Ўзсаноатқурилишбанк Тошкент вилоятида 500га яқин дарахт кўчатлари ўтқазди

926

Ўзсаноатқурилишбанк тизимида «Green banking» лойиҳаси доирасидагиишлар нафақат “яшил” молиялаштириш, балки хайрия тадбирларини ҳам ўз ичига олган.  Бу борада  дастлабки саъй-ҳаракатлар Тошкент вилоятида амалга оширилди.

Сўнгги йилларда жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ортиши атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтириб, иссиқхона газлари ажратмаларининг ортишига олиб келмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан ҳудудларни бир маромда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида «яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмлари ишлаб чиқилиб,  қатор вазифалар белгилаб берилди.

Шу боис Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Халқаро молия корпорацияси(IFC) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган трансформация жараёнида “Green banking” йўналишига устувор аҳамият берилмоқда.

Банкнинг бош офисида  «Green banking» департаменти ташкил этилди. IFC мутахассислари кўмагида тузилма ходимлари малакаси оширилиб, мақсад ва вазифалари халқаро стандартларда ишлаб чиқилди. Шу кунга қадар91 млн. АҚШ долларилик 20 та “яшил” лойиҳа молиялаштирилиб, ҳаётга татбиқ этилди.

Эътиборлиси, Банк тизимида «Green banking» лойиҳаси доирасида атроф-муҳитга етказиладиган  зарарни  камайтириш  ва  экологияни  яхшилаш мақсадида яшилликлар кам бўлган ҳудудларда мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларини экиш  ва уни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этиш вазифаси ҳам режалаштирилди.

– Бу борада биз дастлабки ишни Тошкент вилоятидан бошладик, – дейди «Green banking» департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Ш.Рофиев. –Бўка тумани ҳамда Ангрен ва Чирчиқ шаҳарларидаги маҳаллалар гузарлари ҳамда аҳоли хонадонларига 500га яқин мевали ва манзарали кўчатлар экдик.

Жумладан, Бўка туманидаги “Мойтепа” маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) гузари, “Ўзбекистон” кўчаси ҳамда “Мойтепа” жоме масжиди ҳовлисига 50 туп манзарали кўчатлар ўтқазилди. Банк ходимлари томонидан мазкур маҳаллада “темир дафтар”да турувчи 5 та оила ҳовлисига олма, гилос, ўрик каби мевали кўчатлар экиб берилди.

Ангрен шаҳрида тўртта маҳалла гузари атрофлари, 2 та қабристон, 10та “темир дафтар”да турувчи оила ҳовлисига, Чирчиқ шаҳрида эса  “Маърифат”, “Ифтихор”  ҳамда Мир Алишер номли маҳалла ҳудудлари, “Ўрта маҳалла” жоме масжиди ҳамда бир нечта аҳоли хонадонларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

– Бугун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш энг долзарб масалалардан бири саналади, – дейди Чирчиқ шаҳридаги “Мирзағолиб” МФЙ раиси Ҳадича Йўлдошева. – Шу боис мамлакатимизда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада Ўзсаноатқурилишбанк саъй-ҳаракатлари, хусусан «Green banking» лойиҳаси алоҳида эътиборга моликдир. Банкнинг хайрли ишлари сабаб бир  неча  ўнлаб маҳалла ва кўчаларимиз обод бўлди, эҳтиёжманд оилаларимизга ризқ улашилди.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан бу сингари хайрли ишлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.

 

Банк Ахборот хизмати