«СОКИН МОМАҚАЛДИРОҚ» САДОСИ

2122

Тўсатдан қўнғироқ бўлиб қолди. Нотаниш овоз.
– Ёшулли, сиз Хуршид оғами?
– Шундай.
– Мен Хоразмдан сўзлаётирман. Бадиани ҳазатиб ўқидим. Мени ҳам тўртовлон улфатга қўшасизларми?
– Қандай бадиа? Қайси улфатга қўшилмоқчисиз?
– «Ishonch» газетинда чиққан бадиа. Абдусаид Кўчимов ёзган акан!
Куни кеча метрода дуч келган таниш­ларимдан бирининг мийиғида кулимсираб, «Зўр чиқибди! Мириқиб ўқидик!» деган луқмаси ёдимга тушди. Эътибор бермабман – нима зўр чиққан, нимани мириқиб ўқишибди? Абдусаид аканинг одатини биламан – зўр ёзади, топиб ёзади, ўхшатиб ёзади. У ҳолда, қайси улфатни назарда тутмоқда хоразмлик нотаниш қўнғироқ қилувчи?..
Абдусаид ака, бу миш-мишнинг барчасига Сиз сабабчисиз, вақтингиз борми-йўқми, мени қизиқтирмайди, бу ёғини синчиклаб ўқинг, чунки ҳар бир сўзингизга жавоб берасиз, жавоб!
Хуллас, бир қанча таниш-нотанишнинг ранго-ранг луқмалари аралаш мурожаатлар тугамади. Аён бўлишича, «Ishonch» газетасида Сизнинг «Сокин момақалдироқ» сарлавҳали бадиангиз эълон қилинган, уни катта-ю кичик қўлма-қўл қилиб олиб, ўқиб юрган экан.
«Ishonch»нинг ўша сонини излашга тушдим. Қани, топила қолса! Ўзи, ­кейинги йилларда бу газетанинг иши юришиб қолди – ўқувчилари орасида талаш. Не кўз билан кўрайки, ака Абдусаид, тўкилиб, нақ бир саҳифани тўлдириб, роса илҳомингиз жўшибди-да, ўзиям!
2
Бадиани бир ўқидим, икки ўқидим, ҳайратдан ёқамни тутдим: а бу, ҳамма сир-асрорни элга достон қилиб қўйибсиз-ку, ака! Бу нима қилганингиз? Кап-катта адиб, шоир бўлсангиз, замоннинг паст-баландида чиқиб-тушиб юришнинг хўб ҳадисини олган инсонсиз. Унда-мунда Юнусободдаги «Баҳор» миллий таомлар кошонасига бирровга пинҳона бориб туришимизни, дўст бор-душман бор деганларидек, хабар топганлар нима дейди? Бири Боғот, бири Ургут, бири Бекобод, яна бири Тошкентнинг ўғлони бўлмиш бу тўртовлон қайси кундуз-қайси тунда топишдиларинг, биқиниб олиб, нималарни гурунглашасанлар, деб шубҳа-гумонлар ёғдирса, ким деган одам бўламиз?
Жаббор Раззоқ оғамга-ку, гап йўқ. Икки қанотида тоғдай-тоғдай олтовлон ўғлони бўлган эркакка қуллуқ қилишдан тортинган номард. Шахсан мен у кишимга ҳавасим беҳад, инчунин, зинҳор сўзини икки қилмайман. Танти, мард, холис отахон, ҳожи бобом!
Лутфулла Кабиров ҳар сафар «экологик тоза»сидан опкелиши бор гап, бироқ, тотинмаган тақдиримизда ҳам, Жаббор оғам билан камина бу даврада ҳангамалашиб, Лутфулла аканинг «қўлбола»сини пайров қилиб, оғзимизнинг суви келиб ўтириш шаънимизга тўғри келмайди-ку, масаланинг бу ёғига ўзингиз дурустроқ важ топасиз, энди, ака.
Ўзи Лутфулла Боситович ҳақида алоҳида гаплашиб олмасак бўлмай қолди. Дам кун ора телефоннинг қулоғини қиздиради, дам сувга тушган тош­дек ер-у кўкдан топиб бўлмай қолади. Норвегияга бориб келдим, дейди. Финландиянинг пойтахтидан қайтдим, дей­ди. «Fасеbook»да пайдар-пай эълон қиладиган ҳажвияларини ўқийсизми? Перунинг Лимасидан Бразилиянинг ­Рио-де Жанейро шаҳрига учар чоғи жиндек фурсат бор экан, кўча айланибди. Тумонат томошабин йиғилибди: бир одамбашара маймун машина бош­қараётган эмиш! Бинойидай ҳайдар, барча йўл қоидаларига риоя қилар, фақат ўнг ёки чапга бурилишда чироқни ёқиш эсига келмасмиш. Ў, кучингдан, ўзимизнинг ҳамшаҳар ҳайдовчилардан кам жойи йўқ экан, маймунжоннинг!..
Дунё кезиб, топган гапини қаранг, Боситовичнинг, Абдусаид ака. Дубайга бориб, самолёт ҳайдадим, деганига ўласизми-куясизми?! Ҳой, оғайни, ёшинг бир жойга бориб, оёғингни ўйлашиб босадиган бир паллада самолёт ­бошқаришга бало борми?! Ўттиз йиллар бўлди, Прагада самолёт ҳайдаб, қовун туширганини унутган чоғи, дўстимиз? Кейинги ўтиришимизда бир ёдига солайлик, кўзлари чақнаб кетади. «У-у-у, – деб нола чекиб юборади. – Ишонмайсизлар, Тошкентга қўнди самолёт, трапда қуллуқ қилиб кутиб олишди, трапда-а! Оёғим ерга тегмай… Да вы что-о?.. Кейин… кейин, ҳай, майли, унутамиз у гапларни!» Илло, русчаниям қийворади-да, дўстимиз, Пушкиндан ўтказади!..
3
Абдусаид ака! Ҳар биримиз ҳар биримизга мурожаат усулимизни алоҳида тасвирлабсиз. Аҳён-аҳёнда Лутфулла Боситовични ўрис ўртоқларига тақлидан «Лу-ут» деб чақирмасам, асосан «Лутфулла ака» оғзимдан тушмайди. «Жаббор оға» дейман, Сизни ҳам отангиз қўйган исм билан тўкис айтишга уринаман. Исм-шариф ҳам майли-я, каминани жуда оширворибсиз, таърифламаган сўзингиз қолмабди. Фалончи, писмадончи, яна фалончи, яна аллаким. Аслида-чи, ака, ҳар қандай титул инсоннинг исмидан пастда, қуйида. Исм – буюк, исм ота-онамиз томонидан сиз-у бизга раво кўрилган насиба, тақдир, қисмат! Собиқ жаҳон чемпиони Роберт Фишерни биласиз, «Исмимнинг обрўсини пасайтиради» деган андишада «шахмат бўйича жаҳон чемпиони» деган мартабасини ёздирмас экан. Ана, қандай одамлар бор! Бизда эса титулни қанча санасангиз, одамнинг мартабаси шунча ошадигандек!
Шу мулоҳазалардан келиб чиқиб ҳам мен Сизнинг Ургутнинг бургутларидан эканингизни (ярим асрлик қадрдон бўла туриб, ёнгинасидан сувлар оқиб ётадиган она қишлоғингиздаги уйингизга бирон марта таклиф этмаганингизни!), миллий адабиётимизнинг атоқли адиби, шоири, эссенависи эканингизни, садоқатли дўст-ҳамроҳ эканингизни бетингизга солмаяпман, ахборот вазири мақомидаги раҳбар эканингизни пеш қилмаяпман. Бундан ортиқ садоқат бўлмас, ахир!
Дарвоқе, бир истиҳола шундаки, мақтов – жуда хавфли, ўта хатарли. «Мақтов – туҳмат, ҳатто ҳақорат» деган гап­ларни ўқиб қолдим, десангиз. Нега, дейсизми? Ҳамма разолат, иллатнинг дояси экан-да, баландпарвоз, ҳавойи мақтов! Яқинда, уч ой бўлмади, ўшандай балоларни бош­дан ўтказдим, ­бошдан ўтказган табиб, деганлари роса рост экан, ака.
Нима демоқчиман? Мақтов эшитаверган одам, ўша мақтов-алқашларнинг бари тўғри гап-чин гап деб ишониб қоларкан. Шайтоннинг найрангига гирифтор бўлганинг шу, ҳой банда, дейдиган мард йўқ. Тушунтиролдимми, Абдусаид ака? Хом сут ичганмиз-да, ҳаммамиз, гоҳида одам ўзини ўзи мақтагиси келиб қолади. Бир яйрайди, бир керилади, талтаяди, ялпаяди, ва шайтон чалғийди, шекилли, бирдан ҳушёр тортади. Бир тўртликнинг ўрни келди, ўқиб кўринг:
Аввало, ўзимдан-ўзим изладим,
Топгач, ўз-ўзимни «сиз»лаб,
«сиз»ладим.
Қарасам, талтайиб
кетгандайинман,
Шошма, деб ўзимни-­ўзим
«туз»ладим.
Қалай, зўрми? Тағин мени шоир бўлиб қолибди, деб хавотирга тушманг, тўртликни ўзингизнинг «Қор» номли китобингиздан сўзма-сўз кўчирдим.
Шу ўринда яна бир таклиф туғилди. Орамизда қолсин-у, хомроқ бўлса-да, бир гапни қулоғингизга шипшип қўйсам: мақтовга зўр берадиганларни туҳмат қилганликда айблаб, судга беришни қонунлаштириб қўйсак, зап иш бўларди-да! Маънавий зарар ундирилса, хушомадгўйлардан, дейман-да. А, лаббай, Абдусаид ака!
4
Бир замонлар «Фан ва турмуш» журнали таҳририяти ҳуж­расида ходимлик қилиб юрган кезларимизда дунё адабиётининг бир талай сара ижодкорлари асарларини ўқиб, «сув қилиб ичиб юборган»ликда, билағонликда айблабсиз, каминани. Бунга, бир чеккаси сизнинг болалик дўстингиз, ажойиб қаламкаш Рустам Обид айбдор. Ўша бизни йўлдан урган. Китобхонликдан бош кўтармасдик.
Сизнинг «Оқ каптарлар ороли» қиссангиз ҳақида бир замонлар ёзган мақоламни эслатибсиз. Хотирангизга қойилман, ака! Тўғри, ўша қиссангизни ўқиётиб, Суярқулга ачинганман, гўдаккина болакай катталарнинг орасидаги можароларга ўзича чора излаганига, ёлғизланганига ачинганман. Кўз олдимдан кетмай қолган, бола пақир. Тонмайман, шунинг учун ёзганман, мақолани. «Эл сув ичган дарёлар» китобингиздан жой олган бадиа­ларни ўқиб, ёнимизда яшаб ўтган, ҳаёт кечираётган мўътабар ижодкор инсонларни дурустроқ билмаслигимиздан афсус чекканман. Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Пирмат Шермуҳамедов, Маҳмуд Саъдий, Азим Суюн, Қозоқбой Йўлдош, Абдуғани Жуманинг ҳар бирлари билан салом-алик қилганмиз, суҳбатлашганмиз, ёзганларини ўқиганмиз, лекин… чуқурроқ билмаймиз: ҳаёт йўлини, шахсини, оиласини, феълини, армонларини… Тушуняпсизми, Абдусаид ака, билмаслигимни билиб қолганим сабабидан икки оғиз кўнгилдагиларни битганман, ўша китобингиз ҳақида.
Лекин чакки ижод қилаётганингиз йўқ: ҳикоялар, қиссалар ва бадиа­лар жамланган «Сайланма»нгиз чоп этилди, шеърларингизни оғушига олган «Қор», бадиалардан ташкил топган «Баҳор», қисса ва ҳикоялардан иборат «Бинафша» номли китобларингиз мухлисларингизга етиб борди, оғизга тушди, бир нарса дедимми?! Шеъриятимиз ШОИРИ Абдулла Ориповга бағиш­ланган «Мен шоирман, истасангиз шу…» кундалик-бадиангиздан 20 нусхасини маҳалламиздаги китобсеварларга қўлма-қўл тарқатганимни писанда ё миннат қилдимми? Абдусаид Кўчимов ундай адиб, Абдусаид Кўчимов бундай шоир, бадианависликда Андре Моруадан кам жойи йўқ деб наҳ урдимми?! Китобларнинг ҳар бири ўзгача дид-фаросат, ўзгача назокат ила безатилгани алоҳида таҳсинга лойиқ эканлигини матбуотда ноғора чалиб, фош қилдимми?! Сиз эса битта қўймай ёзибсиз-а…
5
Тўғри, дийдорлашув онларида адабиётдан сўз очилиши, баъзан баҳс қизғин тус олиши табиий. Ахир ҳаммамиз қалам кишиларимиз, ҳаётимизнинг мазмун-моҳияти ҳам қаламга, ижодга, китобга дахлдор. Лутфулла Кабиров модерн адабиёти, Кафка ва кўплаб ажнабий муаллифлар ижодидан баҳс қўзғаганидан ажабланмайман. Холис айтадиган бўлсак, Лутфулла Боситович тенгқурларимиз орасида биринчилардан бўлиб фалсафа илмидан фан номзоди бўлган, русча манбаларни бош­қаларимиздан бирмунча илгарироқ хатм қилиш имкони катта, бу борада унга ҳавас қилишимни яширмайман. «Лутфулланинг ичидаги олов-эҳтирос бутун бир маҳалла аҳлига етади» деб айтган гапингиз тўғри, лекин 70 ни урган жойида ҳам ҳаяжон алангасини сақлаб қолиш ҳар кимга насиб этавермайди, нима дедингиз, ака?
Лутфулла Боситовичнинг «Абдулла Қодирий модернсиз ҳам зўр ёзмаганми» деган саволига келсак. Мен 1984 йилда ёзган мақолаларимдан бирида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ида айни модерн тафаккурига хос лавҳалар борлигини исботлашга ҳаракат қилганман. Биргина мисол келтирсам, «Хўжа Маъоз» қабристони тас­вирида қўлланган онгости оқими на Жойс, на Фолкнер, на бошқасида бор! У кезлар, янглишмасам, Сиз собиқ «Тонг юлдузи», Лутфулла Кабиров «Пионер Востока» газеталарининг каттаконлари эдингиз, биз каби маҳмадона фақирларнинг мақоласини ўқишга фурсатингиз бўлмаган. Очиғи, сизлар билан қўл олишиш у ёқда турсин, ўйлашиброқ саломлашардик. Ҳозирги дориломон кунларга келибгина раддия-мактуб ёзишга журъат этиб турибмиз.
Хуллас, Ойбек, Одил Ёқубов ўз даврининг зўр адиблари, уларга тил теккизиш дуруст эмас, албатта, ахир, замон бошқа эди, мафкура қиличи тиғли эди. Лутфулла ака айтмоқчи, Кафка ўзбек тилига таржима қилингани билан ҳамма ёқ гуллаб кетмагани ҳам рост. ­­­­­Э, садағанг кетай, акажонлар, агар битта ёзувчи ёки битта-иккита асар таъсирида бир миллий адабиёт гуллаб-яшнаб кетадиган бўлса, ҳазрати Навоийдан сўнг ҳеч кимга қалам тутиш эҳтиёжи қолмасди. Бахтиқаро Кафка инсон қалбининг «гадойтопмас» пучмоқларида яшириниб ётган, унча-мунча банданинг ақл-­идроки етиб боролмайдиган сир-асрорларни, изтиробларни фош қилиб кетди. Жаб­бор оғам тўғри айтдилар, тушуниш қийин, ўқийман десанг, эсноқ тутади. Илло, унутмайлик, анг­лаш қийин бўлган руҳий изтироб­ларни осонлик билан ёзиб бўлмайди. Қийин ёзилган нарса қийин ўқилади. Гап шу ҳақда. Инсониятнинг руҳият уммонига ғаввос янглиғ шўнғишни истаган халқ, адабиёт ва қалам аҳли истаса, марҳамат, Кафкани, модернни, абсурдни ўқисин, улардан ўргансин, истамаса ҳам, ихтиёр ўзида.
6
Бешбармоқ ҳам кеп қолди. Мавзу буғи кўтарилиб турган лаганга кўчди. «Бай-бай»лаб ҳар ким ўз лаганини кавлаштиришга тушди. Ҳар сафар разм соламан – Сиз шўрванинг қайноқ жойи­дан мириқиб симирасиз, сўнг «Қани, олдиқми?» деганча санчқини хамирга босасиз. Гоҳ Жаббор оғам, гоҳ Сиз «Хамири сероброқ бўлсин!» деб огоҳлантирасизлар, хизматчи қизларни. Лутфулла ака қази парракларини лаганнинг қирғоғига сафлашга тушади. Янг­лишмасам, тахтадан йўнилган чўзинчоқ лаганларда сузиб келтириладиган бешбармоққа олиб бораман деганингизга бир йилдан ошди. Эслатсак, мийиғига кулиб қўя қоласиз, сир бой бермайсиз, тож­дор офатни баҳона қиласиз. Тахта-лаган бешбармоғини мақташда давом этасиз. Асли, Сиздан ўрганиш керакка ўхшаб кетади дипломатликни, Абдусаид ака. Вазминсиз, эҳтиросга берилмайсиз, ҳушёрсиз, зийраксиз, зуккосиз, синчковсиз, кузатувчансиз, хулоса чиқаришга шошилмайсиз, лабларингизни қимтиб, жиддий тортганингизда ҳам ичингизда бир мутойиба шай тургани сезилади. Шундай дамларда неча минг йиллик хитой стратегларини сув қилиб ичган Шарқнинг чўнг донишманд­ларига ўхшаб кетасиз (каминадан маънавий зарар ундириш ҳаракатига тушманг, тағин!).
7
Абдусаид ака, бадиада батафсил дос­тон қилганларингизга чидаган тақдиримда ҳам, охиргиси ёмон мулзам қилдики, айтмасликнинг иложи йўқ! Ғалванинг каттаси оиламизда, сиз ўхшатиб тасвирлаган бешбармоқдан чиқди. «Сокин момақалдироқ»ни ўқиган уйдагиларнинг қўлига тушдим-ку.
– Ия, додаси, дўхтир нима деган? Хамир овқатдан ўзингизни тийиб юринг демаганми? – деб қистовга олиб қолди, невараларимиз ва аварамизнинг бувижониси.
– Дўхтир мен шилпилдоқ еганимни кўриб ўтирибдими?! – дедим пинагимни бузмай.
– Дўхтир кўрмаса, соғлиғингизни ўйланг, уйда хамир овқат қилдирмайсиз-да, ўртоқларингиз билан шилпилдоқхўрликка бораркансиз-да!
Жавоб тополмадим, Абдусаид ака, жавоб! Ошкоралик, шаффофлик, очиқлик, демократиядан наҳ урамизу, гал ўзимизга келиб тақалганда…
Яхшиям онамдай ғамхўрлик қиладиган дўхтирим – эндокринологим ўзбекча ўқимайди, «Ishonch»нинг бош муҳаррири Ҳусан Эрматни танийсиз деб эшитганман, илтимос қилайлик, Сиз ёзган бадиани таржима қилиб, «Доверие»да эълон қилиб юбормасин!
Навбатдаги шилпилдоқхўрликда кўришгунча!..

Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчи