Китобдан қўлингни торт, саводсиз!

5062

Шу десангиз, менда ҳам айрим кишиларда учрайдиган «сурункали», аммо юқумсиз бир «касаллик» бор. Қачонки, китоблардаги имловий ва сўз тузилишидаги ёки ноширлик билан боғлиқ хато-камчиликларга кўзим тушса, тутақиб кетиб, «дод» девораман.

Яқинда «эски касалим» яна қўзиди. Бунга ижодкор Ўроз Ҳайдарнинг ижтимоий тармоқларда ва «Ishonch» газетасида эълон қилинган «Толстой ўзбекми?» сарлавҳали мақоласи сабаб бўлди. Ўша мақолада муаллиф Лев Толстойнинг қайта нашр этилган асарларидаги «бир дунё» хато-камчиликларни кўрсатиб, куюниб ёзади: «Кавказ асири» ҳикоясини ўқиб, бошим гангиди. Алаҳсирамаяпманми?! Жумлалар маст кимсанинг алжирашидай пойинтар-сойинтар… Нима бўляпти ўзи? Бу ноширлар қаёққа қарашяпти?»…
Мақола чиққан куннинг эртасига таҳририятимизга бир киши келди. У ўша мақолада исм-шарифи тилга олинган, «Book Media Nashr» нашриётида чоп этилган китобда «муҳаррир» деб кўрсатилган Шариф Холмуродов экан. Суҳбат чоғида у киши ўзини оқлашга уриниб, чунонам куйиб-пишдики, мен «Ундай бўлса, борини ёзиб беринг» дедим.
Тез орада газетада унинг «Бу китобни… кўрган эмасман!» сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Кейин эса…
Кошкийди, шу билан ҳовурим босилса. Аксинча, «Муҳаррирга кўрсатмай, ғиж-ғиж хатоларга тўла китоб чиқарган «ношир»лар бошқа асарларни ҳам шу йўсинда нашр этган ё этаётган бўлиши мумкин-ку» деган хаёлга бордим. Азбаройи қизиқишим зўрлигидан китоб дўконларини айландим. Адашмаган эканман, муҳаррирдан «яширинган», яъни ими-жимида чиқарилган китоблар дўконларда ўзини «кўз-кўз» қилиб турарди. Тўғриси, пулимга ачинсам-да, китоблардан бир қанчасини сотиб олдим.

Таржимон бўлиш шунча осонми?

«Жаҳон бестселлерлари» туркумида чоп этилган китобларни ўқиб, фиғоним фалакка чиқди. Чунки Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Антон Чехов, Рашод Нури Гунтекин, Марио Пьюзо, Марк Твен, Артур Конан Дойл каби дунёга машҳур адиблар асарларининг «абжағи» чиқариб ташланган эди. Аслидан «асар» ҳам қолмаган бу асарларни ўзбекчага ким ўгирган ўзи? Уларнинг аксариятида таржимон сифатида Шаҳноза Асад, Гулчеҳра ва Гулбаҳор Азимовалар кўрсатилган. Баъзиларида эса, ҳатто таржимондан умуман «ном-нишон» йўқ. Тавба, китобларни шу даражада саводсизларча ва амалдаги ноширлик талаб­ларига риоя қилмасдан ҳам чиқарса бўларкан-да?!.
Таржима – улкан ижодий иш! Бу ишга қўл урган кишидан юксак масъулият, малака ва маҳорат талаб қилинади. Менимча, ҳалиги «таржимон»лар буни тушунишмайди. Агар тушунишганда эди, Мирзакалон Исмоилий, Иброҳим Ғафуров каби йирик ижодкор ва моҳир таржимонлар яратган «қўрғон»га орқа-олдини ўйламай қадам қўймасдилар. Аслида, ўша «қўрғон»га кириш мумкин, фақат бунинг учун шунга яраша иқтидор, шунга яраша билим ва албатта, савия бўлиши керак.

Йиғлаётган «Шум бола»

«Саводли ношир»лар бошқа асарлар каби Ғафур Ғулом қаламига мансуб «Шум бола»нинг ҳам «оёғини осмондан қилишган». 2019 йил «Nurafshon business» нашриётида чоп этилган ушбу китоб аннотациясининг ўзидаёқ ўқувчи «G’afur

Gulomning shum bola asari…» тарзидаги илк хатоларга рўбарў келади. Муаллифнинг исмини тўғри ёзолмаган, асар номи қўштирноққа олинишини билмайдиганлар китобда роса «ўтлашган». Масалан, «етишмайди» – «этишмайди», «елкаси» – «элкаси», «етти» – «этти», «ер»… топдингиз, «эр» деб ёзилган. Шу десангиз, асарда «эр»лар «қалашиб ётибди».

Адашмасам, «Шум бола» охирги марта 2018 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида ҳам нашр этилган эди. Устабузармонлар эса уни қайта чоп этишда жиддий хатоларга йўл қўйиб, ўқувчиларни қаттиқ ранжитиб, тилимизга нисбатан ҳурматсизлик қилишяпти.

Ёпирай!..

«Book media nashr». Тошкент – 2019. «Ўзбек мумтоз адабиёти» рукнида нашр этилган китоб муқовасига «Машраб ғазаллари» деб ёзилганини кўриб, исмини киритишмабди-да, дея афсусландим. Китобни ўқигач эса…
Қаранг, «Бобораҳим Машраб самимий дард куйчиси» экан. Ажабо, дард самимий ёки носамимий бўладими? Сиз билмайсизми, мабодо?
Имловий ва техник хатолар «бижғиб ётган» бу китобда айрим ғазаллар икки мартадан берилган. Масалан, 42-бетдаги ғазал 173-саҳифада яна келтирилган. 40-бетдаги ғазални 169-бетда такроран ўқийсиз. Энг қизиғи, унинг 170-бетда берилган вариантидаги «Санги маломат тегди бошимға, Яхши-ёмонга афсона бўлдим» байти 41-бетда тушириб қолдирилган. Наҳотки, муҳаррир, мусаҳҳиҳ ва компьютер устаси бу хатоларни кўрмаган-билмаган бўлса?..
«Ўзбек мумтоз адабиёти» рукнида чоп этилган китоб муқовасидаги «Махтумқули шеърлари» деган ёзувни кўриб, ноширлар унинг туркман шоири эканлигини билишмаганига ачиндим. Китобни очиб ўқисам, ўша нашриёт, ўша муҳаррир, ўша хатолар… И-е, бу ёғи неча пулдан тушди, ака Шариф, қайдасиз?
Шариф ака билан яна учрашдик. Унга масъулиятсизликка йўл қўйганини, китобхонга нисбатан ҳурматсизлик қилганини эслатиб, олдига қатор китоблар, хусусан, ўзи муҳаррирлик қилган Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»ини ҳам қўйдим. Китоб аннотацияси «Қўлингиздаги китоб шарқ маданитига тарихига…» деб бошланади. Девонда имловий хатолар камлик қилгандай, баъзи куплетлар кетма-кетлиги ўзгарган, айримлари эса «йўқолиб» қолган. Агар бу китоб илгари чоп этилган нашрлар билан тўлиқ таққосланса, ким билади яна қанча хато чиқар экан?..

Нечта тилни биласиз, ношир?

Ҳозир кўпчилик ёшлар тил ўрганишга интилмоқда. Тўғри-да, «тил билган – эл билади», «тил билганга – минг танга». Буни яхши билган «уддабурон» ноширлар турли тиллардаги луғатлар, сўзлашгичлар ва «тил ўргатадиган» китоблар чиқаришда ҳам байроқдорлик қилишмоқда. Масалан, кейинги йилларда «Adabiyot uchqunlari» ва «Book media nashr» нашриётларида ўзбекча-русча, ўзбекча-хитойча, … японча, … корейсча, … туркча, … арабча, … инглизча сўзлашгич ва луғатлар нашр этилган.
Ажабланарлиси, икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш бу китоблар муаллифи ҳам фақат икки киши – Ғанишер Матисаев ва Юсуф Нуруллоҳ. Улардан қай бири ҳақиқий муаллиф, қай бири плагиатор, буни билиш даргумон. Агар уларнинг исм-шарифи «эгизак» китобларда тузувчи, тақризчи сифатида ёзилганини ҳисобга олсак, иккаласиям «вундеркинд – полиглот»…
Дарвоқе, камида беш-олтита тилни биладиган киши полиглот ҳисобланади. Ғанишер Матисаев ҳақида аниқ бир гап айтолмайман, аммо ўз исм-фамилиясини турли китобларда Ю.Нурулло, Ю.Нуриллоҳ, Ю.Нурилло, Муҳаммадюсуф Нурилло кўринишида ҳар хил ёзадиган Юсуф исмли шахс полиглот эмас-ов! Негаки, унинг бу даражага етишига французчани билмаслиги халақит беради. Қайдам, балки билар ва аллақачон «Ўзбекча-французча» сўзлашгични ҳам чиқаргандир. Эҳтимол, ўша китоб ҳам бошқа тиллардаги сўзлашгичларга ўхшаб, ғиж-ғиж хатолардан «эзилиб кетгандир».
«Adabiyot uchqunlari», «Book media nashr», «Nurafshon business», «Ilm-ziyo-zakovat» каби нашриётларда минглаб нусхада чоп этилган турли китобларда қайд этилган Юсуф, Иброҳим каби исмлар кишини ҳайратга солади. Шу ўринда, ҳақли бир савол туғилади: хўш, бадиий китобларда мусаҳҳиҳ, сўзлашгич-луғатларда таржимон, тузувчи, муҳаррир сифатида кўрсатилган Юсуф нега отасининг исмини тўғри ёзмайди? Бунинг асл сабаби нима­­ – саводсизликми ёки ниманидир яширишга уриниш? Қолаверса, бошқаларга хорижий тилларни ўргатадиган киши, аввало, ўз тилини яхши билиши, она тилида саводли ёза олиши лозим эмасми?..
«Adabiyot uchqunlari»да 2017 йили чоп этилган «Ўзбекча-японча» сўзлашгич таржимони ва нашрга тайёрловчиси ҳам Юсуф Нурилло экан. Бу китобни ўзбекчани яхши биладиган япон танишим Мутсуми Томитога кўрсатдим. У сўзлашгични шу қадар бўяб қайтардики, мен уятдан ўзимни қўярга жой тополмадим.

Туяқушга айланган мактаб партаси

Болажонларга мўлжалланган луғатлар ҳам хатолар кўплигидан «бўзлаб ётибди». 2017 йил «Adabiyot uchqun­lari»да нашрдан чиқарилган «Инглизча-ўзбекча-русча» луғатда ҳар хил расмлар берилган бўлиб, тагига учта тилда изоҳлар ёзилган. 16-бетда «қаққайган» жирафа расмининг тагига «зебра» деб битилган. 17-бетдаги буқа эса русчада «конь»га, яъни отга айланиб қолган. 24-бетга қўйилган расмга қараганда, тухумнинг русчаси «гамбургер» бўларкан.
Бунисиям ҳолва, 30-бетда тасвирланган торт (ширинлик) номи ўзбекчада «to’rt»га айланиб қолганига, 44-бетдаги мактаб партаси тагига рус ва ўзбек тилларида «страус», «туяқуш» деб ёзилганига нима дейсиз? Ёки таржимонлар чанғи билан чананинг фарқига боришмаганига, баъзи сўзларни совин, қулуб, буғи, самалиёт шаклида хато ёзишганига индамай тура оласизми? Ахир, бу луғат 20 минг нусхада босилган. Демак, уни кўплаб ота-оналар фарзандлари учун харид қилишган. Бироқ ноширларнинг айтишича, салкам тўрт йилдан буён ҳеч ким уларга эътироз билдирмабди.
Наҳотки, бирор ота ёки она боласи билан бирга шуғулланмаган, китобдаги жиддий хатоларга кўзи тушмаган бўлса?

«Муҳаррир»лигидан бехабар муҳаррирлар

Хатоларга бой бу китобларда асосан беш-олти киши муҳаррир сифатида қайд этилган. Аммо уларнинг баъзилари худди Шариф Холмуродов сингари буни ўзлари ҳам билишмаса керак. Масалан, мен Шуҳрат Ғуломов, Ғайрат Эрназаров каби масъул муҳаррирлар ҳақида эшитмаганман, лекин Алишер Назар, Шодмон Салом (аслида Шодмонқул Салом) таниқли ижодкорлардан эканлигини биламан.
Достоевский, Толстой асарларига «муҳаррирлик» қилган Шодмонқул Салом 2019 йил «Ilm-ziyo-zakovat» нашриётида босилган «Инглизча-ўзбекча, ўзбекча-инглизча» луғатни ҳам «обдан» кўздан кечирган экан. Шариф Холмуродов ҳам корейс тилини билганида «Адан Ягача корейс тили» («Book Media Nashr» – 2018) китобига муҳаррирлик қилишдан уялган бўлармиди?
Гапнинг пўсткалласи шуки, жуда кўп китоблар муҳаррир «кўрган» эмас!
Аслида, ҳар битта китобдаги хато ва камчиликлар ҳақида алоҳида мақола ёзса бўлади.

Беҳисоб зарарлар қаршисида…

Мутолаани хуш кўрадиган инсонлардан бири сифатида сифатсиз ва талабга жавоб бермайдиган китобларни кўрсам, рости дилим оғрийди.
Ҳолбуки, китоб ва китобхонга ҳурматсизлик тилга, маънавият ва маърифатга хиёнат қилиш билан баробардир. Шундай экан, пул топиш дардида сифатсиз китоб чиқариб, энг эзгу инсоний ҳис-туйғулар билан ўйнашаётганларни асло кечириб бўлмайди. Ахир, бу миллатнинг устидан кулиш-ку!
Назаримда, миллат келажагига бўлаётган бу хиёнатни жиноятга тенглаштириш керак.
Ноширлик фаолияти, китоблар савиясига масъул ташкилот ва идоралар, шахслар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриши, мавжуд муаммо, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатъий қонуний чора-тадбирлар кўриши, белгилаши шарт. Акс ҳолда, китоб тарғиботи, китобхонлик, мутолаа маданияти ҳақидаги шунча гап-сўзлар, саъй-ҳаракатлар елга совурилгандай зое кетиши тайин.

Математикада тўртта амал бор: +,-, ˟, : . Улар билан фойда-зарар ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Агар ноширликка жиддий эътибор берилмас экан, адаштирадиган, чалғитадиган «китоб»­ларнинг яқин келажакда миллатга, маънавиятга келтирадиган зарарини ҳисоблаб чиқишга тўртта амал ҳам камлик қилади…
Менимча, буни соҳа мутасаддилари ва масъуллар ҳам яхши билишади. Аммо, лекин, бироқ…

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»