Мўйноқ мўъжизалари: ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНАЁТГАН АФСОНАЛАР

3259

Бугун-чи?

Бугун Нукусда кўрмаганингиз транспортларни Оролнинг қуриган тубида кўриб, ҳайратланмай иложингиз йўқ. 2015 йилда туман маркази кўчаларида фақат конденсат газ билан юрадиган мотоцикл ва «Москвич»ларга кўзингиз тушиши мумкин эди. Ҳозирда замонавий йўлтанламас автомашиналарни бошқа жойларда кам кўрарсиз, аммо Мўйноқда бисёр.
2015 йили Мўйноқда одамларнинг кўзларида умидсизликни кўрганман, фожиани ҳис қилганман. Ишсизлик, турли хасталиклар одамлар тинкасини обдан қуритган. Лекин шундай шароитда ҳам улар она юртини ташлаб кетмай, келажакка умид боғлаб яшади. Ва бу кунлар, ниҳоят, етиб келди.
Ҳозир ҳамма Мўйноққа боришни орзу қила бошлади. Шахсан ўзим хизмат юзасидан деярли ҳар ойда бораман. Шунда ҳам, ҳар боришимда юрагим худди биринчи бор ташрифимдагидек ҳаприқиб туради.
Ўзига ром қилаётган ўлканинг меҳри ­бошқача. Инсонга қандайдир куч бағишлайди. Қўнғиротдан ўтгандан кейин ана шу ҳис-туйғу вужудингизни эгаллаб олади. Бир вақтлар денгиз бўлган жойларга келганингизда, хаёлингиздан кўп нарсалар кечиши аниқ.
Мўйноққа етиб келгач, ўзгача ҳиссиётлар оламига чўмасиз. Янгидан қурилган ва қурилаётган бинолар, ижтимоий ­объектлар янги ҳаёт бошланганидан дарак беради.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Мактаб­гача таълим вазирлиги Мўйноққа пресс-тур ташкил қилди. Хорижий нуфузли ОАВларнинг Ўзбекистондаги мухбирлари, маҳаллий журналистлар иштирокида ўтказилган тадбирнинг энг қайноқ нуқтаси айнан шу туманда бўлди десам, ишонаверинг. Кўпчиликнинг илк бор Мўйноқни кўриши экан, об-ҳаво шу куни ноқулай бўлса ҳам, бу ҳеч кимнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатмади.
Туман марказидаги «Сурхон қуёши» мактаб­гача таълим ташкилоти меҳмонлар дастлабки ташриф буюрган маскан бўлди. 3,3 миллиард сўм эвазига қурилган 70 та ўринга мўлжалланган боғча Сурхондарё вилоятининг «Сурхон саноат қурилиш» компанияси томонидан Мўйноққа қилган совғаси экан.
Мўйноқ туманида 3-7 ёшдаги жами болалар сони 2403 нафар бўлиб, шуларнинг 2348 нафари, яъни болаларнинг қарийб 98 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинованинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бошқа туманларида 98 фоизлик қамраб олиш кўрсаткичи қайд этилмаган. Мўйноқда 2017 йилда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш атиги 23 фоизгина бўлган, холос.
2017 йилгача Мўйноқда фақат 7 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 27 га етган. Ташкилотларнинг 17 таси давлат, 8 таси оилавий, 2 таси давлат-хусусий шерикчилигидаги мактабгача таълим ташкилотидир.
Мўйноқдаги барча мактабгача таълим ташкилотларида, хоҳ у давлат, хоҳ оилавий, хоҳ давлат-хусусий шерикчилигидаги боғча бўлсин, болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови – 79 минг сўм. Бу туманга давлат томонидан берилган кўпдан-кўп имтиёзларнинг биридир.

«Маданият Мўйноқдан бошланади»

Давлатимиз раҳбарининг шиорга айланган ушбу иборасида теран маъно бор.
Қорақалпоғистондаги кўплаб таниқли давлат арбоблари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, олимлар, шоир-ёзувчилар, маданият соҳаси вакиллари Мўйноқда, Орол денгизига яқин жойда туғилиб ўсган.
Масалан, Бердақ ва Ажиниёз асли мўйноқлик. Халқ шоири Тилеуберген Жумамуратов ижодининг асосий маҳсули туғилиб ўсган жойи – Орол денгизи соҳиллари тўғрисидадир. Қорақалпоғистон Республикасини бош­қарган Қаллибек Камалов, марҳум Сағиндиқ Нийетуллаев, Уббинияз Аширбеков ва марҳум Тимур Камаловлар ҳам Оролга яқин жойда таваллуд топган.
Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган селектор мажлисларида ҳукумат раҳбарларининг эътиборини доимо битта далил жалб қилиб келади. Яъни, барча шаҳар-у туманларда коммунал ва солиқлардан қарздорлик бор, аммо ишсизлик даражаси юқори, муаммолар гирдобида қолган Мўйноқ аҳолисида қарздорлик йўқ ёки жуда паст. Нимага бундай?
Маълум бўлишича, қўлига маошини ёки ­нафақасини олган мўйноқликлар биринчи ­навбатда давлат хизматларидан қарзларини узиб олар экан. Бу азалдан уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Демак, маданият Мўйноқдан бошланиши ҳам бежиз эмас.

Мардона халқ ибрати

Бир сафар қиш ойида Мўйноқдан қайтиб келаётиб, машинага бирга минган аёл киши билан суҳбатлашиб қолдим.
– Ўтган ҳафта сигирим яйловга кетиб, келмай қолди, – деди у. – Яйлов деганим – қуриб қолган кўлдаги қамишлар. Кеча шу сигиримни излаб чиқдим. Кўлга сув кўп келиб, жонивор қамалда қолган экан. Сув этик кийиб, кўлнинг ичига кириб, олиб чиқдим. Лекин сув белимгача келди. Совуқ қотиб қолдим. Уйга бориб, укол олдим.
Шу гапни у оддий қилиб, кундалик иш фаолияти каби айтаётган эди, мен эса «шу совуқда сувга тушдингизми?» деб ҳайратдан лол қолдим. Ноябрь ойида Мўйноқда анча совуқ бўлишини ҳисобга олсак, ҳаммаси ўз-ўзидан аёнлашади.
Ҳа, мўйноқликлар – мард халқ. Бунга яна бир мисол келтираман.
Бугунги кунда Орол денгизининг қуриган ҳудудида 5 миллион гектардан зиёд майдонда заҳарли пестицидлар билан тўйинган қумли-тузли чексиз саҳро пайдо бўлди. Ҳар йили шу саҳродан 100 миллион тонна заҳарли чанг кўтарилади.
Экологик фожиа оқибатида Оролбўйи ҳудудида нафас йўллари касалликлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сил билан касалланиш кўрсаткичи 100 минг одамга 50 тадан ортиққа тўғри келса, эпидемия ҳисобланади. Қорақалпоғис­тонда эса бу кўрсаткич 78 тани ташкил этади. Орол денгизига яқин ҳудудларда бундан ҳам юқори.
Ҳудудда камқонлик, онкологик ва бошқа касалликлар кўпаймоқда, гўдаклар ўлими ўртача кўрсаткичдан икки марта юқори.
Экологик фожиа туфайли ҳар 4-5 йилда ҳудудда сувсизлик юзага келиб, у 2-3 йиллаб давом этмоқда. Бу бутун агросаноат комплексига, жумладан, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саноатда қайта ишлаш ва бошқа соҳаларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мана шундай қийинчиликларни матонат билан енгиб, фожиани омадга, туманни «Саҳро марвариди»га айлантириш учун фидокорона меҳнат қилаётган мўйноқликларни мард халқ деб айтмаслик мумкинми?!
Шунча қийинчиликларни бошидан кечирган одамларни, албатта, бахтли кунлар кутиб тургани аниқ. Бугун давлатимиз раҳбари олиб бораётган ҳаётбахш ислоҳотлар сабаб Мўйноқда мўъжиза мисол ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу – бахтли кунлар ­бошланаётгани белгиси.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»