Қурилишга илм керак эмасми?

2272

Ярим кечада дарвоза тақиллади. Чиқиб қарасам, қиш­лоқдаги дўстим экан. Пойтахт­­га қурилишга ишга келганига ҳали кўп бўлмаган эди. Ёнида ўзига ўхшаган учта «қурувчи» шериги…

– Жўра, сен журналистсан, бу нарсани ёзмасанг бўлмайди, – дея дастурхон устида гап бошлади у.
Чўрткесар, ҳақиқатпарвар жўрамнинг оғзига тикилдим…
– Шунча йил Россияда қурилишда ишлаб, бунақасини кўрмагандим. Ишонасанми, биз Тошкентда тупроқдан уй кўтаряпмиз. Цементнинг ўзи талабга жавоб бермайди-ю, камига том бўйи уюлган тупроқдан олиб қўшамиз. Лифтга ажратилган жойнинг юқорисидан пастга қарасанг, шахта қийшиқлигидан тубини кўролмайсан. Очиғи, ­виждоним қийналяпти. Юртдошларимга бундай уй қуриб, қарғишга қолгандан кўра, ўзга юртда сарсон-саргардон юрганим афзал…
Эрта тонгда жўрам шериклари билан кўч-кўронини йиғиштириб, қиш­лоққа қайтди. Бир ойдан сўнг уларнинг Россияга кетганини эшитдим…
Кеча метронинг Сергели йўналишида рўй берган ҳодисани эшитиб, беихтиёр ўша воқеа кўз ўнгимдан ўтди…
Сергели метросида рельс кронштейни чиқиб кетди. Юзага келган носозлик туфайли ҳаракат тўхтатилди. Вагонлардаги йўловчилар эвакуация қилинди.
«Тошкент метрополитени» УКнинг баёнот беришича, контакт рельсининг кронштейни ушлаб туриш қурилмаларидан бири чиқиб кетиши оқибатида носозлик юзага келган. Воқеа бўйича хизмат текшируви тайинланибди. Афсусланарлиси, бу айнан янги метро станциясида рўй бераётган иккинчи нохуш ҳодиса. Бундан бир неча кун илгари айрим сабабларга кўра тўхтаб қолган поезд вагонига ортдан келаётган поезд бориб урилган эди.
Хўш, нега ишга тушганига бир йил ҳам тўлмаган метрода тез-тез кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермоқда? Сабаб ва оқибатлари қандай? Умуман, охирги вақтларда қурилиш соҳасида бахтсиз тасодифлар сони нима учун кўпаймоқда? Қулаган бинолар-у ноқонуний қурилишларни бирма-бир санаш шарт эмас, назаримда…
Кўпчилик буни ўғирлик, ўзлаштириш, талон-торож оқибатига йўйди. Балки, бу тахминлар ҳам асослидир. Ҳар ҳолда, шахсан давлат раҳбарининг ўзи энг катта коррупция айнан қурилиш соҳасида эканини бот-бот такрорлаяпти.
Бу – муаммонинг бир тарафи, холос. Агар бундай кўнгилсизликларнинг туб илдизига назар солиб, уни чуқурроқ таҳлил қилсак, яна бошқа бир сабаб кўзга ташланиб қолади. Аслида, соҳада рўй бераётган фалокатларнинг ҳаммаси илмсизликдан.
Меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги деган гаплар бўларди. Қурилишда назорат деганларидек… Лекин улар ҳақида айрим қурувчилар бош қотирмайди.
Эътибор беринг, ҳозир бизда қурилишни кимлар қил­япти? Ўзимизнинг қоракўзлар, албатта. Хўш, уларнинг мазкур соҳадаги билимлари етарлими? Техника хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси, деган тартиб-тамойиллардан хабардорми? Йўқ! Чунки кўпчилиги мактабни аранг тамомлаган. Аксарият муҳандис ва ишчиларда етарли малака йўқ. Борлари эса бош­­қа юртларни обод қилмоқда. Шу давр­­га қадар биз тўда-тўда ишчиларни етиштирдик, қурувчиларни эмас.
Бугун мамлакатимиздаги барча иморатларни соҳада етарлича билим ва кўникмага эга бўлган «қурувчи»лар қуряптими? Тагини суриштирсангиз, улар қурилишга бутунлай ёт мутахассислар экани ойдинлашади.
Шуниси хавотирлики, ким билсин, техника хавфсизлиги қоидаларига, қурилишдаги мавжуд талаб ва меъёрларга амал қилинмай қурилаётган яна қанчадан-қанча иншоотлар бор…
Агар кимдир қурилишга илм шарт эмас, деса адашади. Ҳар қандай ишнинг туб моҳияти илмга, техника хавфсизлиги қоидаларига бориб тақалади. Зотан, бежизга «техника хавфсизлиги қоидаларининг ҳар бир банди қон билан ёзилган», дейилмаган.
Шу боис, соҳада илм биринчи ўринга кўтарилиши шарт. Токи, ҳар бир одам ўз соҳасини гуллатмас экан, кўнгилсизликлар кўпайиб бораверади…

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»