ҲАР БИР ҚАЙДДА ЖАМИЯТ ДАРДИ БОР

1041

Гапнинг очиғини айтганда, илгари ҳам аёлларнинг муаммолари ўрганилган. Аммо ҳеч ким ҳар бир аёлнинг аниқ муаммосини ҳал этиш учун масъул бўлмаган. Бугун эса ишнинг тартиби ўзгарди. Энди нафақат ҳар бир аёлнинг муаммоси алоҳида ўрганилмоқда, балки ечими, муаммонинг бартараф этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Буни Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.

Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри, Бахмал, Пахтакор ҳамда Шароф Рашидов номли туманларида бўлди.

 

Ҳунарга йўл

«Аёллар дафтари»га киритилган, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларни ўқитиш, уларга бизнес лойиҳаларни тақдим этиш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш, тижорат банклари кредитларини ажратиш ишларини ташкил этиш мақсадида ташкил қилинган Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази турли йўналишларда 40 соатлик ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларни махсус сертификат билан тақдирлади.

Марказда ўқиб, сертификат олган хотин-қизларимизнинг аксарияти тижорат банкларидан кредитлар олиб, ўз мустақил тадбиркорлик фаолиятини ­бошлади.

Хусусан, Бахмал тумани «Оқтош» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи «Аёллар дафтари»га киритилган Санобар Бурхонова ўз томорқасидан даромад олиш истагини билдирган эди. У курс давомида банкдан кредит олишдан бошлаб, етиштирган маҳсулотини халқимиз дастурхонига етказиб беришгача бўлган назарий билимларга эга бўлди.

Жиззах вилоятидаги касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирган 1 минг 841 нафар хотин-қизнинг 1 минг 452 нафари қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш ўқув марказларида ўз хоҳиш-истакларига кўра турли касблар бўйича ўқитилди.

 

«Балиқ» эмас, «қармоқ» олдим

Бахмал тумани, «Новқа» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Моҳира Муродованинг турмуш ўртоғи ногирон. 4 нафар фарзанд тарбия­си унинг зиммасида. Моҳирахон оиласининг кам-кўстини ўзи бутлашга ҳаракат қилади.

– Банкдан олган кредитим эвазига 2,5 сотих майдонда енгил конструкцияли иссиқхона ташкил этдим, – дейди Моҳира Муродова. – Ҳозирда иссиқхонада помидор, булғорқалампири, бақлажон кўчатлари ҳамда лимон етиштиряпмиз. Лимонлар ҳосилга киргунча орасида кўкат етиштиришни ҳам мўлжаллаяпмиз. Бу оиламиз моддий таъминотини яхшилашга хизмат қилади.

Ҳа, кечагина ишсиз, ҳеч қандай даромад манбаи бўлмаган, «Аёллар дафтари» рўйхатида турган Моҳира Муродова бугун ўз оила аъзоларидан ташқари яна 2 нафар хотин-қизни янги иш ўрни билан таъминлади.

Арнасой тумани, «Чўлқувар» маҳалласи, Қурувчилар кўчасида яшовчи Мунира Бердибоева эса 1 хонали уйда 6 жон билан ҳаёт кечирар эди. Яқинда банкдан берилган 15 миллион имтиёзли кредит асосида у оила аъзоларини иш билан таъминлади.

Умуман, шу кунга қадар вилоят бўйича «Аёллар дафтари»га ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсизлар сифатида қайд қилинган 9 минг 825 нафар аёлдан 7 минг 673 дан зиёдининг бандлиги таъминланди.

 

Ҳаёт қувончлари ҳали олдинда

Пахтакор тумани, «Сувонобод» маҳалласида яшовчи Зебунисо Эрбўтаева турмушнинг аччиқ-чучугини тортган аёллардан. 6 нафар фарзандининг 2 нафари ногирон. Хонадон соҳибидан оиласидаги етишмовчиликлар ҳақида сўраймиз. Зебунисо опа ийманибгина «Ҳамма нарса етарли, Яратганга шукр, ногирон бўлса-да фарзандларим ёнимда» дея жавоб беради. Опа биз билан суҳбатлашяпти-ю, кўзларида ёш.

– Яқинда касаба уюшмаси томонидан Хоразмга саёҳатга бориб келдим, – дейди сўнгра. – Биринчи бор поездга чиқишим эди. Унинг ёқимли юриши ҳозиргача қулоғимда. Хива ҳақида эшитганман, лекин шундай жойларни ўз кўзим билан кўриб келдим.

Аёлнинг ишлаши – оиланинг фаровонлигига хизмат қилади. Аёлларбоп иш жойи топиш эса яна бир муаммо. Шу куни ишчи гуруҳ аъзолари Зебунисо опанинг уйига келиб тикув машинаси ҳамда 1 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Бундай эътибордан уларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

Зебунисо опанинг фарзанди Мухлиса бугун тикувчилик сирларини ўрганмоқда. У ногирон бўлишига қарамай ўз устида тинимсиз изланмоқда.

 

«Энди «Кенгаш»да  кенгашамиз…»

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов бош­чилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах шаҳри «Шодлик» маҳалласи ҳудудидаги 15-сонли умумтаълим мактаби биносида жойлашган «Аёллар маслаҳат кенгаши» фаолияти билан танишди.

Жиззах шаҳар сектор раҳбарлари, «Аёллар маслаҳат кенгаши» аъзолари ҳамда маҳалла фаоллари билан учрашув ўтказилди.

Маслаҳат кенгаши жойлашган ҳудудда 3 101 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1 559 нафари хотин-қизлар. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 32 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 30 таси ҳал этилган, қолгани бўйича жараён давом этмоқда.

Кейинги манзил Жиззах шаҳри, «Турон» маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. У ерда «Аёллар дафтари»даги 9 та йўналиш бўйича хотин-қизларга кўрсатилган ёрдамлар юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳамда маҳалла фаоллари билан суҳбатлашилди.

Жиззах вилоятидаги ҳар бир маҳалла ҳудудида «Аёллар маслаҳат кенгашлари» ташкил этилган. Бу ерда ҳудуддаги хотин-қизларга ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий маслаҳатлар бериш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар орасида диний-маърифий тадбирларни мувофиқлаштириш ҳамда дарс, тренинг ва учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

– Марказимиз жамоатчилик асосида фаолият олиб боради, – дейди «Турон» маҳалласи «Аёллар маслаҳат кенгаши» раҳбари Дилафрўз Жўлиева. – Барча хизмат бепул амалга оширилади. Шунинг­­дек, бу ерда муаммога дуч келган аёлларга ўқув маркази билан ҳамкорликда ҳуқуқшунос ҳамда психолог ёрдамини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Саодат Тошкентда даволанади

Бахмал тумани, «Янгибоғ» маҳалласида яшовчи Саодат Ҳабибова ҳаётнинг оғир синовига кўп учраган, умидларини рўзғор ташвишлари кўмиб юборган. Боз устига, у юрак хасталигини орттирган. Аммо фарзандларининг таъминотидан орттириб, ҳеч бир муолажа олмай келаётган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Саодат опанинг хонадонига ҳол-аҳвол сўраб келди. Мулоқот давомида унга саломатлигини тиклаш учун Тошкентдаги шифохонада даволаниши айтилганида, қанчалик суюнганини тасаввур қилиш мушкул.

– Юрак хасталиги доимий безовта қилади. Унинг давоси бор, деб руҳлантиришди, – дей­ди Саодат. – Президентимизга минг раҳмат, ҳар бир хонадон ташвиши, саломатлиги ҳақида қайғуриб, ёрдам бер­япти. Мен каби ғамхўрликни ҳис қилган аёллар кўп. Барчамиз дуодамиз.

Шу кунга қадар вилоятда «Аёллар дафтари»га киритилган 4 минг 852 нафар тиббий хизматга муҳтож хотин-қизнинг 4 минг 351 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ҳаёт синовларини бошидан кечирган хотин-қизларга кўрсатилган эҳтиром, албатта, кун келиб ўз натижасини беради. Бермоқда ҳам. Зеро, соғлом жамият, бахтли оила, баркамол авлод аслида аёл меҳнати, меҳридан яралажак!

Муқимбой Исмоилов,

“Ishonch”