Нафлилик муҳимми ёки қиймат

344

Дунёнинг ҳамма давлатларида, жумладан, мамлакатимизда ҳам оммавий равишда товар ишлаб чиқарилади ва айирбошланади. Лекин товарнинг икки хил хусусиятга эгалиги ва бу хусусиятлар бозор иштирокчилари учун ўта муҳим эканини ҳамма ҳам тушунавермайди. Агар иқтисодий таълимот ва амалиётлар тарихига назар ташласак, иқтисодий жараёнлар таҳлилига бир томонлама ёндашиш, товарнинг икки хил хусусиятга эга эканини билмаслик турли даврларда чалкашлик ва ноаниқликларга ҳам олиб келган.

Товарнинг икки томонлама хусусияти борлиги ҳозирги давр иқтисодиёт назарияси фанида тан олинган. Масалан, айрим дарс­лик ва ўқув қўлланмаларда товарнинг икки ёқлама хусусияти: қиймати ва нафлилиги борлиги, унинг сабаби эса, шу товарда гавдаланган инсон меҳнатининг аниқ ва абстракт тавсифидан келиб чиқиши кўрсатиб ўтилган. Лекин масалани ёритишда шундан нарига ўтилмаяпти, у давом эттирилиб, ривожлантирилмаяпти. Ҳолбуки, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир товар иқтисодиётнинг кичик бир ҳужайраси эканини, иқтисодий муносабатлар шу ҳужайралар ҳаракати билан боғлиқ экани кўпчилик тадқиқотчи олимларга маълум бўлса керак.
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ишлаб чиқарилган нарса: маҳсулот ёки хизмат ҳам товар бўлавермайди. Товар бўлиш учун, энг аввало, у бозорда сотиш ва ижтимоий эҳтиёжни қондириш учун ишлаб чиқарилиши, унда нафлилик ва қиймат мавжуд бўлиши шарт. Товарнинг қиймати ва нафлилигини фарқламаслик, уларни бир хил тушунча деб қараш ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан зарарли хулоса ва ҳаракатларга сабаб бўлади.
Агар биз барча товарларда қиймат ва нафлилик борлигини ва уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган (аниқ ва ­абстракт) меҳнатдаги ўзгаришларни билиб, инобатга оладиган бўлсак, ўз фаолиятимизда қийматни кўпайтиришга эмас, аксинча, уни камайтириб, нафлиликни оширишга кўпроқ ҳаракат қилган бўлар эдик. Бу нарсани тўғри ва аниқ тушуниш учун оддий бир мисол: дейлик, сабзавот экаётган хўжалик уни экиш, ўстириш, парваришлаш ва ниҳоят, йиғиб олиш учун сарф-харажат ва меҳнат қилади. Бу жараёнда маҳсулотнинг ҳажми ва сифатини ошириш билан бирга, харажатларни иложи борича камайтиришга ҳам ҳаракат қилинади. Бундай ҳаракат ҳар қандай турдаги маҳсулот, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар учун ҳам хосдир. Уларнинг ҳеч бири ўзларича харажатларни, яъни қийматни кўпайтиришга ҳаракат қилмайди. Аксинча, қийматни камайтириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг тури, миқдори ва сифатини, яъни нафлиликни оширишга ҳаракат қилади. Мақсад – бозорда сифатли ва индивидуал қиймати паст бўлган товарни бозор баҳосида сотиб, кўпроқ даромад олиш.
Қачонки, ҳамма ишлаб чиқараётган товарининг нафлилигини оширишга, қийматини эса пасайтиришга интилса, иқтисодиёт янада ривожланади. Бу борада фан, техника ва технологиялар ютуқларини амалиётда қўллаш улкан самара беради. Қайсики, ишлаб чиқарувчи янгиликларни ўз фаолиятида кенг қўлласа, у ўз товарининг нафлилигини ошириб, индивидуал қийматини пасайтиришга эришади. Бозорда эса бошқаларга нисбатан юқори фойда олади.
Шуни таъкидлаш жоизки, иқтисодий дастурларни, режаларни белгилашда, барча даражадаги хўжаликлар, тармоқлар, ҳудудлар фаолиятини баҳолашда шундай сифат кўрсаткичларини топиб қўллаш лозимки, улар юқори нафлиликка хизмат қилсин. Шундай замонавий кўрсаткич ва механизмлар бўлиши ва ишлаши лозимки, улар ҳозирги давр талабларига тўлиқ жавоб бериб, ҳақиқий ўсишни ифодаласин, харажатларни, меҳнат ва моддий ресурсларни тежашга хизмат қилсин.
Лекин ҳозирги реал амалиётда эътибор берилаётган асосий кўрсаткичлар қиймат кўрсаткичлари бўлиб, унда (қийматни) оширишга интилиш тенденцияси мавжудлиги яққол кўзга ташланади. Товар қиймати ва нафлилигининг қай бирини кўпайтиришни тўғри англамаслик зиддиятли, тескари ҳаракат қилишга сабаб бўлади. Ҳозирги вақтда кўпгина мамлакатларда, жумладан, бизда ҳам нафлиликни эмас, қийматни кўпайтиришга кўпроқ эътибор берилмоқда. Чунки, турли йўллар билан қиймат ҳажмини, қўшилган қийматни, қўшимча қийматни кўпайтиришга интилиш бунга ёрқин мисол бўла олади.
Назаримизда, иқтисодий кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва қўллашда оқибатни ўйламасдан масалага бир томонлама ёндашилиб, товар ва маҳсулотларнинг нафлилигини эмас, уларнинг қийматини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Аммо қийматни кўпайтириш билан ҳеч кимнинг қорни тўқ, усти бут бўлиб қолмайди. Нафлилик бўлмаса, қиймат мавжуд бўлмайди. Чунки, нафи бўлмаган товарнинг қиймати, яъни унга сарфланган меҳнат ва моддий сарфлар қадрсизланиб, ҳеч кимга керак бўлмайди, бозор ҳам уни тан олмайди. Бундай тескари ҳолат иқтисодиёт тараққиётига йўл очмайди, аксинча, унга тўсиқ бўлиши мумкин.
Афсуски, меҳнат унумдорлигини оширишга фан-техника ютуқларини жорий қилиш, энергия ва хом ашё, турли материалларнинг арзон, самарали, янги турларидан фойдаланиш, маҳсулотнинг ҳажми ва турини кўпайтириш, сифатини ошириш, таннарх ва қийматини пасайтириш, меҳнат, моддий, молиявий ресурс­ларни тежаш ва уларни рағбатлантириш борасида мукаммал иқтисодий кўрсаткичлар тизими, иқтисодий механизм ишлаб чиқилмаган. Бу жиҳатларга етарли эътибор берилмаётгани, қийматни оширишга тўсиқ бўлувчи дастаклар йўқлигидан айримлар фойдаланиб қолишга уринмоқда. Улар иложи борича нафлиликни камайтириш, яъни товарлар сифатини сохталаштириш, сифатсиз товар ишлаб чиқариш эвазига, маҳсулот қийматини ошириб, кўп фойда олишга интилмоқда. Масалан, дейлик, ерни чуқур ҳайдашга, сифатли ишлов беришга мўлжалланган трактор ишлаб чиқариш ўрнига, сифатсиз темир ва пўлатдан фойдаланилган, улар ҳам кам миқдорда ишлатилган, чидамсиз ва яроқсиз трактор яратилмоқда. Афсуски, ҳозирги замон талабларига жавоб бермайдиган турли товарларни ишлаб чиқариб, уларни мажбурий-маъмурий йўл билан истеъмолчига ўтказишга ҳаракат ҳам қилинмоқда. Таркибий қисмларни онгли равишда камайтириш ва уриб қолиш натижасида сох­­та товарлар: ўғитлар, турли хил хом­ ашё ва материаллар, дори-дармон ва бошқа кўпгина истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар пайдо бўлмоқда. Бундай товарларда шакл ва қиймат бор, лекин сифат, нафлилик йўқ, худди кўриниши чиройли-ю, мағзи йўқ мевага ўхшайди.
Бундай нохуш ҳолатлар иқтисодий жараёнларга ҳар томонлама чуқур ёндашиб, кенг таҳлилни тақозо этмоқда.
Товарнинг нафлилиги унинг кишилар учун нафли эканлиги, муайян наф келтира олиши орқали намоён бўлади. У шахсий истеъмол буюми ёки ишлаб чиқариш воситаси сифатида кишиларнинг бирон бир нарсага бўлган эҳтиёжини қондиради. Нафлиликнинг ошиши уч кўринишда – товарнинг миқдори, сифати ва турининг кўпайишида намоён бўлади.
Маълумки, замон, давр ўзгариши билан ижтимоий талаб ўзгариб боради. Нафлилик ҳам шунга мос равишда ўзгариб бориши табиий. Хом ашёлар товар бўлиши учун уларга маълум меҳнат сарфланган, бозор талабига мослашган бўлиши зарур. Шунга кўра, товар маҳсулотдан фарқланади. Товар нафлилиги қийматни ўзида олиб юрувчи моддий асосдир. Нафлилик бўлмаса, қиймат ҳам бўлмайди, нафсиз товарга қилинган меҳнат ва бошқа беҳуда сарфлар ҳисобга олинмайди. Товарнинг натурал-буюм ва ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари ана шундан келиб чиқади.
Иқтисодиёт назарияси фанида ижтимоий фойдали меҳнат ва ижтимоий зарурий меҳнат деган тушунчалар бор. Ижтимоий фойдали меҳнат бу меҳнатнинг бирон бир фойдали шаклда сарфланишини билдиради. Ижтимоий зарурий меҳнат эса, унинг ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас, фақат ижтимоий-зарурий миқдорда сарфланишини билдиради. Сифатсиз ва талабдан ошиқча ишлаб чиқарилган товарнинг нафлилиги ҳеч кимга керак бўлмаганидек, унга сарфланган меҳнат ҳам кераксиз, ортиқча сарфланган меҳнат ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳаммамизга ўта оддий ва содда бўлиб кўринган товарнинг икки хил хусусиятини, улардаги ўзгариш­ларни таҳлил қилиб, товар қийматини пасайтириб, нафлигини оширишга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу йўл билан мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига янада кенг йўл очиш мумкин.

Шерқул ШОДМОНОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисод фанлари доктори, профессор