Рамазон қўшиғи

1270

Болалигимизда рўза кунлари тенги тўшларим билан оқшом тушишини сабрсизлик билан кутар, боиси, қуёш ботгач, анъанага биноан уйма-уй юриб, рамазон қўшиқларини айтар эдик. Менимча, рамазон қўшиғини куйловчилар ҳар бир даврда ҳам бўлган.

Рамазон қўшиқлари халқимизнинг энг кўҳна маросим қўшиқларидан бири бўлиб, асрлар давомида ёш авлод дилини поклик, ҳалоллик, имон, эътиқод ва меҳр-мурувват зиёси билан равшан этиб келган. Анъанага кўра, қишлоғимиз ўғил болалари ифторликдан кейин уйма-уй юриб, рамазон қўшиқларини айтардик. Ҳар бир ҳовли олдига борганда ўша уй соҳибларининг яхши сифатларини улуғловчи мисраларга бой анъанавий «ё рамазон»ни куйлар эдик.
Бизларга уй эгалари қанд-қурс, пул, белбоғ, турли пишириқлар, хуллас, кўнгилдан чиқариб бирор нарса ҳадя этарди. Ана шу совға-саломларга қараб хонадон соҳибларининг ҳиммати, олижаноблиги, сахийлиги ёки бахиллиги маълум бўларди.
Рўзани уч кун тутиб келдик сизга,
Рўзанинг закотини беринг бизга.
Рамазон айтган билан тўямизми,
Бурунгининг қаъдасини қўямизми?
Бизлар уй эгаларининг олижаноблиги, меҳмондўстлиги ва серҳимматлигини таъриф-тавсиф қилиб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, битмас-туганмас бойлик тилардик.
Рамазон қўшиғида оилага фарзанд тилаш, яъни «қўш кокилли ўғил» ёки «кўнгил гули – қиз» фарзанд ато этилишига, ҳар бир хонадондан алла садолари янграб туришига бўлган эзгу умидлар ҳам мужассамлашган эди:
Ё рамазон, айтиб келдик эшигингизга,
Қўчқордай ўғил берсин бешигингизга,
Қўчқордай ўғил берса бешигингизга,
Ким келиб, ким кетмайди эшигингизга.
Рамазон қўшиқларида аждодлар анъаналарига содиқ бўлиш, яъни «бурунгиларнинг қаъдасини қўймаслик», юксак одамийлик, ота-онани қадрлаш, уларнинг муборак хоки-пойини кўзга тўтиё қилиш ҳар бир фарзанднинг бурчи экани ҳам куйланади:
Дунёга келиб кетган пайғамбарми,
Отаси, онаси тўйган борми?
Отангиз, онангиз азиз тутинг,
Ҳар босган изларини кўзга суртинг.
Хонадон эгаси кўнглидан чиқарган нарсасини ҳадя этгач, болалар уй соҳибларини алқаб, анъанавий рамазон олқишини ижро этганлар:
Сўм-сўм тилло, сўм тилло,
Сувга солса ботмасин.
Худо берган кенг давлат,
Тепкиласа кетмасин.

Муқимбой ИСМОИЛОВ