«Алмисоқдан» қолган «медпункт»

1743

ёхуд ғаллакорликлар қачон замонавий тиббий хизматдан фойдаланади?

Болта Эшбоев Чироқчи тумани «Ғаллакор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайди. Унинг ва қиш­лоқдошларининг бир муаммоси бор. Гап шундаки, «Ғаллакор» маҳалла фуқаролар йиғинида 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳлига Уймовут қишлоғида жойлашган 62-сонли оилавий поликлиника хизмат кўрсатади. Уймовут қишлоғи эса Ғаллакордан 20-22 километр узоқликда жойлашган. Қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатадиган умумий амалиёт шифокори ҳамда 4-5 нафар патронаж ҳамширасига Ғаллакорда ишлаш учун шароит йўқ. Улар аҳолини қабул қиладиган тиббий пункт эса 1965 йилларда қурилган бўлиб, томи нураб, абгор аҳволга келиб қолган…

Қишлоқ 2019 йилда «Обод қишлоқ» дастурига кирган. Аммо ҳудудда қиш­лоқ врачлик пункти бунёд этилиши эса ижобий ечим топмаяпти.
Болта аканинг мурожаати сабаб, ўша бинони бориб кўрдик. Ҳақиқатдан ҳам тиббий пункт биносининг ҳолатини кўриб, ичкарига киришга ҳам юрагингиз бетламайди. Файзсиз ва хароба. Ёғочларини қурт еб битирган. Бинонинг эшик ва деразалари эскириб, кўримсизгина бўлиб турибди. Томидан чакка ўтгани боис, хоналар намиқиб кетган. Иситиш тизими, электр токи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Улар умуман йўқ… Эски каравот, стол, стул ўтган асрнинг 60-йилларини эслатади. «Кексайган» шкаф, устма-уст тахлаб ташланган аҳолининг тиббий дафтарчалари ҳам аҳолига қандай сифатда хизмат кўрсатилаётганидан далолат беради гўё.
– 62-сонли оилавий поликлиникадан ойда бир марта акушер-гинеколог келиб, шу хонада хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказади, ҳомиладор аёлларни рўйхатга олади. Болалар эмланади. Аммо кўриб турибсиз, ҳеч қандай ­шароитнинг ўзи йўқ бу ерда, – дея куйиниб сўзлайди Болта ака. – 2017 йилдан буён қишлоқда тиббий пункт қурилишида ёрдам сўраб мурожаат қиламан. Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарларидан «Ғаллакор қишлоғи аҳолисига Уймовут қишлоғидаги 62-сонли оилавий поликлиника тиббий хизмат кўрсатиши мурожаатчига тушунтирилди» деган мазмунда жавоб оляпман.
Тумандан келган мутахассислар менга учрашиб, шу мазмунда тушунтириш хати ёзиб беришимни сўрашади. Мен эса амалий иш бўлмаётгани учун ёзиб бермайман. Улар эса ўзларича далолатнома тузиб, қайтиб кетишади.
Тўрт йилдан бери шу аҳвол. Амалий чора-тадбир ҳақида гап бўлмайди. Бир гал «портал»га қўнғироқ қилиб, мурожаатларим жавоби билан қизиққанимда «Ғаллакор қиш­лоғида 2021 йилда тиббий пункт қурилиши дастурга киргизилгани ҳақида» жавоб олдим. Лекин бу ҳақда менга ёзма жавоб келмади. Бу почта хизматининг айбими ёки жавобни тайёрлаган мутасаддилар хатни менга жўнатишмаганми, менга қоронғу.
Ҳолатдан бохабар бўлдик. Одамларнинг фикрларини эшитдик. Воқеани қўшмай-чатмай баён этдик. Энди эса хулосани ўқувчилардан ва жавобни мутасаддилардан эшитамиз. Улар нима дер экан?