Ўрмон хўжалиги ҳисоботи: ўтган давр мобайнида 428 гектар янги ўрмонзорлар барпо этилган

312

       Ўрмон хўжалиги давлат кўмитаси, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, хусусий сектор  ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти эксперт мутахассислари иштирокида «Ўзбекистонда тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш» лойиҳасининг Мувофиқлаштирувчи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди.

Лойиҳа Глобал Экологик Фонди томонидан молиялаштирилиб, унинг доирасида ўрмонларни барқарор бошқаришда маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларни ўрмон фаолиятига кенг жалб қилиш, фуқароларга маслаҳат бериш, янги инновациялар, ресурс тежамкор услубларни олиб кириш ва самарадорликни ошириш, ўрмонлар муҳофазаси, деградацияга учраган ҳудудларни яхшилаш тадбирлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ишчи-ходимлар учун зарур қўлланма ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш, уларнинг саъйи-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Олим Ҳакимов.

Йиғилишда  ўрмон хўжаликларида амалга оширилган ишлар тўғрисида хўжалик вакиллари, лойиҳа координатори ва техник ходимларнинг ҳисоботлари, шунингдек, 2021 йил учун иш режа ва бюджет масалалари тўғрисида маърузалар тингланди.

Ҳисобот даврида лойиҳа экспертлари томонидан ишлаб чиқилган гендер стратегияси ва гендер ҳаракат режаси муҳокамаси вазирлик ва идораларнинг 70дан ортиқ мутахассислари иштирокида онлайн Конференцияда кўриб чиқилди. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Республиканинг доривор ўсимлик саноатини ривожлантириш билан шуғулланувчи 100 дан ортиқ олимлар иштирокида «Доривор ва зиравор ўсимликларни ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусида илмий-амалий Конференция ташкил этилди. Наманган, Сирдарё ва Қашқадарё вилояти лойиҳа майдонларида ўрмон ходимларининг илмий-амалий салоҳиятини ошириш мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Шу жумладан, яйловларни ривожлантириш бўйича семинарлар ташкил этилиб, намойиш участкалари ҳолатини дастлабки таҳлил қилиш бўйича дала кузатувлари олиб борилди.      Лойиҳа фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш учун Деҳқонобод ва Поп ўрмон хўжаликларида 20 тонналик сув сақлаш иншоотлари ўрнатилди. Келгусида улар ўрмон кўчатхоналарини сув билан таъминлаш ва 2 минг гектарга яқин  янги ўрмонзорлар барпо қилишга хизмат қилади.

Тадбирда айтилишича, ўтган давр мобайнида 120 гектар ҳимоя ўрмон тизимлари, 10 гектардан ортиқ ёқилғи ёғоч плантациялари, 428 гектар янги ўрмонзорлар барпо қилинди. Бундан ташқари, маҳаллалар ва кўчалардаги турар-жойларни кўкаламзорлаштириш учун 20 мингга яқин манзарали, ўтинбоп кўчатлар экилди. Маҳаллий аҳолига ўз хонодонларида экиш учун 50 минг дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари тарқатилган. Кенг кўламли акцияда 5 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Йиғилишда лойиҳа фаолиятига юқори баҳо берилиб, ўрмон хўжалиги бошқарувининг замонавий усулларини жорий этиш режалари ва тизимга гендер ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳақида тўхталиб ўтилди.

                                                                                                Б.Муртазаева