Терракота ҳайкалчалари сири нимада?

1198

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида 40 га яқин терракота ҳайкалчалари сақланади.
Илмий тилда «терракота» деб номланувчи (лойдан ишланиб, хумдонда пиширилган, сирланмаган ва ранг берилмаган майда ҳайкалчалар. Улар қиздирилгандан сўнг ўзига хос тус-сарғиш, қизғиш-жигарранг, қора ва сиртга эга) ушбу майда ҳайкалчалар милоддан аввалги VI-I асрларга тегишли бўлиб, уларга одамлар, от ва қушлар тасвири туширилган.

Шу кунга қадар бу каби ҳайкалчаларнинг фақат синиқ қолдиқлари топилган, бутун ҳолида сақлангани учрамаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу қадимги даврдаги диний маросимларга боғлиқ. Яъни шу даврларда одамлар янги йилни кутиб олиш пайтида терракота ҳайкалчаларини ясаб, эски ҳайкалчаларни синдириб, ўтган йилдаги дардлар эски йилда қолиб кетсин, деб ирим қилган.
Археологик топилмалар ичида ҳосилдорлик маъбудаси Анахитанинг қиёфаси акс эттирилган кўплаб ҳайкалчалар учрайди. Уларнинг аксарияти ўртача баландлиги 7-20 см, энига 5-10 см, қалинлиги 4-7 см.ни ташкил этади. Қўйқирилган қалъадан топилган ҳайкалчалардан бирида Анахита бир қўлини кўксига қўйиб, иккинчи қўлини осилтириб турган ҳолда, иккинчи ҳайкалча ўнг қўлида амфора (қўш қулоқли кўза) ва чап қўлида коса ушлаган қиёфада. Улар Хоразмнинг антик Юнонистон билан маданий алоқаларидан гувоҳлик беради.
Тупроққалъа ёдгорлигидаги ҳунармандчилик буюмлари орасида ҳайкалтарошлик намуналари алоҳида аҳамият касб этади. Сарой деворларига ишланган расм ва ҳайкаллар милодий I-III асрларга тааллуқли деб ҳисобланади. Ҳайкаллар асосан лойдан, қисман ганч­дан тайёрланган. Улардан катта ҳайкаллар, барельефлар (текис деворга бўрттириб ишланган ҳайкал-тасвирлар) қурилиш архитектураси билан уйғунлаштирилган ва деворий расмлар билан ҳамоҳанг мазмун касб этган. Кишиларнинг қиёфалари табиий рангларга ўхшаш бўёқ­ларда берилган. Ёдгорликдаги тўққизта хонадан 138 га яқин ҳайкал ва ҳайкалчаларнинг фрагментлари қайд қилинган.
Тупроққалъа саройидаги ҳайкалларнинг рамзий жойлаштирилишига назар ташласак, «Шоҳлар хонаси»даги ҳайкаллар гуруҳида аждодлар илоҳийлаштирилган бўлиши мумкин, «Ғалаба хонаси»даги горельефларда шоҳ шон-шавкати ифодаланган, «ҳарбийлар хонаси»да шоҳлар улкан, жангчилар кичик ҳажмда акс эттирилган ва бошқа рамзий аталган сарой хоналари ҳайкаллари бўртма ­тасвирлар ҳамда рангтасвир билан безатилган. Улардан «ҳарбийлар хонаси»нинг токчаларида қора соқолли, қора сочли, қора танали жангчиларнинг ҳайкаллари қўйилган. С.П.Толстовнинг ­фикрича, ушбу «жангчилар» дравид тилида гап­лашувчи Ҳиндистонда яшовчи қавм вакилларидан ёлланма армия бўлиши мумкин. Бугунги кунда бу тўғрида баъзи мутахассислар саройда ёнғин бўлиши оқибатида жангчилар қиёфаси қора рангга айланган деган фикрларни билдиришмоқда.
Аксарият ҳайкаллар ёдгорликнинг «Шоҳлар хонаси»дан топилган. Бу катта зал саройнинг шимоли шарқида жойлашган бўлиб, ҳажми 20х20 метрга тенг. Деворлардаги токчалар ­шаклдор ғиштдан қурилган юпқа панжара деворчалар токчаларни бир-биридан ажратиб туради. Ҳар бир токчада бир гуруҳ ҳайкаллар жойлаштирилган. Бу токчаларнинг иккитасида одам гавдасидан катта ҳажмдаги эркак ҳайкаллар ўрнаштирилган бўлиб, уларнинг атрофида 3-5 тадан эркак, аёл ва болалар ҳайкаллари аниқланган.
Тадқиқотчилар фикрларига кўра, улардан ўтирган ҳолатдаги ҳайкаллар шоҳларники, атрофидаги ҳайкаллар эса оила аъзолари ва ҳомий маъбудалар ҳайкаллари ҳисобланади. Токчаларнинг биридан топилган қўлида қизил олма ушлаган аёл ҳайкалчаси бунинг ёрқин далилидир. Бу ҳайкал ҳосилдорлик худоси Анахита ёки Мина учун характерли тимсол ҳисоб­ланади.
Булардан ташқари, «Қизил бош», «Вазамир қаллиғининг боши» деб номланувчи ҳайкаллар қадимги хоразмликлар қиёфасини акс эттирувчи манбалардан бири ҳисобланади.
Бургутқалъа яқинидан милоддан аввалги II-I асрларга тааллуқли «отга минаётган чавандоз» ҳайкалчаси топилган. От ҳайкалчасининг тўрттала оёқчаси қавариқ нарсага миндирилиб ишланган. Отнинг бўйни, ёли, қуйруғи, устидаги эгар-жабдуқлари, икки томони тўла хуржун ўзига ярашиб турибди.
Ҳайкалчадаги чавандознинг бир оёғи баланд супачага тиралган бўлса, иккинчи оёғи от эгари устига кўтарилган. Афсуски, отнинг боши ва одамнинг белидан юқори қисми синиб йўқолган. Ҳайкалча қизил лойдан, обдан пишириб ясалган, очиқ жигар ранг ялтироқ ранг­га бўялган.
– Қорақалпоғистон ҳудудидаги тарихий қалъаларни илк бор тадқиқ қилган С.П.Толс­тов раҳбарлигидаги археологик экспедициялар воҳадан 400 га яқин турли ҳайкалчалар топган, – дейди Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Бахит Турғанов. – Қадимги Хоразмда дастлабки ҳайкалтарошлик намуналари милоддан аввалги III минг йиллик охири, II минг йиллик бошларига оид ҳисобланса ҳам ҳанузгача ушбу санъат асарлари батафсил ўрганилмаган.
Демак, тарихнинг сирли саҳифалари ҳамон тарихчиларни кутиб турибди. Балки бу ҳайкаллар бизга шонли тарих ва тамаддунлар ҳақида ҳикоя қилар…

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»