«Маърифат»га ярашмаган йўллар…

4138

Ушбу суратни кўриб «бу бир дала йўли бўлса керак» деб ўйлашингиз мумкин. Афсуски, бу икки катта қиш­лоқни боғлаб турувчи, кунига минг­лаб ўқувчилар, қишлоқ аҳолиси қатнайдиган, юзлаб транспорт воситалари ҳаракатланадиган йўл.

Мана, беш-олти йилдирки, Бешариқ тумани, «Маърифат» МФЙ ҳудудидаги Қораянтоқ ва Қорамулла қишлоғи аҳолиси ўйилиб кетган носоз йўл азобидан қийналиб келмоқда. Айниқса, ёғин-сочинли кунларда йўл сувга тўлиб, ҳаракатланиш қийинлашиб кетади.
Ўтган асрнинг 70-йиллар бошида бунёд этилган бу йўлни сифатли таъмирлаш, асфальтлаш ҳақида туман ҳокимига беш йилдирки, мурожаат қиламиз. Ҳатто, бундан икки ой аввал Фарғона вилояти ҳокимлигига ҳам мурожаат этдик. Улар эса ҳар доим «келаси йили дастурга киритамиз», дея ишни пайсалга солишади.
Ўзи бор-йўғи 1,5-2 километрлик йўлни наҳотки, «дастурга киритиш» шунчалик қийин иш бўлса?

Эгамберди САТТОРОВ
Бешариқ тумани