бўлимининг 2019 йил 21 майдаги 68/ 1 сонли буйруғи имзоланган ва мактаб­ларга етказилган. Аммо орадан олти ой ўтганига қарамай ушбу буйруқ ижроси таъминланмасдан келинмоқда.
Бундан норози бўлган ўқитувчилар Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгашига масалани ҳал қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.

Биз ушбу мурожаатлар асосида шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддилари билан бир неча бор музокара олиб бордик. Мутасаддилар ўқитувчиларнинг малака тоифалари олгани ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан сертификатлар ҳали тақдим қилинмагани туфайли малака тоифалари учун устамалар тўланмаётганини билдиришди.
Маълумки, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог ­кадрларини аттестациядан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан амалга оширилади. Мазкур низомнинг 29-бандида «олий, биринчи ва иккинчи малака тоифали педагог кадрларга сертификатлар олиш учун Давлат инспекциясига буюртманома бериш ҳамда аттестациядан сўнг бир ой муддатда педагог ­кадрларни сертификатлар билан таъминлаш» вазифаси юклатилган. Ушбу низом талаб­лари қўпол равишда бузилишининг сабаблари нимада?
Ушбу муаммо фақат Урганч шаҳрига хос эмас, шекилли. Сабаби, шу йил 25 октябрь куни ижтимоий тармоқларда сертификатлар кечикиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахбороти эълон қилинди. Унда айрим ҳудудий халқ таълими бош­қармалари аттестация комиссиялари томонидан сертификатларга буюртмалар тақдим этилмагани сабабли сертификат ўз муддатида тарқатилмасдан қолаётгани кўрсатилган. Шу ҳам баҳонами? Али Валига, Вали Алига айб тўнкаши муаммонинг ечими эмас-ку?!
Қолаверса, шу куни халқ таълими вазирлигининг uzedu каналида ўқитувчиларнинг малака тоифа сертификатларига оид маълумот берилди. Унда «…тегишли аттестация комиссиялари томонидан талабгорга нисбатан қабул қилинган қарор асосида халқ таълими бошқарув идоралари ва мактаб директорлари томонидан малака тоифасини бериш юзасидан буйруқ қабул қилинади. Мазкур буйруқ қабул қилган кундан бошлаб, талабгор эга бўлган малака тоифасига мувофиқ ойлик маош тўланиб борилади. Яъни аттестация комиссияси томонидан тегишли малака тоифаси сертификати берилган кун эмас, балки малака тоифасини бериш тўғрисидаги буйруқ муҳим рол ўйнайди» деб кўрсатилган.
Биз Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мутахассислари билан маслаҳатлашганимизда ҳам буйруқ муҳим аҳамият касб этишини билдиришди.
Аммо айрим мутасаддилар, негадир, буни тан олишни исташмаяпти. «Сертификатлар етиб келиши билан тоифалар орасидаги фарқларни тўлаб берамиз» дейишдан нарига ўтишмаяпти.
Шу йилнинг 15 октябрига қадар 62 нафар ўқитувчининг сертификати етиб келган. Иккинчи тоифа олган 250 нафар ўқитувчининг сертификати ҳалигача йўқ.
Ўқитувчилар тоифалар учун устамаларни ўз вақтида олганида, бу маб­лағни қиш учун озиқ-овқат жамғариш, талаба фарзандларининг контракт тўловларини тўлаш ёки бошқа мақсадларга сарфлаши мумкин эди. Яна бир жиҳати, аттестациягача олий тоифа учун устама олиб келган, аттестациядан муваффақиятли ўтган олий тоифали ўқитувчилар ҳам шу сертификат можароси туфайли мутахассис тоифасида иш ҳақи олмоқда. Ўтган даврдаги инф­ляция даражасини, бозордаги нарх-наволар ўзгарганини инобатга олсак, бу ўқитувчилар учун ҳар томонлама зарарли бўлганини англаш қийин эмас. Бир вақтнинг ўзида 312 нафар ўқитувчига ўтган олти ой учун ойлик маош фарқларини тўлаш бюджет маблағларининг сарфланишида ҳам муаммолар келтириб чиқармайдими? ­Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу масалада муаммолар борлигини инобатга олсак, рақамлар янада залворли бўлиши аниқ.
Бугун ахборот асрида яшаяпмиз, деб такрорлашни яхши кўрамиз. Наҳотки, шундай даврда халқ таълими тизимида электрон тарзда сертификат беришни йўлга қўйишнинг иложи йўқ?
Шу йилнинг 1 июль санасида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига (2200 км. масофа) пиёда йўлга чиққан Соҳиб Ражабов Хоразмга 10 октябрда етиб келган эди. Гарчи, ноўринроқ ўхшатиш бўлса-да, шу ­даврда сертификатлар яёв олиб чиқилганда ҳам Тошкентдан Хоразмгача етиб келган бўлар эди.
Ишқилиб, мутасаддилар сансоларликни тезроқ бас қилиб, масалага тезроқ ижобий ечим топишсин. Ўқитувчиларимиз ҳалол меҳнати ва билими эвазига қўлга киритган тоифалари ҳузурини кўриб, Янги йилни хуш кайфиятда, тўкин дастурхон атрофида кутиб олишини истаймиз.

Сафаргул БЕРДИЕВА,
Таълим, фан ва маданият
ходимлари касаба уюшмаси
Урганч шаҳар кенгаши раиси

Бошқа хабарлар