Ҳамон ҳужжатларда йўқдир шарифи…

1500

«Ishonch» газетасининг 2020 йил 8 августдаги № 76 (4361) сонида «Ҳаётда бор, ҳужжатда йўқ одамлар» сарлавҳаси билан мақола чоп этилган эди. Унда Хўжайли тумани, «Қулаб» ОФЙ, Найман ­қишлоғида истиқомат қилаётган 72 ёшли Ж.Шомуродов ва ­«Мустақиллик» ОФЙ, Орқасурим қишлоғида яшаётган 68 ёшли Ж.Ортиқовларнинг шу кунгача пенсия ололмаётгани борасида сўз юритилган. Ушбу мақоладан сўнг Ички ишлар вазирлиги томонидан Жалғасбой Ортиқовга ёрдам кўрсатилиб, фуқаролиги тикланди ва давлат пенсияси тайинланди.

Лекин Жуманиёз Шомуродов ҳали-ҳануз турли идораларда сарсон бўлмоқда. Сабаби, газетада мақола эълон қилингач, туман ФҲДЁ бўлими судга керакли барча ҳужжатларни тайёрлаб берган бўлса-да, Нукус шаҳар туманлараро фуқаролик суди ярим йилдан буён ишни кўриб чиқмаяпти. Судья М.Адилова ишни кўриб чиқишни шунчалар пайсалга соляптики, Ж.Шомуродов ва гувоҳ сифатида борган кекса инсонлар унинг муомаласидан қаттиқ норози бўлмоқда.
Суд идорасига сўров хати билан чиқишини илтимос қилиб, «Қулаб» сайлов округидан Қорақалпоғистон ­Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати бўлиб сайланган Д.Исақуловга мурожаат этилди. Депутатга ёзилган ариза Хўжайли тумани ҳокимлиги котибиятида рўйхатга олинди ва қабулхонага юборилди.
– Депутат номига ёзган аризамизга бир ойдан ортиқ вақт ичида ҳам жавоб келмади, – ­дейди отахоннинг келини Тилеўхан Таирова. – Қабулхона ходимига қўнғироқ қилиб, «отамга ёрдам бериш имкониятингиз борми?» деб сўрасам, «бу одам тирикми?» дея саволимга савол билан жавоб қайтаришди.
Оғир меҳнатда тоб­ланган, ёз-у қиш жамоа хўжалигининг «ўтини» билан кириб, «кули» билан чиққан, чарчаганида ҳам ҳазил-мутойи­бани канда қилмайдиган Жуманиёз оғанинг бугун шодлигидан асар ҳам қолмаган. 13 йил давомида идорама-идора юриб толиққан, кексалик чоғида ҳаёт гаштини суриш ўрнига «отангга бор, онангга бор» қабилида иш кўраётган амалдорлар ўртасида «копток» бўлаётганидан нуроний хафа.
Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати эъзоз топиб, улуғланаётган Ватанимизда Жуманиёз Шомуродов каби оддий ва соддадил қиш­лоқ одамининг ҳам имтиёзлардан фойдаланиш ва пенсия олиш ҳуқуқи тикланадими? Ўн уч йилдан буён давом этаётган югур-­югурлар барҳам топиб, оғанинг ҳаётида ҳам ҳаловатли ҳамда фаровон кунлар бошланишига ишонамиз.

Ортиқбой МАМУТОВ,
журналист