Эҳтиёт бўлинг: «ўлик жонлар»

492

ёхуд «ишламаган тишлайди!» ибораси ҳамон амалдами?

Ота-она ўз фарзандларининг яхши парваришланишига ҳаракат қилади. Бу нарсани бошқалардан ҳам кутади. Масалан, мактабгача таълим муассасасига топшираётганда боласи ишончли қўлларда бўлишини истайди. Аммо кун бўйи ишда бўлиб, фақат кечки пайт уйга олиб қайтишга улгурадиган киши фарзанди қатнаётган «боғча» даги аҳвол, шароитни қаердан ҳам билсин?
Миллий матбуот марказида Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти иштирокида жорий йилда ички аудит ишлари натижаларига бағишланган матбуот анжуманида соҳада бугунги кунда долзарб бўлиб турган айрим муаммоли масалалар муҳокама этилди.

Ҳар қадамда камомад…

Анжуманда таъкидланишича, ички аудитда 2018 йилда умумий қиймати 11 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва 278 та ўрганиш натижалари чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. Шу йилнинг биринчи чорагида эса бу кўрсаткич 109 та ўрганиш ҳужжатларида 5,4 млрд. сўмга тенг бўлди.
Бунда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг бузилиши, бюджет маблағларини нотўғри режалаштириш, моддий бойликлар ортиқчалиги ва бадал пулларини кам ҳисоблаш каби ноқонуний ҳолатлар аниқланган.

Боғчадаги ўзибўларчилик

Таҳлилларга кўра, ноқонуний харажатларнинг асосий қисми «ўлик жонлар» , яъни мактабгача таълим муассасасига турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин ҳақиқатда муассасада умуман ишламайдиган «стажчи ходимлар» туфайли юзага келмоқда.
– Улар, аввало, давлат бюджетига катта миқдорда зарар келтиряпти, – деди вазирликнинг аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов. – Ноқонуний маош ва меҳнат стажига эга бўлгандан кейин улар пенсия ҳам олишади. Бундай «ходимлар» нинг қаерда ва нима иш қилаётгани эса номаълум. Энг ёмони, МТМларда иш ўрни қолмайди. Вазифаларни тегишли мутахассисликка эга бўлмаган ходимлар бажаради. Текширувлар пайтида айрим жойларда тарбиячи вазифасини ошпазлар, фаррошлар бажариб келаётгани аниқланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа алоқадор давлат органлари кўмагисиз бу муаммони ҳал этиш мушкул. Қолаверса, ходимларга ўз лавозими доирасидан ташқарида бўлган қўшимча ишларни юклаш, вақтида берилмайдиган ойлик маоши, бунинг устига ходимларнинг маош ва мукофотларини «туя қилиш» ҳолатлари ҳам аниқланди.
Масалан, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 16-сонли МТМда 2015-2018 йилларда ходимлар номига тўлов қайдномалари орқали чиқарилган 115 млн. сўм нақд пуллари ҳақида ходимларнинг ўзлари

Билишмаган ҳам. мудирами ёки эксплуататор?

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 14-сонли МТМда ишлаган ходимлар 5-6 йил мобайнида иш ҳақини ўз вақтида олмаган, бундан ташқари, дам олиш кунлари фермер хўжаликларида ишлашга жалб қилиб келинган.
Қизиғи, бу муассасада ишлаб келган қайнонани ҳамма боғча мудираси, келинини эса тарбиячи деб билишган. Текширув давомида аслида, аксинча, ҳужжатда келин боғча мудираси, қайнона тарбиячи лавозимида ишлаши маълум бўлди. Ўрганиш ва тафтишлар натижасида муассасада 197,5 млн. сўм миқдоридаги давлат бюджети маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинган.

Тўлов пулларини кимга  беряпсиз?

Белгиланган тартибга кўра, ­МТМга болалар таъминоти учун тўловлар тижорат банклари ёрқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда тўланиши лозим. Лекин амалда аксарият ота-оналар тўлов пулларини гуруҳ тарбиячиси, боғча мудираси ёки у бириктирган ходимга беришади. Улар йиғилган пулни банкка ғазна ҳисобварағига кирим қилиш учун топширишлари керак. Бу, ўз навбатида, ходимга пулни ноқонуний ўзлаштиришга имкон беради.
Тафтиш ишлари вақтида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 226-сонли МТМда 96 млн. сўм, Учтепа туманидаги 19-сонли МТМда 100 млн. сўм, шунингдек, Жиззах шаҳридаги 24-сонли МТМда 64,3 млн. сўм миқдоридаги тўлов пуллари ғазнага кирим қилинмагани аниқланган.
Матбуот анжуманида барча аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тўланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилгани, бу каби ноқонуний ҳолатларга бундан буён барҳам бериш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишда ота-оналар ҳам, муассасалар ходимлари ҳам эътиборли бўлиш­лари зарурлиги таъкидланди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар