«Ўзавтойўл» масъуллари қачон халқни эшитади?

723

Яқинда, аниқроғи жорий йилнинг 21 март куни бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фаоллари Чиноз туманидаги «Яллама» кўпригида таъмирлаш ишлари кетаётгани важидан транспорт оқими кучайиб, узоқ тирбандлик вужуд­­га келганини таассуф билан қайд этишган эди. Аслида, Наврўз байрами муносабати билан транспорт оқими кучайиши олдиндан маълум бўлгани ҳолда, тегишли мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб минг­лаб йўловчининг байрам кайфияти ҳам татимагани аниқ. Бунга ўзимиз шахсан гувоҳ бўлган ҳам эдик. Буни кимдир хизмат кўрсатиш маданияти етишмаслиги, яна кимдир ўз вазифасига совуққонлик деб атади, ўйлади ва ҳоказо.

Энг муҳими, мана, орадан икки ҳафта вақт ўтди. Ишлар суръати тезлашган, ойлар давомида аччиқ ичакдек чўзилиб келаётган бу «аср таъмири» поёнига етгандир, деган ўйда эдик.
Бугун Жиззахдан пойтахтга қайтаётиб, амин бўлдикки, йўловчиларнинг боя эътироф этганимиз барча гумонлари асосли бўлиб чиқди… Соат 10:30дан ошган пайтда Яллама қишлоғи кўпригида… БИР нафар йўлсоз ишлаётганини кўрдик.
Дарҳақиқат, мана буни халқнинг эътирозларига «мардона» жавоб деса бўлади. Биз Корея­­ми, Сингапурми деган давлатларнинг соҳа мутасаддилари бирор соат электр ўчиб қолса, бирор сабаб билан поезд белгиланган вақтидан кечикса, бутун бошли халқидан кечирим сўрашларини кўриб, бу ҳолатни эртакдай қабул қиламиз. Алалхусус, бундай халққа яқинлик бизнинг мутасаддиларга етиб келиши учун яна неча йиллар керак бўлар экан?..
Дарҳақиқат, Сирдарё вилоятининг катта Ўзбек тракти йўлидаги бир кўпригида кетаётган «оламшумул кўприк таъмири» ишида ҳатто ўша бир одам ҳам йўқ.
Хўш, ўша катта Ўзбек тракти деб номлайдиганимиз Тошкент – Жиззах йўлидаги қишки мавсумда пайдо бўлган таъмирга муҳтож минглаб ўйдим-чуқурлар бу тезликда нечанчи йилда таъмирланиб бўлар экан?
«Ўзавтойўл» деган ташкилот ҳам ўз фаолиятига хизмат кўрсатиш маданияти деган тушунчани киритиш ҳақида ўйлаб кўриш вақти келмадими?
Умуман, йўл қурилиш ҳақида гап кетса, ҳамманинг наздида бу соҳада «гап кўп» экани дарров бош мавзуга айланади. Бунисига гувоҳлик беролмасмиз, аммо жамиятда одамларга қулоқ солиш тамойили давлат раҳбари томонидан бош планга чиқарилган пайтда, ҳеч қурса, масалаларга қараш ракурсини қайта кўриб чиқишса ёмон бўлмасди, деган фикрдамиз.

Сирли СИНЧКОВ