«Роналдумисан пенальдумисан…»

948

Ўтган йили футбол бўйича Европа чемпионлари лигасида «Бавария» (Германия) жамоаси «Барселона» (Испания) клубини 8:2 ҳисобида мағлуб этгани кўпчиликнинг ёдида. Ўша баҳсдан кейин https://championat.asia/uz сайтида шундай сарлавҳали мақола эълон қилинди:

«Бавария» чемпионлар лигасида «Барселона»ни зўрлади».
Журналистика мезонлари у ёқда турсин, оддий ахлоқ меъёрларига ҳам зид бўлган сарлавҳа сайт фойдаланувчиларида ҳақли эътирозлар туғдирди. Мухлислар сайтни қаттиқ танқид қилдилар. Кўп ўтмай https://championat.asia/uz мутасаддилари «зўрлади»ни «хўрлади» тарзида ўзгартиришди. Мана бу бош­­қа гап!
Орадан маълум вақт ўтгач, Италия А сериясининг жорий йилги мавсумида «Женоа» ва «Ювентус» жамоалари ўзаро рўбарў келди. Учрашувнинг иккинчи бўлимида майдонга тушган юртдошимиз Элдор Шомуродов якка курашлардан бирида «Юве»нинг энг ёрқин «юлдуз»идан тўпни олиб қўйди. Ҳар қандай «чарм тўп» устаси дуч келадиган оддий ҳол бу. Аммо ўзбекистонлик шинавандалар учун Элдор ва Роналду тўқнашуви билан боғлиқ бояги эпизод фавқулодда ҳодиса сифатида кутиб олинди ва «championat.asia/uz»дагилар ўша ўйиннинг матнли шарҳида қуйидаги «ажойиб» ­«фикр»ларни «зарҳал» ҳарфлар билан битдилар:
«83. Роналдумисан пенальдумисан Элдорга фарқи йўқ. Борадида тўпни олиб қўяди. Чунки у ўзбекда, қизиққон-да)».
Фикри ожизимизча, бу ғаройиб жумлаларда имло қоидаларига қай даражада риоя қилинганидан ҳам кўра, ундаги «эҳтирос», «жўшқинлик» кишига қанчалар «эстетик завқ» бағишлашини таҳлил этиш қизиқроқ бўлса керак.
Худди шу матнли шарҳга бир мухлис шундай изоҳ ёзибди: «Футболимиздан ҳам кўра спорт журналистимизнинг аҳволи оғир экан».
Бу – ҳам футбол мухлисининг, ҳам оддийгина фаросатли кишининг ҳаққоний баҳоси!
Фаросат танқислиги «синд­ром»ини сайтдаги бошқа қатор хабарларда ҳам кўриш мумкин. Чунончи, «Van Persi – Maradona haqida: «U mening oyog’imni o’pdi!»
Хўш, бу гап ўқувчига нима беради?!
Ёки мана бу хато ва мантиқсиз маълумотни қандай изоҳлаш мумкин: «Барселона» форварди Лео Месси фаолиятини ПСЖда давом эттирмоқда».
Аргентиналик машҳур футболчи бошқа жамоага ўтгани йўқ-ку! «championat.asia/uz»дагилар бу маълумотни қаердан олишган – ҳайронмиз…
Футболда ва умуман спорт турларида ҳам спортчиларни мураббий алмаштиради. Спорт хабарларига ихтисослашган шу сайтда, Шомуродов иштирокидаги бошқа бир ўйиннинг шарҳида келтирилган манави чучмал гапга ишонсак, бу ишни футболчи ҳам бажариши мумкин экан:
«68. Ўзгариш. Ниҳоят, Элдор Шомуродов майдонга тушмоқда, у Пандевни алиштириди»
Камина ўзбек тилининг барча имкониятларидан тўла хабардорман деган даъводан йироқман. Аммо ишончим комилки, она тилимизда «алиштириди» деган сўз йўқ! Умуман, https://championat.asia/uzни мунтазам кузатган киши ундаги мақолаларни, шарҳларни ўзбекзабон одамлар ёзяптимикан, дея боши қотиши табиий. Жумладан, «Бретуэйт ва Холанддан дубль», «ПСЖдан қийин ғалаба», «Махрездан хет-трик», «Норхоновдан дубль» каби сарлавҳаларни ўқиганида. Аслида «Холанднинг дубли», «ПСЖнинг қийин ғалабаси», «Мазрезнинг хет-триги», «Норхоновнинг дубли» тарзида ёзиш лозим-ку ахир.
Албатта, юқорида айтиб ўтилган фикрларимиз билан бу сайтни ёмонотлиқ қилиш ниятидан йироқмиз. Мақсадимиз – минглаб, миллионлаб ўзбекистонликларга мамлакатимиз ва жаҳон футболига тааллуқли энг сўнгги хабарларни тезкор равишда етказаётган ушбу ­оммавий ахборот воситасини имкон қадар тўкис, қўпол хатолардан, чучмалликлардан холи кўриш истаги, холос. Ўйлаймизки, https://championat.asia/uz мутасаддилари ўз касбларига профессионал ёндашиб, ҳар бир жумла ва сўзни қўллашда ­масъулият ҳамда эътибор билан ёндашишса, ўз ўқувчилари олдида ҳурматлари янада ошган бўларди.