ЁМОН ОДАТ КИМНИКИ?

468

 

Тамаки тутатиб кетаётган инсонларни ҳар қадамда учратасиз. Улар орасида ёшлар кўпайиб бораётгани айниқса ачинарли. Тамаки, нафақат чўнтакнинг, балки соғлиқнинг ҳам кушандасидир. К.Абдурасулов мақоласи орқали шифокор маслаҳатлари билан танишгач, кашандаликнинг оқибатлари ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўласиз.

 

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

 

КАШАНДАЛИК ИЛЛАТ

Кашандалик ўта зарарли одат эканини, у турли касалликларга олиб келиши мумкинлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Биламизу, лекин чекаверамиз. Айримлар “ёмон одат-меники, бошқаларга нима таъсири бор”, деб ўйлайдилар. Одатда, чекувчиларга “Нима учун чекасан?”, деб савол берадилар. Аслида «Чекишни қандай қилиб ўргангансан, чека бошлашингга нима сабаб бўлган?» мазумнида савол берилса, ҳар бир чекувчида мазкур жараён алоҳида ўрганиб, таҳлил қилинса, бу иллатнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқишимиз мумкин бўлар эди.

Битта тамаки чекувчи бир йилда бир неча кишини, энг ачинарлиси ҳали балоғат ёшига етмаган болакайларни чекишга ўргатар экан?

Чека бошлаган бола, биринчи навбатда, ўз ота – онасини, ўқитувчиси ва яқин кишиларини алдашни ҳам бошлайди, яъни чека туриб, чекмайман, деб ишонтиради. Ҳеч қачон бола чекувчи бўлиб туғилмайди, аммо нофаол чекишга юқори даражадаги мойиллик билан дунёга келиши мумкин. Чунки, ҳомиладор аёл тамаки чекиши билан сониялардан кейин никотин қон орқали бола миясига етиб боради. Агар ҳомиладор аёл ёнида унинг турмуш ўртоғи чекса, узоғи билан 30 сониядан кейин никотин бола миясига етиб боради. Ушбу жараён мунтазам давом этадиган бўлса, биринчидан, она қорнида энди шаклланаётган бола организмига салбий таъсир этади, иккинчидан, бундай болаларда чекишга бўлган мойиллик жуда юқори даражада бўлади.

Никотин организмга тушганидан кейин қон томирларини торайтиради, натижада кишининг хотираси сусаяди. Нафас йўлларида яллиғланиш пайдо бўлиб, йўтал қийнайди, нафас олиш қийинлашади, иштаҳа бўғилади ва бошқа инсон саломатлиги учун салбий аломатлар пайдо бўлади.

 

Чекиш қандай касалликларга олиб келади?

Энг аввало чекиш ўпкани зарарлайди. Ўпканинг анчагина қисми шикастланади. Кислород етишмаслиги ва бронхлардаги шамоллаш сабабли кучли, узоқ давом этувчи йўтал безовта қилади. Натижада оғир ва сурункали ўпка касаллиги ривожланади. Шунингдек,  кашандалик рак касаллигини ҳам олиб келиши олимлар томонидан аниқланган. Тамаки тутунида уч мингдан зиёд кимёвий моддалар бор, буйрак ва сийдик пуфаги ракига ҳам олиб келади.

Нима учун чекишни ташлаш лозим?

Чунки бу сизнинг умрингизни узайтиради. Чекиш инсон умрини 15-20 йилга қисқартиради. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 5 миллион аҳоли чекиш сабабли эрта ўлим топар экан.

 

Чекишни қандай ташлаш мумкин?

– тайёрланиш – тамакини рад этиш кунини белгиланг. Уй, иш ва  машинангиздаги барча тамаки, кулдон ва ёндирғичлардан халос бўлинг. Энг аввало уйда чекишни тўхтатишдан бошланг;

– ўзингиздаги  ҳулқ-атвор ва муомалангизни ўзгартиринг- иложи борича тамаки чекиш хиссини жиловлай билинг. Турли юмушлар билан ўзингизни чалғитинг:

-биринчи кунлари одатий кун тартибингизни ўзгартиринг: масалан, ишга бошқа йўл билан боринг, нонушта, тушлик вақти ва жойини ўзгартиринг;

– спиртли ичимликлар ичманг. Агарда сиз қахва ичишга одатланган бўлсангиз, уни чой билан алмаштиринг;

– стрессни камайтириш учун иссиқ ванна қабул қилинг, жисмонан фаол бўлинг, китоб мутолаа қилинг;

– ҳисоблаб кўринг, чекишни ташлаганингиздан бери қанча пул тежаб қолдингиз ва ўша пулга оилангизга ва фарзандларингизга керакли бўлган нарсаларни харид қилинг. Ана шунда уларнинг совғадан қувонган юзларини кўриб, чекишга бўлган иштиёқингиз янада пасайиши мумкин.

– тамакига тобелик шу тариқа ҳам сизни тарк этмаса шифокор билан маслаҳатлашинг;

– қийинчилик ва узилишларга қарши курашинг. Агарда узилиш кузатилса, руҳингизни туширманг, бундай узилишлар дастлабки 3 ой ичида бўлиши мумкин. Ёдда тутинг, кўпчилик инсонлар чекишни бир неча маротаба ташлашга ҳаракат қилганларида ўз мақсадларига эришишган. Астойдил интилиш ва ирода мустаҳкамлиги уларга ёрдам берган. Сиз ҳам асло бўшаша кўрманг, албатта бунинг уддасидан чиқа оласиз.

Яқинлар кўмагига ишонинг. Текширувлар шуни кўрсатадики, яқинлар кўмаги катта ёрдам беради. Оила аъзоларингиз, дўст-биродарларингиз, ҳамкасбларингизга чекишни ташламоқчилигингизни айтинг ва ниятингиз қаттиқ эканлигини ва сизни қўллашларини сўранг. Улар сизни олдингизда чекмаслигини илтимос қилинг.

Чекишни ташлаш осон эмас, аммо сиз албатта бунинг уддасидан чиқасиз.

К.Абдурасулов,

Қўшкўпир туман саломатлик маркази шифокори

2019 йил май

«Xorazm tibbiyoti-Медицина Хорезма» газетаси

Бошқа хабарлар