Ўзбек ва туркман дўстлиги мустаҳкамланмоқда

522

Куни кеча Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида Туркманистон мустақиллигининг 30 йиллиги, шунингдек, мамлакат  бетарафлигининг 25 йиллиги ҳамда 2021 йилнинг “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) талабалари ўртасида таҳлилий маърузаларни тайёрлаш бўйича ўтказилган танлов иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳам ташкил этилди.

Танлов мустақил ва бетараф Туркманистон билан Ўзбекистон ўртасидаги мустақиллик йилларида олиб борилган ҳамкорликка бағишланди ва талабалар «Туркманистон – тинчлик ва ишонч ватани!», «Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мустақиллик йилларидаги ҳамкорлик, янги тенденциялар ва истиқболлар» каби мавзуларда таҳлилий маърузалар тайёрлашиб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни ёритдилар. Тадбирда талабалардан ташқари ЖИДУ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этишди. Ташкил этилган фотокўргазмада иштирокчилар туркманларнинг тарихи ва маданияти, қардош халқнинг урф-одатлари билан танишдилар.

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шерикликнинг янги босқичига кўтарилганини таъкидлади. У мустақиллик йилларида икки давлатнинг ташқи ва ички сиёсатда эришган натижаларининг тинчлик ва ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси беқиёс эканини эътироф этди.

Гули МАҲКАМОВА