Ўзбек «Чой»и энг яхшилар қаторида

409

Шу йилнинг 14-25 май кунлари Франция­­да бўлиб ўтган 72-халқаро Канн кинофестивали ўз ниҳоясига етди. Фестиваль натижалари эълон қилинди. Ғолиблар сафида бизникилар ҳам бор.

Канн халқаро кинофестивали доирасидаги «ENTRE 2 Marches» қисқа метражли фильмлар фестивалида ўзбекистонлик кинорежиссёр Шокир Холиқовнинг «Чой» фильми «Гран при»га сазовор бўлди.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Респуб­лика кинопрокат маркази» 72-халқаро Канн кинофестивали доирасида бўлиб ўтадиган «Marce du Film» кинобозорида ўз стендини очди ва унда 50 та турли жанрдаги – бадиий, ҳужжатли ҳамда анимацион фильмларни дунё кино тадбиркорлари эътиборига тақдим этди. Қўшма кино лойиҳаларни амалга ошириш масаласида келишувларга эришилди.
Энди «Чой» ҳақида:
Режиссёр фильмни 26 дақиқадан ошмаган, француз тилидаги субтитри мавжуд, ногиронлар ҳақидаги фильмлар қабул қилинган танловга интернет орқали онлайн топширган. Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Бразилия, Россия, АҚШ, Македония каби мамлакатларда бўлиб ўтган қисқа метражли фильмлар халқаро фестивалларида ҳам совриндорликни қўлга киритган «Чой» уч минг нафар томошабин йиғилган саройда намойиш этилган.
Эътироф этишимиз жоизки, кино дунёсидаги энг нуфузли кинофестивалнинг нуфузли соврини қўлга киритилгани ўзбек киносида катта ҳодиса бўлди.
Дарвоқе, «Канн-2019» нинг энг асосий соврини – «Олтин пальма» япроғи «Паразитлар» картинаси учун кореялик кинорежиссёр Пона Жун Хога топширилди. Албатта, у дунё кино олами учун янги ном. У биринчи марта ана шундай нуфузли мукофотни қўлга киритди.
Биз ҳам ўзбек киноижодкорларига шундай ютуқларни тилаб қоламиз.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар