Сохта табиб Самарқандга келармиш…

3133

ёхуд биз нега уларга ишонишда давом этмоқдамиз?

Айни кезларда ижтимоий тармоқларда табиб Маҳмуд Ҳасан Курдистоний Тошкентга келиб, зўр кароматлар кўрсатгани, эндиликда Самарқанд ва Бухорога ошиқаётгани қизғин муҳокама қилинмоқда. Огоҳлик қўнғироғини чалаётганлар эса соддадил одамларни бундай кимсаларга алданиб қолмасликка ундашмоқда.

Маълумки, Абу Али ибн Синодек алломаларни улғайтирган табаррук заминдаги ҳар бир гиёҳ сирли-синоатли. Шу боис, биз эшакка озуқа сифатида ҳам раво кўрмайдиган аллақандай нарсалардан хорижда дори-дармон тайёрланаётганини эшитганда, беихтиёр ёқа ушлайсиз. «Тиббиёт, тиббий тушунчалар, тиббий маданият ҳақида шу пайтгача фақат қуруқ гап бўлган экан-да», деб афсусланасиз. Бир замонлар ойнаи жаҳоннинг олдига бир пиёла сув қўйиб, Кашпировский, Чумак каби «аллома»лар дам солиб беришини кутиб ўтирганимиз ҳам бор гап. Қанчадан-қанча одамлар уларга ўхшаган кимсалар домига илинмади ўшанда?

Бундан бир неча йил аввал Самарқанднинг айрим туманларида «Қорақалпоғистонда зўр табиб бор экан, у тўшакка михланиб қолган одамни ҳам ўрнидан турғизиб, юргизиб юбораётганмиш, кўрнинг кўзини, карнинг қулоғини очаётганмиш» қабилидаги миш-­мишлар тарқалди. Сон-саноқсиз кишилар дардига шифо излаб, унинг ҳузурига ошиқдилар.

– Тўрт киши битта таксини бир миллион сўмга ёллаб, Элликқалъа сари отландик, – деб ҳикоя қилади қўшработлик Шакарбой Отақулов. – Минг бир азобда манзилга етгач, чоғроққина уйни ижарага олдик. Таксичи бу тарафларга қатнайвериб, кўзи пишиб кетган экан, тумонат одам орасида навбатимизни бир амаллаб олдинроққа суриб берди.

Шерикларимиздан бири оёқлари оғрийдиган катта ёшли онахон эди. Уни ўғлига опичлатиб, ичкарига олиб кирдик. Табиб кексароқ киши экан. Ўзи ёқтирганларни «куф-суф» қил­япти, ёқтирмаганларни хонасидан қувиб чиқаряпти. Бир маҳал кутилмаганда ўрта яшар аёлга «Сен бузуқсан! Ҳозироқ уйимдан йўқол!» дея ташланиб қолди.

Бечора аёл… Ер ёрилмади, ерга кирмади… Одамлар ҳайратда…

…Ниҳоят, бизга навбат етди. Онахонни олдинга ўтказдик. Табиб унинг дардини эшитгач, «куф-суф» қилган бўлди. Кейин тўсатдан қамчисини қўлига олиб, «Тур ўрнингдан!» деб бақириб юборди.

Бундай вазиятларда вужуди қулоққа айланган киши беихтиёр ўрнидан сапчиб туриб кетиши табиий. Кекса аёл ҳам ишончданми, ихлосданми ёки қўрқувданми, жойидан илкис қўзғалмоқчи бўлди. Бироқ ўзини эплолмай, ерга юзтубан қулади. Уни кўтар-кўтар қилиб, ҳовлига олиб чиқдик. Қарасак, аҳволи чатоқ. Дарҳол ўша атрофдаги шифохонага олиб бордик. Бояқишнинг болдир суяги синган экан. Бир неча кун ётиб, даволанишга мажбур бўлди. Барибир, фойдаси тегмади – бир умр ногирон бўлиб қолди…

Бунақа воқеа-ҳодисалар оғиздан-оғизга ўтиб, кўпчиликнинг қулоғига етиб боргани аниқ. Шунга қарамай, айрим ҳамюртларимиз ҳамон сохта табибларга ишонишади. «Ихлос – халос. Ихлос қилсанг, чўпдан ҳам шифо топасан», дея ўзларини ўзлари овунтиришади. «Дардингга даво бўламан», деган одам уларнинг кўзига нажоткор бўлиб кўринади.

Яна бир сабаби тиббиётимиз гоҳида оқсаётганига, ушбу тизимнинг баъзи йўналишлари халқимиз дардига малҳам бўлиш борасида замондан ортда қолаётганига бориб тақалади.

Биз шифокор қадр-қиммати, ҳурмати деган тушунчаларни коронавирус пандемияси чоғида теранроқ англаб етдик. Эндиликда ўзгаришга муҳтож бу соҳада ҳам озгина мафкуравий тозалаш ўтказиш зарурга ўхшайди. Чунки шифокорнинг қалби соф, онг-шуури тоза бўлмаса, сохта табиблар ортидан эргашишлар барҳам топмайди. Бунга истаганча далил келтириш мумкин. Мана, бир мисол.

Нимадир ёқмаганидан аъзои баданини тошмалар қоплаган дўстимиз бир вақтлар Самарқанд вилоятида энг нуфузли саналган тиббиёт муассасаси шифокорларидан маслаҳат олишга боради. Бу даргоҳда хизматлар пулли эди. Шифокор қабулига кириш учун 30 минг сўм тўлайди. Унинг дардини тинглаган врач сурункали аллергия ташхисини қўйиб, таҳлил ўтказиш учун қон ва пешоб топшириши зарурлигини уқтиради. Шунингдек, юракни ва ўт пуфагини текширишни жоиз деб топади. Бунинг учун дўстимиз салкам ярим кун вақт сарфлайди. Охирида ҳаммаси жойида экани маълум бўлади. Шифокор эса гапни бош­­қа томонга буради.

– Ичакларингизнинг қаеридадир вирус бор, – дейди жиддий оҳангда. – Шунинг учун томирга жўнатиладиган суюқлик билан беш кун дексаметазон оласиз. Ошқозон ва ичакларни тозалайдиган ҳабдорилар ҳам ёзиб бераман.

Шифокор беморга ўн беш кунлик муолажадан сўнг яна келиб, ўзига учрашини тайинлайди. Бироқ у ёзиб берган дори-дармонларни олган дўстимиз саломатлигида заррача ўзгариш сезмайди. Буни шифокорга рўй-рост айтади. Эвазига «Энди жигарингизни УЗИ қилишимиз керак», деган жавобни эшитади.

– Ўт пуфагимни текширишганда, жигарим яхши эканини айтишувди, – дейди у оғриниб.

Шифокор яна бўш келмайди.

– Унда тиббий амбулатор картангизга бугун жигарни анализ қилиш учун имконим йўқ, уни кейинги гал келганимда текширтираман, деган ёзув киритинг, мен сизга ўн кунга таблетка ёзиб бераман, – дейди.

Хуллас, яна ўн кун муолажа олинади. Бу вақт оралиғида авваллари бир-икки ҳафтада пайдо бўладиган тошмалар бутун баданни қоплайдиган ва тинимсиз қичишадиган даражада кўпая­­ди. Дўстимиз яна пул тўлаб, шифокор қабулига киришга мажбур бўлади. Бу сафар унинг тавсияси билан 103 минг сўм сарфлаб, ошқозонини текширтиради. Ультрабинафша текширув натижалари ҳам кўнгилдагидек чиқади. Бироқ улар билан танишган шифокор яна 190 минг сўмлик ҳабдорилар рецептини ёзиб беради.

Бундан дили хуфтон бўлиб уйига қайтаётган дўстимиз йўл-йўлакай ёшгина йигит билан учрашиб қолади. Юраги тўлиб тургани учун унга дардини айтади.

– Қани, қўлингизни кўрсатинг-чи, – дейди йигит. Унинг кафтларига кўз югуртиргандан сўнг, ўзини таништиради. – Ака, мен фалон манзилда шифокор бўлиб ишлайман. Агар вақт топиб, бизга бир учрашсангиз, хасталигингизга аниқ ташхис қўямиз…

У эртаси куни мўъжазгина хусусий клиникада дўстимизни илиқ кутиб олади. Касаллик тарихи билан танишиб чиққач, мийиғида кулиб қўяди:

– Сизнинг дардингиз эшакеми деб аталади. Ҳозир битта укол қиламан, кейин ўн кун мобайнида икки хил ҳабдори ичасиз.

– Хусусий шифохона бўлса-да, бир сўм ҳам олмади, – дейди дўстимиз. – Худога минг қатла шукур, дарддан бутунлай фориғ бўлдим. Аммо бошқа бир нарсадан хавотирдаман. Нуфузли пулли шифохонага 40 кун қатнадим, ҳар куни турли-туман дорилар истеъмол қилдим. Текширишлар туфайли қанча нурланиш олганимни эса билмайман. Нодон шифокорнинг маслаҳатлари учун 90 минг сўм, текширишлар ва дори-дармонлар учун ундан уч-тўрт баравар кўп маблағ сарфладим. Ҳайрон қолганим, бу врач ҳар сафар гапларимни охиригача эшитмай ва аниқ ташхис қўймай туриб, муолажа чораларини белгилади. Бундан мақсади беморларни даволаш эмас, қандай бўлмасин, уларнинг пулини шилишга ўхшайди…

Албатта, бундай нохушликлар одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун астойдил қайғураётган шифокорларимиз шаънига доғ туширади. Бас, шундай экан, биз бир нарсани, халқ таъбири билан айтганда, гуручни курмакдан тозалаш кераклигини эслатмоқчимиз. Акс ҳолда, одамларнинг бу соҳа вакилларига нисбатан ишончи сусаяди, охир-оқибат, айрим ҳамюртларимиз Маҳмуд Ҳасан Курдистоний сингари сохта табиблар ёлғонига алданиб, чув тушиб қолаверадилар.

 

Нурилла Шамсиев

“Ishonch”