Сочингизга эрта «қиров» қўнмоқда(ми?)

3402

Қизиқ, ҳозирда 35-40 ёшга кирмаган опа-сингилларимизнинг сочларига оқ тушганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Мутахассисларнинг айтишича, нафақат аёллар орасида, балки ёшлар ва эркаклар орасида ҳам соч тўкилиши ва оқариши анчайин кўп учрайди.
Бунинг сабаблари нимада? Сочни тўғри парвариш қилиш учун нималарга аҳамият бериш керак?

Ушбу саволларга жавоб олиш учун Тошкент тиббиёт академияси дерматовенерология кафедраси ассистенти, трихолог шифокор

Муниса ЖЎРАЕВАга­
мурожаат қилдик.

– Мунисахон, аввало, газетхонга тушунарли бўлиши учун трихолог шифокорлар ҳақида маълумот берсангиз…
– Трихологлар соч муаммоларини ўрганувчи мутахассислардир. Улар соч ва бош териси хасталикларини аниқлаш, даволаш ва олдини олиш билан шуғулланади. Сочлар оқариши ва тўкилиши, соч экишдан тортиб, унинг илдизларига оид касалликларни ҳам ўрганади. Бош териси ва сочни тўғри парвариш­лаш бўйича тавсиялар бериб, муолажа қилади.
– Мавзу юзасидан савол: соч тўкилиши ва оқариши нафақат эркаклар ва аёллар ўртасида 6 ёшдан ошган болаларда ҳам тез-тез учрамоқда экан. Бу хавотирли эмасми?
– Албатта, хавотирли. Чунки фанда 45 ёшда ҳам сочга оқ тушиши барвақт ҳисобланади. Муаммо сабабларига келсак, яшаш тарзи, овқатланиш тартиби, ­кимёвий воситаларнинг таъсири, сочни қуритиш асбобларидан нотўғри фойдаланиш ва организмдаги гормонал ўзгаришлар сочга жиддий таъсир кўрсатади. Соч оқариши ҳамда тўкилишини наслий ва орттирилган тарзда тоифаларга бўлиш мумкин. Наслий ҳолатда ота ёки онанинг сочларига эрта оқ тушса ёки 40 га кирмасдан тўкилса, фарзандларда ҳам бу ҳолат кузатилади. Аммо охирги пайтларда соч бўёқларидан тартибсиз фойдаланиш, уларни кўп ва нотўғри қўллаш оқибатида аёлларда соч оқариши кўпайди. Ҳар қандай кимёвий бўёқ сочга зарарли, аммо баъзилар бўёқдан фойдаланишда уни 45-50 дақиқа ёки ундан ҳам кўп вақт сочда ушлаб туради. Натижада соч илдизлари кимёвий шикастланиб, тўкила бошлайди. Ёки тез-тез шундай ҳолат давом этавергач, соч илдизларидаги меланоцит моддаси камайиб, сочга оқ тушади. Кимёвий бўёқларни бош­­да 30 дақиқадан зиёд ёки унинг қадоғида кўрсатилган вақтдан ортиқ ушлаб турмаслик керак. Ҳатто, «Табиий хна» маҳсулоти деб кўрсатилган бўёқлар таркибида ҳам табиий моддалар жуда камлигини инобатга олиш лозим. Иккинчидан, соч қуритиш учун ишлатадиган мосламаларни сочдан 25-30 см. узоқликда тутиб қўллаш зарур. Акс ҳолда, улар ҳам соч илдизларини қуритиб юборади ва мунтазам нотўғри фойдаланиш оқибатида сочлар жиддий зарар кўради. Агар соч қуритиш мосламаларига тўғри ёндашилса, уларнинг ҳеч қандай зарари йўқ ва ёш болаларнинг сочини қуритишда ҳам фойдаланиш мумкин.
– Соч тўкилиши ва оқаришининг бошқа сабаблари ҳам борми?
– Ушбу хасталикнинг навбатдаги сабаблари, бу нотўғри овқатланиш ва ҳаёт тарзидир. Нотўғри овқатланишга тез тайёр бўлувчи фаст-фудлар, ­кимёвий қўшимчалар кўп ишлатилган яримтайёр маҳсулотлар, шунингдек, ҳозирги даврда таомномамиз ниҳоятда бойиб кетгани ҳисобига ширинликларни, аччиқ-чучук­ларни аралаш ва тартибсиз истеъмол қилиш киради. Айрим эркаклар вақтида ухламайди, кундузи ухлаб ёки ишлаб, кечаси бедор бўлади. Вақтида ухламаслик ёки етарли миқдорда уйқуга тўймаслик, кучли стресслар ҳам соч оқариши ва тўкилишини тезлаштиради. Шу боис биз келган беморларимизнинг, аввало, ҳаёт тарзини ўрганамиз, организмдаги моддалар алмашинуви, ошқозон фаолиятини текширамиз. Чунки ошқозондаги яллиғланишлар ҳам сочга керакли витаминларнинг сўрилмаслигига, натижада организмда уларнинг тақчиллигига олиб келади. Кўпинча болалардаги соч оқаришининг сабаби қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ бўлиб чиқади. Шу боис, сочига оқ тушган болаларни, аввало, эндокринолог маслаҳати ва текширувига олиб боришни тавсия қиламиз. Кўпинча қалқонсимон без фаолиятини яхшиловчи муолажалардан сўнг болаларда соч оқариши ва тўкилиши тўхтайди.

