Полвонлар Термизда беллашди

367

Термиз шаҳридаги «Алпомиш» ўйингоҳида Ўзбекистон Республикаси
Президенти соврини учун кураш бўйича Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига
бағишланган анъанавий XV халқаро турнир бўлиб ўтди.

Халқаро турнирда Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқишди.
Мусобақанинг аёллар ўртасидаги беллашувларида 1-ўрин 48 кг. вазнда ўзбекис­тонлик Моҳинур Мўминовага, 57 кг. вазнда қозоғис­тонлик Бакит Куссакбаевага, 63 кг. вазнда ўзбекистонлик Маликахон Қаҳҳоровага, 70 кг. вазнда россиялик Владена Гусевага, 70 кг.дан юқори вазнда ўзбекистонлик Покизахон Камолиддиновага насиб этди.
Эркаклар ўртасидаги беллашувлар ҳам ниҳоятда шиддатли кечди. 81 кг. вазнда ўзбекистонлик Умар Бозоров, 90 кг. вазнда россиялик Арам Григорян ғолибликни қўлга киритишди. Эркаклар ўртасида 60 кг., 66 кг., 73 кг. вазндаги полвонлар беллашуви ҳам қизғин кечди.
Мусобақаларнинг 1-ўрин ғолибларига 3 минг, 2-ўрин эгаларига 2 минг, 3-ўринни эгаллаган полвонларнинг ҳар бирига минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари топширилди.
Мутлақ вазн тоифасидаги полвонлар баҳси қизигандан-қизиди. Ўзбекистонлик машҳур полвон Муҳсин Ҳисомиддиновга тожикистонлик Дадахон Қурбоналиев рақиб бўлди. Ҳамма ҳаяжонда. Полвонларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб турган томошабинлар гоҳ Муҳсинни, гоҳ Дадахонни олқишлашар, «Бўш келма, Муҳсин», «Чилинга келди, Дадахон» деган ҳайқириқлар янграрди. Натижада… Муҳсин полвон уйига Президентимизнинг 10 минг АҚШ доллари соврини билан қайтди.
Икки кун давом этган йирик спорт байрамининг очилиш ва ёпилиш тантаналарида концерт дастури намойиш этилди.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»