Экранга мутеъ нигоҳлар…

4689

80 ёшни қоралаган онам бемалол игнага ип ўтказаётганини кузатиб турган қизалоғим «эна, шу жимитдек игна тешигини қандай кўряпсиз», дея ҳайратланди. Энасининг «бизнинг ёшлик давримизда телефон у ёқда турсин, ҳатто телевизор ҳам бўлмаган», дея лўнда қилиб берган жавобини қизим ё тушунди ё тушунмади, билмадим. Аммо бу сўзлар кичкинам ўйнаб ўтирган телефонни қўлчасидан тортиб олишимга туртки бўлди.

Бугун ота-онаси доимий иш билан банд болаларнинг асосий овунчоғи телефон ва гаджетлардаги қизиқарли мультфильм ва ўйинлар бўлиб қолди. Узлуксиз равишда митти экранга термулган боланинг кўриш қобилияти пасайиб, таъбир жоиз бўлса, секин-аста сўна бошлашини ким билмайди, дейсиз? Оқибатда боламиз мактаб ёшига етмаёқ кўзойнакка эҳтиёж сезади.
Яқинда ота-оналар телеграм гуруҳимизга бир она томонидан қуйидагича хабар ташланди: «…Бугун қизим Диёра мактабга бора олмайди. Сабаби, кўзи қаттиқ оғриб қолди. Кеча врач кўригидан ўтказгандик, телефон умуман ўйнамасин, телевизор кўрмасин, китоб ўқимай турсин, деди…»
Эндигина иккинчи синфда ўқийдиган қизалоқнинг кўриш қобилияти мана шундай оғир аҳволдалигидан анг­лашиладики, унинг бу ҳолати йиллар давомида экранларга мутеълик асоратидан бошқа нарса эмас.
Юқоридаги сабаблар туфайли ёш болалар орасида орттирилган кўз касалликлари бугун, афсуслар бўлсинким, кенг илдиз отиб бормоқда. Аммо бу касалликка юзаки қараб, ёш бола – битта даволанса, ўтиб кетади, дея бепарво юрганлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Кошки эди шундай бўлса!
«Фейсбук» тармоғида болалар кўз касалликларини даволовчи бир клиниканинг реклама тариқасидаги эълонига кўзим тушиб, баттар ўйга толдим. Қарангки, бу эълон остига кўплаб ота-оналар изоҳ қолдиришган. Уларнинг аксарияти клиниканинг қаерда жойлашгани, хизмат кўрсатиш нархлари, қайси пайтда врач кўригига ёзилиши мумкинлиги, фарзандининг кўриш қобилияти кутилмаганда пасайиб қолгани, бошқа вилоятларда ҳам бу клиниканинг филиаллари борми-йўқлигини сўраб, «бир дунё» фикрлар қолдиришганидан ҳам англаш қийинмаски, бу ҳолат биз катталар учун бир ишора.
Ўзингиз ўйланг, фарзанд ўстирсангиз-у, кексая бошлаганингизда у кўзингизга нур бўлишнинг ўрнига сиз унинг қўлидан тутиб юрсангиз, бундан-да ортиқ фожиа борми?
Ҳеч эътибор қилганмисиз, бугун уйингизга ота-онаси билан меҳмон бўлиб келган болалар фарзандларингиз билан танишиш, дўстлашиш ўрнига, ўзлари билан олиб келган планшет ёки телефонларига термулиб, «ҳиссиз роботлар»дек бир бурчакда жимгина ўтиришади. Аксига олиб, сизнинг болангизга ҳам кичик меҳмоннинг заррача қизиғи йўқ. Боиси, унинг ҳам қўлида «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» бор. У ўша «чироқ»дан дўст топади, ўша «чироқ» ичидаги «дев»нинг «каромат»ларига маҳлиё бўлиб, олам-жаҳонни унутади.
Гоҳида кичкинтойларнинг бир-бири билан ўйнашиб, уйни бошига кўтариб шовқин солишини қўмсайдиган бўлиб қолаётганимизни ичингиздан ҳис қилиб, сесканиб кетасан киши. Сув қуйгандек жимжит уйингизга разм солиб, шовқин-суронни авжига чиқараётган кичкинтойларни эмас, уйларнинг бурчак-бурчагига тиқилиб олган, ҳис-туйғудан мосуво кичкина роботчаларни кўриб, яна қандай хаёлларга бориши мумкин киши?
Сиз бу ҳолга қандай фикр билдирасиз?

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»