Янги тизим ёшларнинг кўплаб муаммоларини ҳал этади

960

Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ 1 майдан бош­лаб халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшлар харажатлари давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериладиган бўлди. Энди ҳақли савол туғилади: бу тизим қандай муаммоларни ҳал этади?

Биринчидан, асосан, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар маблағ туфайли грант қидиришади. Лекин тест топширишга ва таваккал қилишга пули бўлмайди. Эндиликда IELTS, SAT, TOEFL, GMAT, GRE ва яна 13 хилдаги халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажати билан боғлиқ муаммолари бўлмайди. Уларнинг оиласи, ота-оналари ҳам давлат ёрдамини ҳис қилади.
Биргина IELTS халқаро имтиҳонини Ўзбекистонда топширувчилар қайд этган ўртача натижа – 5,7 балл­­ни ташкил этади. Таққослаш учун, Қозоғистонда ушбу кўрсаткич 6,1 баллни ташкил этади. Бу борада мамлакатимиз 34-ўринда турибди. Юқори натижага эришган ёшларнинг имтиҳон харажатлари давлат томонидан тўлаб берилар экан, ёшлар юқори натижа учун, кўпроқ билим олиш учун ҳаракат қилиш­лари талаб этилади.
Иккинчидан, бизда чет элда ўқиш ёки ишлаш учун кетадиган аҳолининг зиёли қатлами асосан шу халқаро тест тизимлари орқали юборилади. Эндиликда бизда мана шу зиёли қатламнинг базаси ­шаклланади. Бу – давлат учун жуда муҳим саналади. Яъни, иқтидорли ва салоҳиятли ёшлар базаси яратилади.
Учинчидан, «Эл-юрт умиди» жамғармаси учун яхлит тизим. Айнан шу Халқаро тест тизимларида юқори балл олган ёшларни давлат саралаб олиб, хорижий олий таълим муассасаларига жўната олади.
2018-2020-йилларда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари орқали хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ дас­турларининг вилоятлар кесимидаги статистикасига кўра, жамғарманинг энг кўп стипендиати Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда – 695 нафар. Энг кам кўрсаткич эса Сирдарё вилоятига тегишли – 2 нафар. Бундан кейинги ўринда Сурхондарё вилояти – 6 нафар. Бу кўрсаткичлар вилоятлар кесимида жуда ҳам кам, марказда эса кўп. Янги тизим орқали эса барчага тенг имкониятлар берилмоқда.
Тўртинчидан, давлатнинг кадрлар сиёсати учун захира кадрлар тизими яратилади. Албатта, тил биладиган, халқаро имтиҳонларда юқори натижага эришадиган ва хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олган минглаб кадрларни етиштирамиз.
Бешинчидан, бу механизм билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудлардаги ёшлар ҳам сифатли таълим олишига, хорижнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқишига ва давлатимиз учун фойдали кадрлар бўлиб етишишига кенг йўл очади. Ёшлардан талаб қилинаётган нарса эса интилиш, ҳаракат ва билим олиш.
Ҳурматли ёшлар! Ҳукуматимиз бугун сизларга имкониятлар эшикларини кенг очган экан, бунга жавобан сиз келгусида юртимизнинг янада равнақ топишига ўз ҳиссангизни қўшишингиз лозим.
Белни маҳкам боғланг, замон ва имкониятлар сизники!

Алишер САЪДУЛЛАЕВ,
Ёшлар ишлари агентлиги директори