Бу кредит… камбағал учун кишан эмасми?

5131

«Чуст шаҳридан мурожаат қиляпман, оилада мен боқувчиман. Отам вафот этган. Шароитимиз оғир, камбағалликдан чиқиш учун кредитга иккита мол олдим. Аммо бу молларни менга 31 миллион 600 минг сўмга ўтказишди. Бозорда бу икки чорва молга атиги 14 миллион сўм таклиф қилишди. Қийналган оила эдик, баттар оғир аҳволга тушиб қолдим, ҳали пешонамда бу катта миқдордаги кредитни тўлаш ҳам бормиди…»

Бу – «Темир дафтар»га кирган, 24 ёшли чустлик йигитнинг ижтимоий тармоқлар орқали мутасаддиларга мурожаати…
Энди ўйлаб кўрайлик. Халқ учун жонини койитиб, аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»ни тузишаётганлар, хонадонма-хонадон юриб, ночор қатлам бўйича ўрганишлар ўтказаётганларнинг меҳнати бир томонда қолиб, камбағалнинг қўли калталигидан фойдаланаётган айрим таъминотчиларнинг бениҳоя «жонбозликлари» иккинчи томоннинг палласини босиб кетмаяптими?
Шу маънода, баъзи таъминотчиларнинг касрига учраб, камбағалликдан чиқаман деб, баттар чорасизлик ботқоғига ботаётган фуқароларга берилаётган кредитларнинг суммасигача назорат қилиниши ҳам бугунги куннинг асосий вазифаси, дея қаралиши керакка ўхшаб қолмоқда.
Эътиборингизни яна бир мурожаатга қаратамиз: ижтимоий тармоқларда Уйчи туманида «Ҳар бир оила – тадбиркор» ­дастури бўйича бозорда тирик вазни 28-30 минг сўм қилиб белгиланган ­қора- моллар нархи айрим нафси ҳакалак отган таъминотчилар томонидан 50-55 минг сўмдан кредит олувчиларга ўтказилаётгани ҳақида шов-шувлар тарқалди.
– Ана шундай эътирозлардан келиб чиққан ҳолда, «Аёллар дафтари»га киритилганларга қорамол ёки қўй етказиб берилишида белгилаб қўйилган нархларга амал қилиниши устидан ҳам назорат ўрнатишни вазифамизнинг асосий қисми қилиб белгилаб олдик, – дейди «Аёллар дафтари» бўйича Наманган вилояти ишчи гуруҳи раҳбари Фарҳод Ҳанапияев. – Ўзи шундай ҳам қийинчиликлар билан яшаётган аёлларимизга қорамолларни кредит эвазига қиммат нархда ўтказиб, аҳволининг баттар оғирлашишига йўл қўйсак, уларнинг эртанги кунга ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи сўниши мумкин.
Айни пайтда вилоятда маҳаллабай иш ташкил этиш бўйича Наманган шаҳридаги бир нечта маҳаллалардан рўйхатга олинган эҳтиёжманд оилаларга кредит асосида қорамоллар, асаларичилик ва қуёнчилик билан шуғулланиш истаги борларга қатъий белгилаб қўйилган нархлар бўйича қуён ва асалари қутилари топширилди. Чортоқ туманида эса 65 та кам таъминланган оилага 975 бош зотдор товуқлар икки ойлик озуқаси билан бепул тарқатилди. Бу қилинаётган ишлар, биринчидан, аҳолини камбағалликдан чиқаришга ҳаракат бўлса, иккинчидан, уларни ҳар томонлама тадбиркор бўлишга ўргатмоқда.
– Ишсизлигим туфайли «Аёллар дафтари»га киритилганман, – дейди «Исвахон» МФЙда яшовчи Нигора Ботирова. – Қарамоғимдаги онамнинг кўзи ожиз, уларнинг ёлғиз ўзини ташлаб, ишлагани кетолмайман. Ҳолатимни инобатга олишиб, ишчи гуруҳ вакиллари менга кредит асосида иссиқхона қуриб беришди. Энди ўз ­уйимдан узоққа кетмаган ҳолда ҳовлимдаги иссиқхонада ишлайман, шундан даромад қиламан ва бир вақтнинг ўзида онамга ҳам кўз-қулоқ бўлиб тураман.
Чуст туманидаги «Қорақўрғон» маҳалласи Қирғизистон билан чегарадош бўлган энг чекка ҳудуд бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш корхоналари деярли йўқ, ҳисоби. Аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги эски масжид ўрнига 30 ўринга мўлжалланган тикув цехи ташкил этилди ва маҳалладаги ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар ишга жойланди.
Бугун вилоятда ишли бўламан деган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, кредит олиб, бирини икки қилиш ҳаракатида юрган хотин-қизларимиз ва камбағалликдан чиқаман дея яхши ниятда иш бошламоқчи бўлган фуқароларимизнинг эртанги кунга ишончи ушбу йўналишда вазифасига виждонан ёндашаётган масъулларнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ.
Шу ўринда мутасадди вакиллар ишонч ҳар недан устунлигини унутмасалар, олам гулистон…

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»