Тинчликнинг узоқ ва мураккаб йўли

1278

Афсуски, Афғонистондаги зиддиятлар 2020 йил сентябрь ойида афғонлараро тинчлик музокаралари бошлангандан бери янада кучайди. 2020 йил 29 февралда «Дональд Трамп» ва Дональд Трамп маъмурияти томонидан имзоланган Доҳа келишуви ҳам мамлакатда давом этиб келаётган низоларни тўхтата олмади. Эндиликда Миллий ярашув кенгаши 16 апрель куни Туркияда ўтказилиши кутилаётган Афғонистонда тинчлик жараёнини жадаллаштиришга қаратилган халқаро конференцияга ягона «тинчлик йўл харитаси»ни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.

Хўш, бу жараён Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги сўнгги ҳал қилувчи қадам бўла оладими? Албатта, мушкул масала. Аммо умидлар бор. Бунинг учун томонлар муросаю-мадорага кўниши шарт. Бир томондан, АҚШ шу йилнинг 1 майигача бўлмаса-да, яқин ойларда Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши, толиблар коалицион ҳукумат тузилишига рўйхушлик бериши лозим. Ҳозирча «Толибон» Афғонистондан давлат сиёсий тузилиши шакли ва жамиятда аёллар мавқеи юзасидан ўз позициясида қайсарлик қилиб турибди. Аммо АҚШ билан келишувда кўзда тутилганидек, хорижий коалиция қўшинларига бирорта ҳужум уюштиргани йўқ.
«Толибон» Туркияда 16 апрелда бошланадиган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларда иштирок этишга тайёр эмаслигини эълон қилди. «Толибон»нинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Муҳаммад Наим ҳаракат бу музокарага кейинроқ қўшилиш эҳтимолини муҳокама қилишини айтди. Агар шу ҳол юз берса, бу қарор АҚШнинг Афғонис­тонда тинчлик музокараларини ўтказишга бўлган уринишига берилган зарба бўлади.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтадиган мазкур конференция БМТ ва АҚШ томонидан уюштирилган. Ўн кунлик анжуманда Афғонис­тон ҳукумати, «Толибон», Покистон, Россия, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳукумати ва умуман 20дан зиёд делегациялар вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.
Бир ойдирки, Афғонистондаги сиёсий кучлар орасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Узоқ йиллардан бери бир-бирини душман деб билган, ҳали ҳам адоватни тўлиқ четга сурмаган тарафлар тил топишиши узоққа чўзиладиган кўринади. Бироқ АҚШ жараёнлардан умидвор. Америка президентининг Афғонистон масалалари бўйича маслаҳатчиси Залмай Ҳалилзод ким билан учрашмасин, муросадан бошқа йўл йўқлигини эслатмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Истанбулда кутилаётган конференция музокарада муҳим бурилиш ясаши керак. Бу орада Америка Афғонистондан 1 майгача 3000 аскарини олиб чиқиш ҳаракатида. Шу билан Вашингтон бу юртдаги ҳарбий миссиясига якун ясайди. Ўтган йили «Толибон» билан имзоланган келишувда у шунга сўз берган. Бу ҳужжатга кўра, НАТО бош­чилигидаги 10 мингга яқин қўшин ҳам чиқиб кетиши керак. Аммо бу масала ҳозир Оқ уйда муҳокамада. Байден маъмурияти Афғонистонда тинчлик ўрнатилмасдан туриб, хорижий ҳарбийларнинг ҳаммаси бу юртни тарк этиши беқарорликка етаклаши мумкин, дея хавотирда. «Толибон» эса Вашингтон шартни бажармаса, жангари ҳужумлари яна авж олади, дея огоҳлантирмоқда. Байден маъмурияти, энг аввало, Афғонистонда янги ўтиш ҳукумати тузишни тавсия қилмоқда. Унда «Толибон»га ҳам ўрин берилади. Янги сайлов куни белгиланади ва бу сайлов натижасида раҳбарият ўзгаради. Президент Ашраф Ғани бу таклифни рад этиб, мамлакат бўйлаб сулҳ эълон қилишни ва тинч­ликка асосланган муваққат бошқарув тузиш ғоясини олға сурмоқда. Унинг фикрича, сайловда ҳозирги бирор раҳбар ўз номзодини қўймаслиги шарт. «Толибон» ҳар икки таклифга йўқ деб, аввало хорижий қўшин чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Гуруҳ позициясига кўра, Афғонистон халқи қандай тузум хоҳлашини ўзи ҳал қилиши керак. Аммо ҳаракат Афғонистоннинг ҳозирги раҳбарияти билан ҳокимиятни бўлишмоқчи эмас. «Толибон» АҚШ ҳукуматини масалани чўзаётганликда, қўшинни олиб чиқмаслик учун баҳона излаётганликда айблайди. 2020 йилдаги келишув шартлари бажарилмаса, яна уруш бошланади, дейилади гуруҳ баёнотида. Байден эса АҚШ қўшинларини 2021 йилнинг 11 сентябригача олиб чиқиш ниятида. Бироқ «Толибон» баёнот тарқатиб, «ватанимиздан барча хорижий қўшинлар олиб чиқилмагунича Исломий Амирлик (толиблар ўзини шундай атайди) Афғонистонга оид қарорлар қабул қилинадиган ҳар қандай конференцияда иштирок этмаслиги»ни маълум қилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кейинги кунларда Афғонистон Миллий ярашув кенгаши давлатда тинчлик ўрнатиш масаласи бўйича 25дан ортиқ таклифни кўриб чиқмоқда. Ушбу тинчлик дастурлари Афғонис­тон президенти маъмурияти ва турли сиёсий партиялар томонидан тайёрланиб, мамлакат Миллий ярашув кенгашига тақдим этилган. Илгари сурилаётган таклифлардан келиб чиққан ҳолда, Туркияда 16 апрелда бош­ланиб, 10 кун давом этиши кутилаётган Афғонистонда тинчлик жараёнини кучайтиришга қаратилган халқаро конференцияга ягона «тинчлик йўл харитаси»ни тайёрлаш ҳам кўзда тутилган. Боз устига, мамлакатда урушни тўхтатишга қаратилган уч босқичли тинчлик режаси президент Ашраф Ғани томонидан жамоатчиликка тақдим этилиши кутилмоқда. «Толибон» ҳаракати билан тинчлик битимини имзолашга қаратилган музокаралар олиб бориш; чекланган ваколатларга эга бўлган ва сайловлар ўтказилгунга қадар фаолият олиб борувчи «ўтиш ҳукумати»ни шакллантириш, халқаро ҳамжамият назоратида сайловлар ўтказиш ва тинчликни таъминлаш ана шу таклифлар сирасига киради.
БМТ байроғи остида ташкил этилаётган муҳим халқаро конференциядан умид катта. Аммо муроса йўли танланмаса, Афғонистонда зўравонликлар кучаяди. Афғон халқи кутган тинчлик йўли яна узоқлашади. Ҳозирги кунда Туркияда яшаётган маршал Абдулрашид Дўстум Истанбул учрашувлари натижа бермаган ҳолда «Толибон»га қарши жангга қайтиши ҳақида огоҳлантирди. Таассуфлар бўлсинки, музокаралар давом этаётганига қарамай, жанговар ҳаракатлар тўхтагани йўқ.
Афғонистонда тинчликни таъминлаш – бу хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдангина иборат эмас. Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев таъкидлаганидек, «тинчликка интилишнинг асосий шарти – бу Афғонистон учун минтақавий ва халқаро миқёсда келишилган, яхлит ва кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир». Марказий Осиёнинг тинчлиги, хавфсизлиги, барқарорлиги, фаровонлиги, Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон Президенти бир неча бор, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам таъкидлаганидек, «Афғонистон муаммосини ҳал этмасдан туриб, тинч ва гуллаб яшнаётган Марказий Осиё ҳақида гапириш мумкин эмас».
Бир ёдга олайлик, айнан тинчлик мақсадида Тошкент конференциясида Ўзбекистон ташаббуси билан «Толибон»ни тинчлик музокаралари жараёнига жалб этиш учун туртки берилди. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият тинчлик жараёнини фақат Афғонистонга қўшни бўлган давлатларнинг фаол иштирокида амалга ошириш мумкинлигини англаб етди. Айни пайтда Тошкент конференцияси турли позицияга эга давлатлар – Покистон ва Ҳиндистон, Эрон ва Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари, энг катта дунё ўйинчилари – Вашингтон, Москва ва Пекиннинг мавқеларини сезиларли даражада бир-бирига яқинлаштирди.
Афғонлараро тинчлик келишуви иш бериб, Афғонистонда якуний тинчликка эришилса, тинч Афғонистон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларимизни диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлаш, икки марта қуруқлик билан ўралган мамлакатимиз маҳсулотларининг рақобатбардош­лилигини ошириш имкониятини яратади. Бу ўринда Мозори Шариф-Қобул-Пешовар темир йўлининг қурилишини назарда тутяпмиз. Агар афғон заминида тинчлик ўрнатилса, Жанубий Осиё ва Европа қитъаси ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташиш муддати ва сарф-харажатлари камаяди, минглаб янги иш ўринлари очилишига хизмат қилади.
Тан олиш керак, неча-неча йилларга бориб тақаладиган тарих давомида Афғонистон давлат арбоблари ва ҳукмдорлари ўз минтақаларида турли минтақавий ва глобал кучларнинг геосиёсий ва стратегик манфаатларини бирдек ҳисобга олмагани учун буюк кучлар сиёсати ва минтақавий урушларнинг қурбони бўлишган. Аммо бу сафар хавф ҳар доимгидан кўпроқ ва у Афғонистон давлатининг омон қолишини талаб қилади. Ҳозирги шароитда Афғонистондаги минтақавий манфаатларни бошқариш жуда қийин. Афғонистон ҳам ўз иқтисодиёти ва ҳарбий салоҳиятини кучайтириш учун етакчиликни қўлга олиши, ақлли дипломатияни ишга солиши лозим. Буларнинг барчасига қўшимча ўлароқ, Афғонистон ҳукумати ва давлат маъмуриятини ташкил этувчи сиёсатчилар мамлакатнинг заифлашишига ва бўлинишига олиб келиши мумкин бўлган қарашлари ва ҳаракатларидан воз кечишлари, Афғонистоннинг бетараф давлат бўлиб қолишини таъминлашлари ва қўшнилари ҳамда бошқа катта кучлар орасидаги мувозанатни сақлашлари керак. Аммо бунинг учун энди, аввало, афғонлараро музокаралар самара бериши ва барқарор ҳукумат тузилиши талаб этилади.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи