«Ўлик жон»лар учун иш ҳақи

1440

ёхуд болалар боғчаларидаги коррупция қачон барҳам топади?

2017 йилда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгач, энг аввало, тизимнинг ўзигагина сингиб кетган коррупцион ҳолатларга қарши курашга киришилди. Бунинг учун, аввало, болаларни мактабгача таълим ташкилотига Давлат хизматлари агентлиги орқали қабул қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳам қайсидир маънода ота-оналарнинг мудира билан «келишуви»ни анча камайтирди. Бироқ айрим боғча мутасаддилари учун боланинг «текиндан текин» муассасага жойлашиши ҳамон ғайритабиий туюлаётгани бор гап.

Тарбияланувчиларнинг кунлик ризқини «қирқиш» ёки асли рўйхатда турмаган бола учун тўланган бадал пулини «чўнтак»ка уриш сингари жиноий ҳолатлар алоҳида мавзу. Лекин ҳозир айтиладиган 3-4 мисол Фарғона вилоятидаги айрим боғчаларнинг куни талончиларга қолмадими, дея гумонсирашларни гўё тасдиқлаётгандек.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси амалга оширган ўрганишлар натижасида, Тошлоқ туманидаги давлат МТТлардан бирида ташкилот мудираси фуқаро Д.Т.ни 0,5 ставка иш ўрнига олиш учун ундан 200 доллар миқдорида пора олишга урингани аниқланди. Бешариқ туманидаги МТТда эса фуқаро Г.Д. асли қонун йўли билан ишдан бўшатилган бўлса-да, яна фаолиятини давом эттириши учун шунча миқдордаги порани мудирага тақдим қилаётган пайтида ушланган. Содир этилган ишга нисбатан тергов жараёнлари олиб борилмоқда.

Қўқон шаҳридаги 64-ихтисос­лаштирилган давлат мактабгача таълим муассасасининг собиқ мудираси Э.Ибрагимова томонидан ҳам юқоридагига ўхшаш жиноят содир этилган. 2020 йилнинг июнь ойида туғруқ таътилидан қайтиб, меҳнат фаолиятини давом эттиришни истаган М.Мамажонова боғча ошпази Р.Холматова воситачилигида талаб қилинган порани беришга жуда оғринади. Қонуний ҳақини ҳимоя қилиш мақсадида Департаментнинг шаҳар бўлимига мурожаат қилади…

Боғча мутасаддилари Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга 2 йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгарлиги бўлган лавозимларда ишламаслик ва 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ишламаётган ходимлар – «ўлик жонлар» номига маош ёзиш болалар боғчаларида ҳам етарлича қайд этилган. Бошқарма томонидан Фурқат туманидаги давлат боғчаларидан бири ўрганилганда, 2016-2020 йиллар давомида аслида ишламаган 9 нафар шахс – «ўлик жонлар» номига иш ҳақи ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилиб келингани аниқланган.

Балки, тизим ходимларининг ойлик маошлари камлиги ҳам коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлаётгандир. Бугун фарзандларимиз тарбияси, керак бўлса, келажаги ишониб топширилаётган бу даргоҳда инсоф ва диёнатдан узоқ кимсалар ишлайверса, тизимдан кутилган натижаларга қачон, кимлар билан эришамиз?

Гапнинг индаллоси шуки, боғчалар тизими номуносиб кимсаларнинг ғайриқонуний молия манбаига айланиб қолмаслиги керак.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА