Фирдавсийни ўзбекча сўзлатган аллома

2019

Бадиий ва ғоявий салмоғи билан дунё аҳлини ҳайратга солган «Шоҳнома»ни барча форсийзабон халқлар ўзларининг ишончли тарихи ва бебаҳо қадрияти сифатида қадрлайдилар. Фирдавсийнинг салкам ўттиз йиллик ижодий меҳнати самараси бўлган ушбу муҳташам асар таниқли шарқшунос олим ва мутаржим ­Шоислом Шомуҳамедов саъй-ҳаракати билан ўзбек тилига ўгирилган. «Шоҳнома» таржимаси жуда катта меҳнат ва вақт талаб этишини инобатга олган олим бу ишга Жуманиёз Жабборов, Назармат ва Ҳамид Ғуломни ҳам жалб этган. Натижада шоҳ асар уч жилдлик китоб ҳолида ўзбек китобхонлари қўлига етиб борди.

Шоислом Шомуҳамедов Умар Хайёмдек буюк дарғани ҳам ўзбек тилида бийрон сўзлатган. Асли эронлик бўлган файласуф, шоир, мунажжим, математик ва табиб Умар Хайём қаламига мансуб форсий рубоийлар она тилимизда ўз оҳорини тўла сақлаган:
Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси – жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи – гавҳари ҳам биз.
Буюк шоир рубоийлари Шоислом Шомуҳамедов таржимасида ўзбек китобхонлари қўлига етиб борди ва тўп­лам сифатида 12 марта қайта нашр этилди. Таржимон бу муваффиқият сирини Хайёмнинг бадиий маҳорати, рубоийларнинг мазмунан чуқур, ғоявий жиҳатдан теран, шак­лан содда, равон ва ҳаммабоплиги, таржимада аслиятнинг ана шу хусусиятларини асрашга уринилгани билан изоҳлайди.
Шоислом Шомуҳамедов рубоийларни арузда эмас, бармоқ вазнида таржима қилган. Ўз даврида буни аслиятдан узоқлашиш ва рубоий талабларини бузиш, дея таъна-маломат қилувчилар ҳам бўлган. Рубоийларни аруз вазнида таржима қилиб, олим таржималарини йўққа чиқармоқчи ҳам бўлишган. Бироқ арузда қилинган таржималардан кўра бармоқ вазнидаги таржималар халқ кўнглидан жой олди.
Таниқли адабиётшунос Омонулла Мадаев устоз ҳақидаги хотираларида шундай ёзади: «Ғафур Ғуломнинг уйларига бориб, ўз таржималарини ўқиб берганларида, академик шоиримиз 300 га яқин рубоийнинг биронтасини форсий матндан текширмаган эканлар. Шоислом ака ўзбекча рубоийни ўқиган заҳоти Ғафур ака ёддан форсийни ўқишга тушар эканлар. Ҳар бир сўз моҳиятини, маъносини изоҳлар, таржимоннинг ютуғини ёки камчилигини шу заҳоти қайд этар эканлар».
Шоислом Шомуҳамедов бадиий ижод билан ҳам фаол шуғулланган. «Вақт», «Рубоийлар» «Гулбоғ», «Гулбоғ сайри», «Одам борки», «Гулбоғ насими», «Дурдоналар» номи остида шеър, ибратомуз ҳикоятлари ва рубоийлардан иборат китоб­лари чоп этилган. «Гулбоғ насими» ҳикоялар тўплами Саъдийнинг «Гулистон» ва Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон» асарларидан илҳомланиб ёзилган.
Эрон ҳукумати томонидан таъсис этилган халқаро Фирдавсий мукофоти собиқ иттифоқ бўйича фақат иккита олимга насиб этган, шулардан бири Шоислом Шомуҳамедовдир.
Бу йил Шоислом Шомуҳамедов таваллудига 100 йил тўлади. 1921 йил 16 апрель куни Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган олим 5 ёшида отасидан айрилган. Ҳарбий билим юртини тамомлагач, урушнинг дастлабки кунларида фронтнинг олдинги сафларида жанг қилган, оғир ярадор бўлгач, Термиз чегара заставасига бошлиқ сифатида юборилган. 1947 йили Тошкент давлат шарқшунослик институтининг «Эрон-афғон филологияси» факультетига ўқишга кириб, илмий изланиш­ларга бел боғлаган. Талабалик йилларида волидаси ўтган асрнинг 30-йилларида юритилган сиёсат сабаб ҳовлига кўмилган катта хумни кавлаб, ичидаги бебаҳо хазина – отаси томонидан яширилган ноёб китобларни беради. Олим умри давомида китобларга ошно бўлди, китоб сотиб олишни ва уларни мутолаа қилишни ўзига одат қилди. Шарқшунослик институти Тошкент давлат университетидан (ҳозирги ЎзМУ) ажраб чиққан пайтда зиё маскани ҳисобланган кутубхона бўм-бўш эканини кўрган олим олти мингдан ортиқ китобини талабалар ўқиши учун кутубхонага совға қилади.
Олимнинг кўп йиллик меҳнат фаолияти олий ўқув даргоҳларида, ихтисос­лашган кенгаш ва таҳририятларда кечди, юзлаб шогирдлар етиштирди.
Шоислом Шомуҳамедов Ўзбекистон давлат нашриётининг Шарқ халқлари адабиёти бўлимини бошқарган йиллар давомида Шарқ адабиётининг юзлаб намуналари, жумладан, «Минг бир кеча» эртаклари (8 жилдда), Робиндранатҳ Тҳокурнинг етти томли куллиёти, 200 жилдли «Жаҳон адабиёти кутубхонаси» сериясидаги ноёб асарларни таржима ва нашр қилиш ишларига бош-қош бўлди.
Фидойи олим Эрон сафарига борганда хотира дафтарига шундай фикрлар ёзган экан: «Мен ўзбек китобхонларини Рудакийнинг тоғ ҳавосидай мусаффо шеърлари, Умар Хайёмнинг ҳар қандай ҳорғинликни бирдан оладиган рубоийлари, Ҳофизнинг жўшқин юрак алангаси ўйнаб турган ғазаллари, ҳаёт тажрибасидан камолотга етган донишманд Саъдийнинг ҳикмат тўла мисралари, хуллас, форс-тожик сўз хазинасига турли-туман жило бериб турган ҳамма жавоҳирларидан баҳраманд этгим, уларни дунёга кўз-кўз қилгим, бу ажойиб гулзорнинг хушбўй исини элимга етказгим келади».
Жаҳон бадиияти дурдоналарини тадқиқ ва таржима қилиш, халқимиз орасида кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларда Шоислом Шомуҳамедов яратган мактаб ва у етиштирган шогирдларнинг хизматлари катта. Юбилей тадбирлари орқали ёш авлодни олимнинг ибратли ҳаёт йўли билан таништириш, муборак номини хотирлаш, асарларини қайта нашр қилиш маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлади, деган умиддамиз.