ҲОЗИРЧА ЎЗБЕКИСТОНДА ОАВ “ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТ” ДАРАЖАСИДА ЭМАС

477

дейди “Америка овози” мухбири Навбаҳор ИМОМОВА

 

“…АҚШ Конгрессида йиллар давомида менга айрим қонунчилар, вакиллар ва сенаторлар, Ўзбекистон ҳақида гапира олмайман ёки Марказий Осиё ҳақида аниқ тасаввурим йўқ, деб келган. Мен уларга одатда: “Нега? Сиз ахир бу минтақага нисбатан сиёсатни назорат қиласиз? Уни белгилашда муҳим ўрин тутасиз”, дейман. Айримлари уялиб, Ўзбекистон ва минтақани ўрганиб, кейин интервью берган пайтлар бўлган. Ишимиз шуниси билан янада қизиқ. Суҳбатлашишга қарор қилган одамлар сизга профессионал сифатида ишониши керак. Шундагина улар сизга муносиб суҳбатдошга айланади”.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

“Журналистнинг иши – одамларни хурсанд қилиш ёки уларнинг кўнглини кўтариш эмас”

 

АҚШда яшаб, дунёдаги энг йирик ахборот марказларидан бири – “Америка овози”да фаолият юритаётган юртдошимиз, журналист Навбаҳор Имомовага бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик. Гарчи океан орти – Америка биздан минглаб чақирим йироқда бўлса-да, бугунги тезкор ахборот замонида суҳбат қуриш ва саволларга жавоб олиш муаммо эмас.

– Ўзбек қизи, ўзбек фарзандининг “Америка овози”да фаолият юритаётгани эътиборли. Сир бўлмаса, ушбу телерадиоканалга ишга кириш жараёнингиз қандай кечган?

– Америкага 2001 йили магистратурада ўқиш учун келган эдим. АҚШ Давлат департаменти грантини ютиб, Индиана штатидаги Болл давлат университетига ўқишга кирдим. Журналистика ва сиёсатшунослик соҳасида энди тахсилни бошлаганимда, АҚШда 11 сентябрь воқеалари юз берди. Орадан сал ўтмай, менга “Америка овози”дан телефон қилишди. “Ўзбек хизмати”нинг фаолияти кенгаймоқда, сиз каби кадрлар керак, сизни тавсия қилишди, иш бор” дейишди. Очиғи, бундай таклифлар, ҳар кимгаям, ҳар куниям бўлавермайди. Гап шундаки, тавсияни “Америка овози”га америкалик журналистлар берган экан. Ўзбекистондан яқинда шундай журналист келди, ҳозир Индианада, деб. Танишларнинг, дўстларнинг кўп бўлгани, муҳими, сенга ишонишгани шундай пайтларда қўл келади.

Мен ўзи дастлаб, журналистик фаолиятимни ўз Ватанимда – Ўзбекистон радиосининг “Халқаро ҳаёт” таҳририятида бошлаган эдим. 1990 йилларнинг ўрталари эди. Бу орада грант ютиб, Ҳиндистонда Майсур университетидан бакалаврлик даражасини олдим. У ерда ҳам журналистика ва сиёсатшунослик бўйича ўқидим. Ундан аввал икки йил Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети талабаси эдим. Шу университетнинг Халқаро журналистика факультетида ҳам дарс берганман. Кўп эмас, бир йил, лекин бир умрга арзигулик тажриба бўлган. Ажойиб даврлар эди…

Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш осон эмас, албатта. Журналистикада ўқиш ишлашга ундайди, бу аниқ. Қолаверса, бу инсон табиатига ҳам боғлиқ. Мен қишлоқда, далада, катта бўлганман. Тиним билмаслигим шундан, деб ўйлайман. Катта оиладанман, тўққиз фарзанднинг саккизинчиси. Раҳматли ота-онам жуда меҳнаткаш, заҳматкаш инсонлар эди. Ҳаммамизни ўқитишди, йўлимизга тўсиқ қўйишмади. Орзуинг кетидан интил, дейишди. Шундай қилдим. Ҳар қандай қийинчиликка табиий ҳол деб қарайман.

“Америка овози”га Индианадан материаллар бериб турдим, ўқишни битиргач, Вашингтон шаҳрига кўчиб ўтдим ва тўлиқ ставкага ишга олиндим. ТВ дастурлар бошлайлик, деб катта лойиҳага қўл уриб, АҚШда қолиб кетдим. Қайсидир маънода шу ташкилотда илдиз отдим. 2016 йилда Гарвард университетига ўқишга кирдим. Шундан буён ишдаман.

Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратсам: сизга карьера эмас, иш ўрни таклиф қилинади. Карьерани эса сиз ўзингиз яратасиз. Ҳар қандай ишни севимли ва муваффақиятли фаолиятга айлантириш-айлантирмаслик – ўз қўлингизда. Имкониятларни ҳам ўзингиз кашф этасиз, очасиз. Фақат кўп тер тўкиш керак. Бирор ерда сиз истаган ҳамма нарса муҳайё эмас. Умуман, журналистларни ҳеч бир жойда “қучоқ очиб” кутиб олишмайди. Лекин биз қаерда ва қачон керак эканимизни билишимиз керак. Бу чексиз меҳнат дегани. Ишимизда ҳар кун – янги синов.

– Ҳа, АҚШда яшайсиз ва юртимизда содир бўлаётган воқеаларни ёритиб борасиз. Турли давлат ва жамоат арбоблари, таниқли инсонлар билан интервьюлар уюштирасиз. Уларни ташкил этишда нималарга таянасиз?

– Ҳаммаси, вақт ва имкониятга боғлиқ. Биринчидан, ким нимага масъул эканини яхши билиш керак. Ким сизга қандай маълумот бера олади? Аслида энг муҳим ва қизиқ информацияни сизга “юқорида ўтирган” одам эмас, парда ортидаги шахслар, саҳнадан четда турганлар беради.

Ким билан нима учун гаплашмоқчи эканингизни унга тушунтира олишингиз керак. Асло ялинмаслик керак. Аммо бу интервьюдан унинг ўзи ҳам манфаатдор эканига ишонтириш лозим.

Суҳбатлашиш суҳбатдош билан шахмат ўйнашдек гап. Унинг интеллектуал кнопкаларини босишни билиш керак. Қайси бирини ва қачон? Бунинг йўлини топиш лозим. Интервьюда одамлар журналистлардан суҳбатдошни “бурчакка тиқиш”ни кутишади. Аслида суҳбатдошни “гапиртира” олиш керак, токи у очилсин, сизни қизиқтирган мавзуларда мушоҳада юритсин, яъни бу одамдан таҳлилий маълумот, аниқ фикр ва мулоҳаза олайлик. Ундан эшитганларимиз тасаввуримизни бойитсин, муаммо ва масалаларни тушуниб, уларга ечим қидиришда ёрдам берсин. Томошабин маънавий ва информацион озиқа олсин. Мен ҳар бир мулоқотга шундай ёндашаман.

Интервью берадиганлар бу интервьюнинг аҳамиятини тушунишини хоҳлайман. Масалан, АҚШ Конгрессида йиллар давомида менга айрим қонунчилар, вакиллар ва сенаторлар, Ўзбекистон ҳақида гапира олмайман ёки Марказий Осиё ҳақида аниқ тасаввурим йўқ, деб келган. Мен уларга одатда: “Нега? Сиз ахир бу минтақага нисбатан сиёсатни назорат қиласиз? Уни белгилашда муҳим ўрин тутасиз”, дейман. Айримлари уялиб, Ўзбекистон ва минтақани ўрганиб, кейин интервью берган пайтлар бўлган. Ишимиз шуниси билан янада қизиқ. Суҳбатлашишга қарор қилган одамлар сизга профессионал сифатида ишониши керак. Шундагина улар сизга муносиб суҳбатдошга айланади.

Ҳар бир суҳбат ўзига хос лойиҳа. Мақсад, талаб, амалиёт ва моҳият ҳақида ўйлаш жоиз. Билим ва тушунча билан бирга кучли эшитиш қобилияти зарур, яъни эътибор билан тинглаш. Ҳар бир интервьюни ташкил этишдан то уни эфирга узатишгача, мана шу омиллар устун туради.

– Кўплаб ватандошларимиз бугунги кунда турли мамлакатларда, жумладан, Америкада яшайди. Юртимиздан борган аксарият фуқаролар Ватанига қайтгиси келмайди. Ўша ерда ўқиб, оила қуриб, ишлаб қолиб кетади. Бунга уммон ортидаги фаровон ҳаёт сабабми ёки бошқа биз билмаган жиҳатлар ҳам борми? Бу борада ўзингизнинг режаларингиз қандай?

– Биринчидан, инсон борки, имконият истайди. Ўз орзулари ушалишини хоҳлайди. Кимнингдир орзуси Ватан билан боғлиқ, кимникидир ташқи дунё билан. Кимнингдир орзу-ҳавасида буларнинг ҳар иккиси мужассам. Четда юрганларнинг ҳаммаси ҳам “фаровон ҳаёт” кечиряпти, дея олмаймиз. Ҳамма ҳам хорижда ўрнини ва бахтини тополмайди. Бахт деганда ҳаётидан қониқиб яшашни назарда тутаяпман. Қолаверса, хорижга чиқиб кетганларнинг ҳаммаси ҳам хоҳлагани учун шундай қилмаган. Америкада яшаётганларнинг, бошқа жойлардаги ўзбекистонликлар сингари, ўз тарихи бор, ҳар бирининг. Уларнинг номидан гапирмаган бўлар эдим. Дастурларимизда ёритиб келаяпмиз. Ватанга қайтишни хоҳлаган, бунга ҳаракат қилаётган ватандошларимиз жуда кўп. Ишлари чигал, йўлларида тўсиқлар, шунингдек, ватандаги вазиятга ҳали тўла ишонмаслик ҳамда органларга нисбатан қўрқув – булар жуда муҳим омиллар.

Мен эса шукрки, Ватанимиз – Ўзбекистонга келиб, кетиб юрибман. Икки дунё орасида яшашнинг ўз завқи бор, қолаверса, синовлари ҳам. Бу ерга бутунлай кўчиб келиш ҳақида ҳозирча ўйлаётганим йўқ. Лекин бир оёғим шу ерда бўлишини истардим. Икки мамлакат орасида, қитъалар оша фаолият юритаётан журналист сифатида Ватанимизга, халқимизга кўпроқ фойдам тегаяпти, деб умид қиламан. Юрагимнинг бир қисми Ўзбекистонда, бир қисми АҚШда. Мен бир жойга боғланиб қолсам, зерикаман. Баъзида қанийди, дунёнинг ҳар бир давлатида яшаб чиқсам, ишлаб кўрсам, дейман. Бу қийин, албатта. Лекин орзуларимиз кетидан интилишга ҳақлимиз.

– Сизнингча, бундан уч йил олдинги Ўзбекистон билан бугунги мамлакатимизни журналист нигоҳи билан солиштирганингизда қандай ютуқ ва муаммолар кўзга ташланади? Умуман, бугун Ўзбекистон ҳақида АҚШ сиёсатида қанақа фикрлар ҳукмрон?

– Ўзбекистон аслида узоқ вақт эркин юрт бўлмаган. Ҳозирда жаҳон назарида асталик билан, майда-майда қадамлар билан очила бошлади. Мана шу жараён давом этади, деган умид бор. Очилиш тўхтаса, ўз-ўзидан маълумки, халқаро ҳамжамият билан мулоқот ҳам тораяди. Сармоя оқими камаяди. Ҳозирги ҳолида ҳам инвестиция жалб қилиш осон кечмаяпти, назаримда. Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари халқаро ҳамжамият, хусусан АҚШ ва Европа Иттифоқи назарида, ислоҳотчи. Бу – жуда юқори баҳо. Бу баҳони ушлаб туриш қаттиқ ҳаракат талаб қилади. Мақтов ўзига хос босим. Президент Шавкат Мирзиёевни сиёсий ва руҳий жиҳатдан қўллаб, Ғарб Ўзбекистонни ислоҳотлар реал ўзгаришларга етакласин, мамлакат эркин ва фаровон жамият бўлсин, дея ундамоқда.

2-3 йил олдинги вазият билан қиёсласак, шубҳасиз улкан фарқни кўрамиз.

–Айтинг-чи, Америка матбуоти ибрат оладиган даражада эркин ва ҳурми?

– Ҳа, Америка матбуоти ибрат оладиган даражада эркин ва ишончли. Мустақил. Кучли. Интилувчан. Ўткир. Талабчан. Қўрқмас. Самарадор. Ҳар бир ОАВ ўзига хос. Ўз аниқ мақсади, тамойиллари, бизнес тузилмаси, журналистик мактаби, тарихи, содиқ аудиторияси ва фидойи ходимларига эга.

Американинг деярли ҳамма штатларида бўлганман. Журналистика илмини берадиган даргоҳлар ва бу илмни амалиётда қўллайдиган газета-журналлар, телевидение ва радио каналлар, онлайн матбуот билан яхши танишман. Америка журналистларида биринчи навбатда ўзига, соҳасига, ишлаётган ташкилоти ва бераётган маълумотига ишонч ва садоқат кучли.

Журналистлар ва медиадан қанчалик нолишмасин, ҳукумат ҳам, омма ҳам ОАВсиз ўзини ва ҳаётини тасаввур қила олмайди. Медиа билан уйғониб, медиа билан уйқуга кетишади. Медиа америкаликларнинг доимий ҳамроҳи. Ишонч ва ҳурмат даражаси, табиийки, гап қайси ОАВ ҳақида кетаётганига боғлиқ.

Американинг ривожида, глобал майдондаги энг қудратли давлатга айланишида, нафақат сиёсий, балки иқтисодий, маданий ва илмий жиҳатдан кучайишида матбуотнинг роли беқиёс. Матбуоти эркин ва мустақил бўлмаганида, Америка Америка бўла олмас эди.

Сиз эътироз билдириб, давлатни корпорациялар, турли манфаатлар бошқаради-ку, дейишингиз мумкин. Лекин бу мамлакатда ОАВ эркин ва мустақилмас, дегани эмас. Журналистлар йўлини топади. Ҳар қандай қийин ҳолатда ҳам Америка журналистикаси ғолиб тараф сифатида намоён бўла олади.

– Гурунгимиз матбуот ҳақида кетар экан, қуйидаги саволга ҳам ўз муносабатингизни билдирсангиз: ижтимоий тармоқ ва сайтларнинг тезкорлиги ва бошқа сабаблар боис, бугунги кунда газета ва журналларнинг аҳволи олдинги вақтлардагидек эмас. Дунёдаги ривожланган мамлакатлар ичида етакчилардан бири бўлган АҚШда босма нашрларнинг ўрни интернет сайтларидан кам эмас, дейишади. Бунга қандай эришилмоқда?

– Ким айтди сизга Америкада ва умуман Ғарбда босма матбуотнинг аҳволи тузук деб? Газета ва журналлар тирик, чунки улар энди асосан интернетда. Қоғозда чиқадигани ой ва йил сайин камайиб бормоқда. Манаман деган газеталарнинг даромади кейинги беш йил ичида 50 фоизгача камайган. Маълумотларга кўра, 2011-2018 йилларда АҚШда босма матбуот қарийб 5 миллиард доллар зарар кўрган. 2010 йилда газета ва журналларда 257 минг америкалик ишлар эди. 2016 йилда 184 минг қолган. Интернетга кўчиш бошида иш ўринларининг камайишига олиб келган бўлса, ҳозир янги иш ўринлари пайдо бўлган. Чунки онлайн фаолият жуда серқирра ва қийинчиликларга бардош бера оладиган матбуот мултимедиага айланган. Янги имкониятлар очилиб, замон талабига жавоб берадиган ходимларга талаб кучли.

Айтайлик, Американинг гигант медиа бизнесларидан бири “Нью-Йорк Таймс” компаниясининг даромади ўтган ўн йилликда 50 фоизга пасайган. Босма матбуот ҳаёт учун курашмоқда, лекин ҳаёт энди информацион, рақамли технология билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир ОАВ – босма, ТВ, радио, ҳатто онлайн ўзини қайта кашф қилишга мажбур. Акс ҳолда, бозордаги ўрнини бой беради. Газета ва журналлар қоғоздаги шаклини сақлаб қолишга аҳд қилса ҳам, даромади кўпайган эмас. Тираж камайиб бораверади, чунки сизни босма ҳолда ўқийдиганларнинг сафи сийраклашмоқда.

Ўзбекистон, афсуски, бу жараёнлардан ҳам анча орқада. Йўқ, газета шаклидагина қоламиз, десангиз, улкан молиявий таянч керак, шунда ҳам агар етарлича ўқувчи топа олсангиз. Одамлар яхши газета бўлса, ўқийди, деймиз. Балки… Лекин, бу – аксарият ҳолларда хаёл, газета ва журнал жонкуярларининг орзуси. Мамлакатимиз ҳам глобал жараёнлардан четда қолмаслиги табиий. Глобал тенденция эса шуки, одамлар электрон шаклдаги ахборот ва материалларга ўтмоқда. Шунинг учун қисқа муддатда ҳозирги фаолиятни кучайтирган ҳолда, интернетдаги медиа бозорга кирган, ўрта муддатда у ерда ўз жойини топиб, илдиз отган, узоқ муддатда эса илғор технология асосидаги мултимедиа шаклда ишлашни режалаштирган ютади.

– Шу ўринда яна бир савол: Яхши биласиз, матбуот, журналистика, демак, журналист аввaло холис, одил иш юритмоғи керак. Тўғрими? Аммо… озгина нарсани ҳам бўрттириб кўрсатиш, кўпиртириш, “шов-шув” кўтариш, тирнок остидан кир қидириш, (айб ахтараман деса, кимдан топилмайди!) демакки, нохолислик хорижий матбуот манбаларида тез-тез кузатилади. Жумладан, “Озодлик”да ҳам, “Америка овози”да ҳам. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Журналистлар аввало одамларни қийнаётган, жамият учун долзарб масалаларни кўтариб чиқиши керак. Бизнинг ишимиз – одамларга ахборот бериш ва уларни ўйлашга, фикрлашга ундаш. Бу жараёнда кимдир ёритилган масалани муҳим эмас, деб ҳисоблаши мумкин. Бизнинг вазифамиз унинг аҳамиятини очиб бериш. Буни ҳаммамиз ҳар доим уддалаймиз деб кафолат бериш қийин. Лекин мен ўзим шунга ҳаракат қиламан, ҳар бир материалимда ва дастуримда.

Ўзбекистондан туриб қараганда хориждаги, айниқса ўзбек тилида эфирга чиқадиган телерадио каналлар, ҳудди фақат салбий ҳолатларни кавлаётгандек, айб қидираётгандек туюлиши мумкин, лекин бошқа тарафи ҳам бор. У ёқдан туриб назар солганда, вазият муаммоли кўринаётан бўлса-чи? Бизнинг ишимиз ижобий ҳолатни мақташ эмас, эътибордан четда қолаётган масалаларни ёритиш. Ўзбекистон давлат ОАВларида асосан хушхабарлар кетар экан, бизнинг танқидий дастурларимиз, мақола ва лавҳаларимиз информацион мувозанатни таъминлайди. Мен шундай таҳлил қиламан. “Озодлик” учун гапирмайман, чунки уларнинг вакили эмасман. Лекин “Америка овози”да ҳамиша холисликка интиламиз. Ўзбекистон ҳукумати бирор масалада лом-мим демаган пайтда ҳам мен Тошкентдаги расмийлар ва Вашингтондаги дипломатларга мурожаат қилиб, изоҳ сўрар эдим. Чунки айтайлик, ҳукумат бу борада бирор нима демаяпти, дейиш учун ҳам асос зарур. Биз мунтазам равишда берган “шум хабарлар” ва уларнинг таҳлили ўтган икки йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати ва оммаси учун ҳам энг долзарб масалаларга айланди. Масалан, қийноқлар, ҳуқуқбузарлик ва қонунбузарлик ҳоллари.

Яна бир масала – мажбурий меҳнат билан боғлиқ иллатлар ва туб муаммолар. Демак, бизнинг йиллар давомида берган материалларимиз асосли экан. Бу муаммолар “тирноқнинг тагидан кир қидириб” топилмаган. Бу муаммолар миллионлаб инсонларни қийнаб келгани, давлат сиёсати ва мамлакат иқтисодиётининг ожиз жиҳатлари экани расман тан олинди, ахир. Ўзбекистонда матбуот эркинлиги йўқ дер эдик. Бормиди? Ўзбекистонда ҳукуматнинг халқ дарди билан иши йўқ дер эдик. Бормиди? Ўзбекистонда давлат тилида сифатли ахборот берадиган манбалар деярли йўқ, дер эдик. Бормиди? Буларни сўнгги 2-3 йилдаги муҳитга қараб, қиёслаш мумкин. Ўзбекистондаги ҳақиқатни халқнинг ўзи жуда яхши билади. Эшитиш, тан олиш ҳар доим оғир. Уларни эслатгани, одамлар ўйлагиси ёки шуғуллангиси келмаган масалаларни кўтариб чиққани учун ОАВга лаънатлаш, журналистларга тазйиқ ўтказиш – энг осон йўл. Лоқайдликни оқлаш. Муайян ҳолларда агар журналист кўпиртирса, уни саволга тутиш керак. Асос билан бермаса, демак, профессионал журналистнинг иши эмас. Ҳар қандай ОАВ учун уятли ҳолат бу. Лекин берган маълумоти рост бўлса-ю, эшитгани ёки томоша қилаётгани кимгадир ёқмаса, бунда журналистни айблаш адолатдан эмас. Умуман журналистнинг биринчи галдаги иши – одамларни хурсанд қилиш ёки уларнинг кўнглини кўтариш эмас.

– Ўзбекистонда матбуот “тўртинчи ҳокимият” деб аталади ва ОАВ ҳақидаги қонунлардан хабарингиз бор. Аммо “тўртинчи ҳокимият” даражасига чиқа олинмаётганига, сизнингча, нималар сабаб?

– Биринчидан, ҳозирча Ўзбекистонда ОАВ “тўртинчи ҳокимият” даражасида эмас.

Ҳар бир юртда журналистлар ўзини англаши, ўзи учун курашиши ва оёққа туриши учун машаққатли имтиҳонлардан ўтган. Ўзбекистонда бу жараён, энди аста-секинлик билан бошланмоқда. Бир нарсани аниқлаштириб олиш зарур: журналистика давлат, миллат, ҳукумат, маданият, дин ёки бирор бошқа соҳанинг ёки манфаатнинг тарғиботчиси эмас. Уларнинг тарғиботи бошқа, журналистика бошқа. Менимча, Ўзбекистондаги туб муаммо шундаки, мен ҳозир санаб ўтган нарсаларнинг тарғиботи журналистика саналган ва ҳамон шундай қаралади.

Тўғри, биз халқни ҳукумат билан боғлашимиз керак, инсонлар ҳаёти учун муҳим воқеаларни ёритишимиз керак, лекин бу иш ҳокимиятни ёки халқни кўкка кўтариш дегани эмас. Биз барча тарафларни саволга тутишимиз керак – амалдор ҳам, фуқаро ҳам бирдек жавобгар. Масалан, ислоҳотлар қай даражада эканини таҳлил қилиш учун, умуман бу борада бирор маълумот тўплаш учун, ислоҳот юзасидан қарор қилганлар, уни амалга ошириш учун масъуллар ва бу жараёнда бевосита иштирок этиши ва ҳисса қўшиши керак бўлган фуқароларга ҳам савол беришимиз керак.

Давлатни тарғиб қилиш, менталитет ва маданиятни улуғлаш, диний ва миллий қадриятларни ҳимоя қилиш бошқа тарафларнинг иши. Агар ўзини журналистман деган одам шу ишларни қилмоқчи бўлса, қилаверсин. Лекин унда у журналист эмас, мазкур йўналишларнинг фаол тарғиботчи, холос.

Мен Ўзбекистонда қай журналистик доирага кирмай, шуни айтаман. Журналистика ва матбуот жамият кўзгуси, деб фахрланамиз. Лекин биз ўзимиз ҳам ойнага қараб, ким эканимизни тан олишимиз керак. Мақсад том маънодаги журналистика бўлса, демак, жаҳон бўйлаб шаклланган меъёрлар ва тамойиллар асосида ишлашимиз жоиз. Биламан, ғарбона ва шарқона журналистика, ўзбекнинг ўзига хос журналистикаси бор, деб қайд этиб туришади. Мен бундай ёндашувдан йироқман. Чунки дунёнинг қай ерига борманг, одамлар биздан бир нарса кутади: сифатли ахборот. Сифат эса чегара, маданият, дин, ҳукумат ва миллат танламайди.

– Халқимизнинг яхши фазилатлари кўп. Ота-онани бошида кўтаради, устозни отангдан улуғ дейди. Меҳмонни эса атойи Худо деб билади. Эл бошида турган катта-кичик раҳбарларни эъзозлайди, ҳурмат қилади. Бугунги Европа матбуоти эса катта кичик давлат раҳбарларни ҳам аяб ўтирмайди. Бу сизнингча яхшими?

– Мутасаддиларни ҳақли ва ўринли саволга тутиш – журналистиканинг энг устувор жиҳатларидан бири. Улардан ҳисоб сўраш, қилаётган иши юзасидан маълумот талаб қилиш, масъулият ва жавобгарлик даражасини баҳолаш, бу – фақат Ғарб, хусусан сиз айтгандек, Eвропага медиасига хос принциплар эмас. Осиёнинг кўплаб давлатларида, жумладан, дунёнинг иккинчи энг йирик жамияти Ҳиндистонда ОАВ азалдан ҳокимиятдагиларни изза қилиб келади. Амалдорларни саволга тутиш, танқид қилиш учун журналистлар уялиши, узр сўраши ёки “буюк маданиятимизга тўғри келмайди”, дейиши мантиқсизликдир.

Яна бир нарса: дунёда ўзини ноёб, буюк деб ҳисобламайдиган халқнинг ўзи йўқ. Ҳамма ўзига хос. Маданиятимизни рўкач қилиб, ўзимизга ўзимиз тўсиқ қўйишни, шу тариқа ўзимизни ўзимиз цензура қилишни бас қилишимиз керак.

– “Амера овози”нинг янгилик олиш принциплари қанақа? Иш тажрибангиз билан ўртоқлашсангиз.

– Ташкилотимиз 1942 йилдан бери ишлаб келади. 46 тилда эфирга чиқамиз. Эътиборимиз ахборот оқими нисбатан чекланган мамлакатларда. Бу жамиятларга холис, тезкор ва ишончли информация узатиш – асосий фаолиятимиз мезони. ТВ, радио, интернетда. АҚШ Конгресси ҳар йили фаолиятимиз учун маблағ ажратади

“Америка овози”да oлтин қоидамиз бор: бирор “маълумот” ахборот деб ҳисобланиши учун камида икки ишончли томон тасдиқлаши лозим. Акс ҳолда, информация сифатида узатилмаслиги керак. Хабар тарқатишда биринчи бўлишимиз шарт эмас. Кейинроқ берамиз, лекин ишонч билан берамиз. Биз дунёга халқаро медиа сифатида қараймиз. Масалаларга глобал нуқтаи назар билан ёндашамиз. Масалан, Ўзбекистонни ёритар эканман, бу ердаги жараёнларга ташқи дунё кўзи билан қарайман. Лекин ички динамикани тушунмай таҳлил қилиш қийин.

Шу боис вақтимнинг катта қисми вазиятни ўрганишга кетади. Узоқ йиллар Ўзбекистонни ташқаридан ёритдик. Имкон қадар ҳақиқатни аниқлашга ҳаракат қилдик. Лекин бу ерда бўлиш, жамоатчилик билан мулоқот, ҳукумат билан мулоқот, хусусий ва ноҳукумат сектор билан мулоқот – булар нафақат тасаввурни бойитади, балки маълумот сифатини ҳам оширади. Бу – ниҳоятда муҳим.

“Америка овози”нинг азалий шиори бор: хуш хабарми, шум хабар, сизга ҳақиқатни айтамиз. Билмасак, тан оламиз: билмаймиз, деймиз.

– Ким қанча маош олишини сўраш одобдан эмас, албатта. Лекин ОАВ ходимларининг ҳам ўз шахсий ҳаёти, оиласи ва бола-чақаси бор…

– Журналистлик қанчалик машаққатли касб экани ва бу соҳа эгалари соат сайин янгидан-янги синовлар билан юзлашишини ҳисобга олиб, айтиш мумкинки, журналистнинг маоши ҳозиргига қараганда, имкон қадар кўпроқ бўлиши керак. Чунки ўз ишининг устаси бўлса, тиним билмай ишласа, унинг меҳнати бебаҳо.

Америкада журналистларнинг топиши орасида катта тафовутлар сезилади. Журналистдан телеюлдузга айланган одам, АҚШда масалан, йилига 10-12 миллион доллар топиши мумкин. Унинг дастури устида ишлаётган продюсерлар ва муҳаррирлар, энг муҳим ишларни қилиб ўтирганлар эса узоғи билан йилига 70-80 минг доллар олаётган бўлиши мумкин. Америкада ОАВда ишлайдиганларнинг аксарияти йилига 40 минг доллардан 70 минг долларгача топади. Бу касбий уюшмалар томонидан тасдиқланган маълумот.

Катта шаҳарларда бу маошга яшаш ва айниқса, оила боқиш амри маҳол. Турар жой, eгулик, тиббий суғурта, машина, фарзандларнинг таълими ва бошқа харажатларни қоплаши қийин. Оилада яна кимдир ишлаши керак. Журналист, агар вақт топса, таҳрирчилик қилиб ёки бошқа кўникмаларига таяниб, қўшимча пул топиши мумкин. Лекин аксарият ҳолларда ташкилотлар, уларнинг тўлиқ ставкадаги ходими бўлмасангиз, фақат уларга ишлашингизни талаб қилади.

Чунки манфаатлар тўқнашуви деган нарса бор. Мухбирман, деган одам бир неча жойда ишлаши – катта муаммо. Холислигингиз шубҳа остида қолади. Шунинг учун журналистлар одатда фақат бир ОАВда ишлайди.

Ўзимнинг маошимга келсам, “Америка овози” яхши тўлайди. Қадримни биламан. Талабларимни қопламайдиган маошга ишламаган бўлар эдим. Билим, малака, нуфуз ва ҳар кунги меҳнатингиз самараси – муҳим омиллар. Ҳаммасининг қадри ва баҳоси бор.

Биламан, охирги йилларда Ўзбекистонда шу жумладан, журналистикада ҳам топиш-тутиш ошганидан хабардорман, хусусан eтакчи сайтларда..

– Каръерангиз борасида ўзингиз орзу қилгандек иш таклифи бўлса, Ўзбекистонда ишлармидингиз?

– Таклифлар келиб турибди, лекин ҳозирги ишимга жудаям боғланиб қолганман. Ижодий ва шахсий жиҳатдан ишхонамдан мамнунман. Бироқ келинг деяётганларга “шундай таклиф қилингларки, йўқ дея олмай”, дейман. Ҳозирча унақаси бўлгани йўқ.

Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди

2019 йил 19 июнь, 15-сон

Hurriyat газетаси

Бошқа хабарлар