ЯНГИ УЙЛАРДАГИ ЭСКИ НАҒМАЛАР

354

Юртимизда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Айни пайтда ушбу уй-жойларда яшовчи фуқаролар учун қулай шароит яратиш, уй-жой фондини батартиб сақлаш ва ундан тўғри фойдаланишни таъминлашга масъул бўлган хусусий уй-жой ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида қатор ­ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бироқ ҳали ҳам аҳоли эътирози ва норозилигини келтириб чиқараётган айрим муаммолар йўқ эмас. Айниқса, куз-қиш мавсумида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти билан боғлиқ камчиликлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпаяди. Кимдир уйи исимаслигидан шикоят қилса, бошқаси томдан чакка ўтгани ёки газ босими пасайиб кетганидан норози.

Кўпчилик эътиборидан четда қолиб келаётган яна бир муаммо борки, у худди касаллик тарқатувчи вирус сингари барча кўп қавватли уйларга бирдек “юқмоқда”. Сиз ҳам кузатгансиз: бир нечта квартира жойлашган умумий эшик (подъезд)га кираверишда уй олди-сотдиси, таъмирлаш, ўқув курси, ишга қабул қилиш билан боғлиқ хизмат турлари ифодаланган эълонлар, сон-саноқсиз телефон рақамлари… Эшикка сиғмаганлари эса подьезд деворига “хол” бўлиб тушган. Қоғоз қайта-қайта ёпиштирилганидан эшик ва девор рангини фарқлаш қийин. Айримларида эса, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига хизмат кўрсатувчи сантехник муҳри ва турли ранглардаги севги изҳори битилган ёзувларни кўрасиз.

— Эшикка ёпиштирилган эълон қоғозларини кўриб, кўнглим хижил бўлади, — дейди Навоий шаҳри, Ғалаба шоҳ кўчаси, 125-уй, 84-квартирада яшовчи меҳнат фахрийси Сайёра ая Исмоилова.  — Баъзида келган меҳмонлардан ҳам уяламан. Ахир, остонангиз шу аҳволдалигини кўрган одамнинг кўнг­лидан нелар ўтмайди, дейсиз. Эълон қоғозларни бугун олиб ташласак, эртасига янгиси пайдо бўлади. Махсус тахтача бор, маиший хизмат кўрсатиш фирмалари, тадбиркорлар шунга эълон осишади. Аммо айрим кимсалар айнан  эшикка эълон ёпиштиришга одатланган. Шаҳарларимиз чиройига чирой қўшган замонавий ва муҳташам кўп қаватли турар жой биноларини кўрган кишининг ҳаваси келади. Уларнинг ички ва ташқи қисмида яратилаётган шароит ҳам шунга яраша. Лекин янги турар жой мажмуасига  яқинлашар экансиз, эшик олди манзарасини кўриб, дилингиз хира тортади. Эшиклар аллақачон “безалган”. Қирқим-қирқим қоғоз, сон-саноқсиз телефон рақамлари. Бу не томоша? Янги уйда эски “нағма”ми? Уй олди-сотдиси билан тирикчилик қилаётган даллолларнинг ўрганган кўнгли ўртанса, начора?

— Эшикка эълон осиб, “тирикчилик”  қилиш “тадбиркорлар” учун камчиқим усул бўлиб қолди. Қоғозда битта эълонни 100 та  чиқариш арзон тушади, — дейди Андижон шаҳри Қўшариқ даҳаси 46-уй, 9 хонадонда яшовчи Муталибжон Мухторов. — Камроқ  ҳаражат қилиб, кўпроқ даромад олишнинг нимаси ёмон? Аҳоли гавжум жойда арзон рекламанинг бозори ҳам чаққон. Қирқиб олишга қулай телефон рақамига ким билсин, бир кунда нечта киши сим қоқаркин?  Афсуски, даромад топувчиларни масаланинг иккинчи жиҳати — эшик ва деворга  ёпиштирилган қоғоз парчаси  хунук  кўриниши умуман қизиқтирмайди.

Савол туғилади: бу ҳолатни ким назорат қилиши керак? Битта эшикдан умумий тарзда фойдаланаётган яшовчиларми ёки уй бошлиғи (домком)ми?  Қачонгача эшик ва деворлар текин реклама воситасига айланади? Бунинг олдини олса бўладими?

Охирги йилларда қурилаётган кўп қаватли турар жой мажмуаларининг кириш-чиқиш йўлагига видеокузатув камераси ўрнатилган бўлиб, кириб-чиқувчилар тасвирга олинади. Демак, фақат ўз манфаатини ўйлаб, иш тутаётган сохта “тадбиркор”, яъни даллолларни аниқлаш мумкин. Уларни тартибга чақириш, керак бўлса, танбеҳ бериш ёки етказилган зарарни ундириш ҳар бир  уй бошлиғининг масъулиятли вазифасидир. Баъзан “Фалон” даҳада профилактик тадбир  ўтказилаётгани боис, сув, газ  вақтинча ўчирилади. Қувурни таъмирлаш учун ҳар бир квартирадан шунча миқдорда пул йиғилмоқда”, қабилидаги эълонларга ҳам кўзингиз тушади. Демак, айрим уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ёки уй бошлиғи (домком) ҳам юқорида таъкидлаб ўтилган “тадбиркор”лардан асло қолишмайди.

Аслида, аҳолидан ҳар ой сув, газ, электр қуввати, иссиқлик тизими циркуляцияси учун ундириладиган мажбурий тўловнинг маълум фоизи эълонлардан “азият чеккан” эшик ва деворни, йўлак зинасини қайта таъмирлашга йўналтирилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди?

— Кўп қаватли уйлар эшик пештоқида гоҳо “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган ёзувни ўқиб қоламан, — дейди Тошкент шаҳри Яшнобод тумани,  Авиасозлар кўчаси, 24 уйда исти­қомат қилувчи фуқаро Фозил Жабборов. — Хонадонлар битта бинода жойлашган бўлса-да, бир-биридан ажралиб туради. Уларни кўриб, қайси қавватда ким яшашини билишингиз мумкин. Бироқ, умумий эшикка назар соларканман, қоғоз ёпиштирилавериб қат-қат бўлиб кетган хунук манзарани кўраман. Бир банка бўёқ олишга “эҳтиёж”  сезмаган инсонлар ўз уйини қандай асрар экан? Биз 2015 йилда ўз кириш йўлагимизни ҳар бир уйдан  пул йиғиб, таъмирлатдик. Эшик ёнига эълон учун махсус тахта ўрнатганимиз боис, ҳалигача қоғоз парчаси шунга ёпиштирилади. Таъмирлатганимиз учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бизга коммунал хизмат тури учун зарурий маблағни чегириб берди.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг  2017 йил  24 апрелда эълон қилган “2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу жараённи тизимлаштириш, қатъий тартибга солиш мақсадини кўзлайди.  Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги олдида бир-биридан муҳим вазифалар турибди. Вазирликнинг кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини чуқур ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишга киришиши зарур. Текин эълон ёпиштириш битта масала. Бундан ташқари, турар жой биносининг олди ва орқа тарафидги кўчаларни асфальтлаш, йўлак зинасини таъмирлаш, занглаган трубаларни алмаштириш, том устини вақти-вақти билан дезинфекция қилиш сингари долзарб вазифалар ҳам ўз ечимини кутмоқда.

 

Элмурод АБИРОВ,

“Nuroniy” мухбири.

Манба: Nuroniy” газетаси

Бошқа хабарлар