Қизиқарли маълумот:
Олимларнинг аниқлашича, инсонда ўртача
100 000дан 150 000 гача соч толалари мавжуд. Кунига эса ўртача 50-150 тагача соч тўкилади. Шунингдек, сочлар суяк илигидан кейин танадаги иккинчи энг тез ўсадиган тўқима ҳисобланиб, намлигида қуруқлигидагига нисбатан 30 фоизга кўпроқ чўзилиши мумкин. Бир дона соч толасининг умри тахминан беш йилни ташкил этади. Битта соч толаси бир хил диаметрдаги мис симидан бақувватроқ.

– Сочни тўғри парвариш қилиш бўйича қандай маслаҳатлар берасиз?
– Аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, спорт билан шуғулланиш ва тўғри овқатланиш керак. А, В, С, Д витаминларига бой маҳсулотлар истеъмол қилиш соч учун фойдали. Қолаверса, соч қуритаётганда уни бошга яқин тутиб, соч илдизларини қуритиб юбормаслик, ёғланишнинг олдини олиш учун бошни ҳафтада уч марта ёки ҳар куни ювишдан тийилиш лозим. Аслида, бошни ҳафтасига бир ёки икки марта ювиш меъёр ҳисобланади. Ундан ортиғи соч илдизларининг ёғланишини рағбатлантириб, баттар бош териси кўп ёғ ажратишга ўтади. Ундан кўра, онда-сонда сочни гуруч сувида ювиб туриш унинг ёғланишини камайтиришга ёрдам беради.
Ҳар куни ётишдан олдин сочларни ёғочли массаж тароқда тарашни одатга айлантириш бошда қон айланишининг яхшиланишига таъсир қилади. Шунда сочлар яхши нафас олиб, мустаҳкамланади. Бундан ташқари, соч бўёқларидан икки ойда ёки бир ойда бир мартадан ортиқ фойдаланмаслик, имкон қадар таркибида аммиак, пероксид ёки парафенилендиамин (ППД) бўлмаган органик соч бўёқларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ўз вақтида дам олиш, узун ҳўл сочларни тарамаслик ва ҳар доим пастдан тепага тарашга одатланиш керак. Шунда сочларнинг синиши камроқ бўлади. Стресс­лардан ўзни асраш лозим. Чунки у соч толаларимизгача ўз муҳрини қолдиради. Агар юқоридагиларнинг барчасига амал қилинса-ю, соч тўкилаётган ёки оқараётган бўлса, албатта қалқонсимон без фаолияти ва гормонал ўзгариш­ларни аниқлаш учун лаборатор текширувлардан ўтиш лозим. Чунки баъзида кичик муолажалар ҳам сочларга соғлом ҳаёт тақдим этишга қодирлигини унутмаслик керак.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

«Ishonch» мухбири
Зебо НАМОЗОВА
суҳбатлашди