Яна қанча кутиш мумкин?

1443

2020 йил август ойида Оқдарё туманидаги «Чорбоғ» МФЙга Келачи қиш­лоғида яшайдиган Ситора Худойбердиева 2 ёшга тўлмаган боласи учун нафақа сўраб мурожаат этади. Аммо МФЙ котибаси Лобар Булакова аризачининг ҳужжатларини «Қайнона ва қайнотангизнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани ҳам олиб келинг», дея қайтаради. Ситора билан ўша вақтда МФЙ идорасига бордик. МФЙ ­раиси Асолат Ҳаққулова билан шикоятчи С.Худойбердиевани юзлаштирганимизда, раис котибасининг қилган иши учун узр сўради. Аризани қабул қилиб олишини, фақат ариза бланкаси котибасида эканини, у йиғилишга кетганини айтди.

Раиснинг ваъдасига ишониб, ортга қайтдик. Эртаси куни аёлнинг аризаси қабул қилинганини эшитдим. Бироқ орадан икки ой ўтса-да, аёлга нафақа берилмади.
Котиба Лобар Булаковадан «Ситоранинг бола нафақаси нима бўлди? Нима учун ҳанузгача бола нафақаси тайинланмади?» дея сўрадим.
«Биринчи марта С.Худойбердиева ҳужжат олиб келган вақтида у қайнона ва қайнотаси билан яшаётгани сабабли жами оилавий даромадлари ҳисобланган вақтда даромадлари кам таьминланган оилалар учун белгиланган мезондан ошганлиги сабаб ҳужжатлари рад этилиб, қайтарилган. Иккинчи марта Президентимизнинг кам таьминланган оилалар учун чиқарган янги фармони билан ҳужжатга қайнона ва қайнотасини киритмасдан, ҳужжатларни қабул қилганман. У вақтда Асолат Ҳаққулова раислик қиларди. С.Худойбердиева ҳужжат топширган ойнинг охирига келиб, раисликка Баҳодир Шарипов сайланди. Олдинги ариза эcки раиснинг номига ёзилгани сабабли ноябрь ­ойидан тайинловга қўйиш учун С.Худойбердиеваларникига ариза ёздиргани борганман. Ўша вақтда Ситорага ноябрь ойидан бошлаб нафақа тайинланишини айтганман. Ноябрь ойи учун тўлов рўйхатига киритмоқчи бўлиб турган вақтимизда 5 ноябрь куни туманда йиғилиш ўтказилди. Шу ойдан бошлаб маҳалла томонидан ҳеч қандай тайинлов бўлмайди дейишди. Энди тайинлов Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилади. Ҳужжатларни Пенсия жамғармаси базасига киритиб бўлганимиздан сўнг шу ойнинг охиригача телефон орқали жавоби фуқароларга етказилади» дея жавоб берди «Чорбоғ» маҳалласининг котибаси Лобар Булакова.
Шундан сўнг Оқдарё тумани Пенсия жамғармасининг ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот шўъба мудири Дилшод Асатуллаев билан телефон орқали боғланиб, вазиятни тушунтирдим.
«Аёлнинг турмуш ўртоғи соғлом. Олти ойгача С.Худойбердиеванинг турмуш ўртоғи ишсизлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидан турмуш ўртоғининг ишсизлиги ҳақидаги маълумотномани ва бошқа керакли ҳужжатларни С.Худойбердиева қайтадан маҳаллага топширади. Маҳалла бизга топширади. Биз реестрда қайд этамиз. Телефонига СМС юборамиз. Яъни, С.Худойбердиевага СМС юборганмиз», дея жавоб берди Дилшод Асатуллаев. С.Худойбердиева эса телефонига ҳеч қандай СМС келмаганини айтди.
Мен яна Пенсия жамғармасининг ходими ­Д.Асатуллаев билан телефон орқали боғландим.
«Қачонгача қоғозбозлик қилиб ўтирасизлар?» дея савол бердим унга. Телефон ўчди. У билан қайта боғланолмадим.
Наҳотки, бола нафақасини олиш шунчалик қийинлашиб кетган бўлса? Шунча вақтдан бери ҳал бўлмаётган бола нафақасини олиш учун яна қанча ҳужжат керак? Ҳужжатлар тайёр бўлса, яна қанча кутиш мумкин?

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист