Насибанинг қувончли куни

603

Хўжайли туманида тадбиркорларнинг ҳиммати туфайли тўрт оила уйли бўлди

Яқинда бир хушхабар эшитдик: Хўжайли туманида тўртта оилага бепул уй берилибди. Бу бинолар тадбиркорлар Мансур Сапарбаев ва Неъмат Тожиев ташаббуси билан барпо этилибди. Учтасини турар жойга муҳтожларга уларнинг ўзлари топширишибди, биттасининг калитини эса «Кимга бериш ўзингизга ҳавола», дея туман раҳбари Женис Эрмашевнинг қўлига тутқазишибди.

Бизни ҳоким ўша уйни кимга муносиб кўргани қизиқтирди. Шу боис, у киши билан суҳбатлашишга аҳд қилдик.
– Менга бундай танлов имконияти берилганда, янги уйни кимга тақдим этишни ўйлаб, кўп бош қотирдим, – деди Женис Эрмашев очиғига кўчиб. – Чунки ҳудудимизда уй-жойга муҳтож оилалар кўп. Шу билан бир қаторда, гоҳ-гоҳида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган ёрдамлардан қаноатланмай, ношукурлик қиладиган, «Мени ҳукумат боқиши керак!» қабилида фикрлайдиган кишилар ҳам учраб туради. Мана, бир мисол. Бундан сал олдин Ўзбекистонга таниқли блогер мен билан учрашиб, Хўжайлида яшовчилардан бири бепул уй-жой олишида ёрдам сўраб, мурожаат қилганини айтди.
Мен масъул ходимларни масалани жойида ўрганиш учун жўнатдим. Маълум бўлишича, шикоят қилган фуқаро, ҳақиқатан ҳам уйсиз бўлиб, аввал ҳокимликка ҳам келган ва «Темир дафтар»га киритилган экан. Давлатимиз томонидан кам таъминланганларга кўрсатилаётган эътибор доирасида имконини топиб, уни бошпанали қилдик. Кўп ўтмай, у биздан ўзини иш билан таъминлашимизда кўмак сўради. Суриштириб билсак, бир корхонада қоровуллик ўрни бўш экан. Ўша вазифада ишлаши мумкинлигини айтгандик, балога қолдик.
– Нима, менга маоши атиги 900 минг сўмлик ишни раво кўриб, устимдан куляпсизларми, – деди жаҳли чиқиб. – Ахир, мен уйимда нон пишириб сотиб, ойига икки ярим миллион сўм топаман-ку!
Ўзи билиб-билмай айтиб юборган сўзларидан англадимки, ҳукуматимиз кўрсатаётган ғамхўрлик ва бераётган имтиёзлардан бемалол фойдаланаётган бу одам боқимандага айлана бошлабди. Ана шу боис тадбиркорлар қурган уйни Насиба Нажимовага беришдан олдин унинг оилавий аҳволини обдан ўргандик. Аниқлашимизча, бу бева аёл хусусий турар жойи йўқлиги туфайли 14 йилдан буён икки фарзанди билан гоҳ ота-­онасиникида, гоҳ ижарага олинган хонадонларда яшаб келаётган экан. Шунга кўра, янги уйни унга совға қилишни лозим топдик…
Дарвоқе, ўша куни Насиба Нажимова рўзғор юмушлари билан банд эди. Бир маҳал қўл телефони устма-уст жиринглай бошлади. Гўшакка қулоқ тутган эди, «Биз туман ҳокимлигиданмиз. Ҳозир сизга машина жўнатамиз, кейин бир жойга уй кўргани борамиз», деган таклиф эшитилди.
Қолгани худди айтилганидек бўлди. Уни янги қад ростлаган бинога бошлаб бориб, хоналарини бирма-бир кўрсатишди. Пировардида «Бу иморат энди сизники бўлади!» дейишди. Туҳфа қилинган уй калитини ҳокимнинг шахсан ўзи топширди.
– Бу менинг ҳаётимдаги ҳеч қачон унутилмас энг қувончли воқеалардан бири бўлди, – дей­ди Насиба Нажимова. – Чунки 2007 йилдан буён ушбу масалада ҳокимликка неча марта борган бўлсам, ҳар сафар мени туман раҳбарларининг ёрдамчилари ёки оддий ходимлар қабул қилишган. Устига-устак, барчаси «Сиз каби талабгорлар анча, қурилаётган турар жойлар эса кам. Билмадик, қачон навбатингиз келаркин», деб елка қисишдан нарига ўтишмаган.
Ҳоким Женис Ермашов мен билан икки бор юзма-юз суҳбатлашди. У кишига қандай яшаётганимни, болаларимнинг кўнглини ўкситмай вояга етказиш ва ўқитиш учун ўзимни ўтга ҳам, чўққа ҳам урганимни сўзлаб бердим. Ҳатто, қишлоқма-қишлоқ кезиб, эшак аравага юкланган эски кийим-кечакларни сотиш билан шуғулланишга мажбур бўлганимни ҳам яширмадим.
Етказганига минг қатла шукур, энди бошпанамиз бор. Ҳозир унда яйраб яшаяпмиз. Бири мактабни, иккинчиси коллежни битирган қизим ва ўғлим бундан руҳланиб, эндиликда олий ўқув юртига кириб ўқишни мўлжаллашяпти. Худо хоҳласа, уларнинг ниятлари ҳам ижобат топади, деган умиддаман.
Мен аҳволи ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётгани учун давлатимиз раҳбарларига ва меҳр-саховатли ҳамюртларимга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»