“Умид ила… интилдим”

1177

Темур Шириновнинг бугун сизга ҳавола этаётган хотиралари – “Умид ила… интилдим” деб номланади. Бу китоб нафақат биз, балки бугунги ёшлар учун ҳам ғоят ибратлидир. Чунки, миллионлаб ёшларимизнинг ҳаёт йўллари Темур Шириновнинг китобда акс этган ҳаёт йўли, айниқса, болалигига айнан ўхшаш. Ўқувчи ундан андоза олиши, жидду жаҳд қилиши мумкин. Зеро бу ҳаётий лавҳаларнинг тарбиявий аҳамияти каттадир.

Боз устига, домла ҳаёт йўлларини босқичма-босқич, усталик билан, оила тақдирини замон тарихига уйқаш ҳолда ҳикоя қилган, бадиийлик касб этган жойлари ҳам бор. Матн содда, лекин ширали ўзбек адабий тилида, баъзи ўринларда эса Фориш лаҳжаси ила ёзилган. Фикрлар аниқ, шунинг учун ҳар бир воқеа хотирага муҳрланиб қолади. Муаллифнинг ҳикояси сизни завқу-шавққа тўлдиради. Кейинги варақларини ўқишга интиқлик билан шошасиз.

Қадрли китобхон! Китобни ўқир экансиз, унда ўзингиз билган, таниган шахслар қиёфасига дуч келасиз. Уларнинг ички дунёси, сийратидан бохабар бўласиз.

Темур Шириновнинг ҳаёт йўли қанчалик машаққатли бўлмасин, лекин, у шарафли ҳамдир. Шу маънода у ўзбекона орзу, ҳаётга чексиз муҳаббат, ҳавас, интилиш тимсолига айланади.

Темур Ширинов – камтарин, камсуқум, халқпарвар инсон. Республикамизнинг таниқли археологларидан бири, иқтидорли нотиқ, адолатли раҳбар, тарих фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, халқаро миқиёсда тан олинган олим. У Франциядаги “Ля Темуриди” ассоцияциясининг вице-презеденти, Германия археология институтининг мухбир аъзоси, Польша, Варшава университетининг олтин медали соҳиби, Япония, Токио Сока университетининг олий мукофоти совриндори, Италиянинг Болонья университети профессори ҳисобланади.

Ўнлаб халқаро илмий конференцияларда маърузалар қилган, мақолалари чет элларда, бир монографияси Германияда чоп қилинган.

Олимнинг ижод маҳсули анча салмоқли. У Ўзбекистон қадим Шарқ цивилизациясининг мустақил ўчоқларидан бири эканини, шаҳар маданияти бундан 4 минг йил муқаддам шаклланганини, давлатчилиги тарихи эса 3-3,5 минг йилларга бориб тақалишини ҳамда Самарқанд шаҳрининг ёши 2750 йил эканнини илмий исботлаб берган, яна бир қанча шаҳарларимизнинг ёшларини аниқлашда, улар юбилейларининг ўтказилишида фаол ҳисса қўшган беназир олимдир.

Н. КУРБАНОВА