Ёғ тақчиллиги бўлмайди!

2537

Миш-мишлар ва ҳақиқий ҳолатга холис назар

«Бозорда ёғнинг нархи ошибди…». «Ёғ тақчил маҳсулотга айланибди…» Аввал ижтимоий тармоқларни «гуллатган» ушбу мавзулар кейинчалик кўпчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлди.
Хўш, аслида ҳолат қандай?

Бу миш-мишлар ҳақиқатга қанчалик яқин? Вазият ростдан ҳам, ваҳима қилинаётганидекми? Тез фурсатларда расталарда ёғ тақчиллиги юзага келиши ёки унинг нархи яна кўтарилиши ҳақидаги миш-миш­лар асослими?

Тақчиллик борми?

Йўқ. Биз пойтахтдаги қатор бозорларни кўриб, амин бўлдикки, муболаға бўлса ҳам, бозорда туртиниб кетсангиз, мой устига тушасиз.

Гап нимада?

Шундаки, бозорлар ва савдо расталарида сўнгги икки-уч ойда писта ёғининг нархи анчагина ошган. Шу сабаб одамлар уни махсус савдо расталаридан харид қила бошлади. Сабаби, уларда арзонлаштирилган нархда – 14 500 сўм («Махсус ярмарка»), 17000-18000 сўмдан («Элга хизмат») сотилмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги ҳолат айни шу савдо расталаридаги нав­батлардан келиб чиққан.

Нарх нега ўсмоқда?

Тадбиркорларнинг айтишига қараганда, айни вақтда нарх-наво чайқовчилар ёки монополистлар ҳисобига кўтарилмаяпти. Бутун дунё­­да шундай бўлмоқда.
«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси баёнотига кўра, Ўзбекистон хом­ашёни асосан, Россиядан импорт қилади. Россия пандемия даврида ҳосил кам йиғилгани сабабли ўз бозорини ҳимоя қилиш мақсадида хомашё экспортига тақиқлар қўйган. Нарх-навонинг ошиб боришига асосий сабаб шу. Қолаверса, писта ёғи биржа савдоларига чиқарилмайди. Маълум бўлишича, пахта ёғидан фарқли равишда уни биржа савдолари орқали сотишни ишлаб чиқарувчилар ўзи ҳал қилади. Пахта ёғи биржа савдоларида 11-12 минг сўм атрофида сотилмоқда ва бозорда ушбу ёғнинг нархи барқарор.

Аслида нима бўлган эди?

Ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган «Авиасозлар» деҳқон бозоридамиз… Ўша сотувчи билан учрашдик. Унинг айтишича, тилга олинган кун шериги йўқлиги учун бир ўзи мижозларга хизмат кўрсатган. Натижада улгурмай қолган. Бесабр мижозлар сабаб ўша ҳолат келиб чиққан…

Одамлар нима дейди?

– Шу атрофда истиқомат қилганим боис, доим шу ердан бозорлик қиламан, – дейди Миршомил Қурамбоев. – Аксарият ҳолларда маҳсулотларни ярмаркадан харид қиламан. Чунки ­бошқа жойга нисбатан арзон. Масалан, ўсимлик ёғи ҳам…
– Ҳамма бозорда «Элга хизмат» шохобчалари ишлаб турибди, – дейди харидор Шокарим Шоумаров. – Шахсан ўзим маҳсулотларни ҳар доим улардан сотиб оламан. Анча арзон. Шунчалик шароит яратиб берилгани учун шукр қилишимиз керак, аслида.
Фуқаро ҳақ гапни айтди. Чиндан-да ҳукумат аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашни ўз зиммасига олгани боис, бозорларда махсус расталар ташкил этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари бошқа жойларга нисбатан арзон сотилмоқда.

Хавотирга ўрин йўқ

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг кўпчилик ёғнинг нархи яна ошар экан-да, деган ўйга борди. Тўғри, буни мутасаддилар ҳам инкор қилмаяпти. Аммо ортиқча хавотирга ҳожат йўқ.
– Шаҳар аҳолисини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 2020 йил бошида бозорларда махсус ярмаркалар ташкил қилинди, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бозорлар ва савдо комплекслари департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Тўлаганов. – Ушбу махсус расталарни маҳсулотлар билан тадбиркорлар таъминлайди. Айни вақтда пойтахт бозорларидаги ярмаркаларда сотилаётган арзонлаштирилган ёғ маҳсулотларини тендерда ғолиб бўлган «Demesne trade» МЧЖ етказиб бермоқда.
Ушбу МЧЖ билан тузилган шартномага кўра, шу вақтгача 900 минг литр ўсимлик ёғи етказилиб, аҳолига 14 минг 500 сўмдан сотилмоқда.
Мутасаддининг қўшимча қилишича, ярмаркалар фаолияти узлуксиз давом этади. Мазкур расталардан аҳоли зарур озиқ-овқат маҳсулотини бемалол арзон нархларда харид қилиши мумкин.

Хулоса…

Харидор Шаҳноза Асалхўжаеванинг фикрича, аҳоли мақбул нархдаги маҳсулотларни сотиб олиши учун махсус ярмаркаларда савдо қилинадиган озиқ-овқат миқдорини янада кўпайтириш ва сифатини ошириш керак. Чунки улардаги мавжуд маҳсулот эҳтиёжни қоплаш учун етарли эмас.
Биз эса бир кунлик кузатиш­ларимиздан шунга амин бўлдикки, махсус ярмаркалар-у «Элга хизмат» шохобчаларида ҳам, бошқа савдо нуқталарида ҳам ёғ маҳсулотлари етарлича бор. Хоҳ у ўсимлик ёғи бўлсин, хоҳ пахта ёғи.
Нарх-наво ошишига келганда эса… Инсон омили, бош­қача айтганда, баъзиларнинг нафси ҳакалак отгани ҳам таъсир ўтказмаяптими, деган оғриқли савол кўнглимиздан ўтди… Ўйлаймизки, бу ваҳимадан бошқа нарса эмас.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»