Какайдининг кўча бозори

871

Какайди Жарқўрғоннинг шаҳарчага тенглашган қўрғони. Қўрғондаги «Бобур» ва «Нефтчилар» маҳаллалари ёнма-ён жойлашган. Уларни битта кўча ажратиб туради. Маҳаллалар Жарқўрғон тумани марказидан чамаси 15 километр олисда жойлашган бўлиб, азалдан бу ерларда аҳоли учун барча қулайликлар, ижтимоий шарт-шароитлар бошқа жойларга нисбатан яхши бўлган. Эндиликда эса қозоқ, тожик, араб, туркман, рус, татар каби турли миллат вакилларидан иборат 10 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган аҳоли муаммолар гирдобида.

– Гап шундаки, 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган маҳалламизда бирозгина бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 24 хонадан иборат 4 қаватли бино, 30 хонадон учун 2 сотихли коттежлар қурилган. Ҳудудимиздаги икки минг нафар ўқувчи таълим олаётган 5-умумтаълим мактаби, «Маданият» саройи, 28-оилавий поликлиника капитал таъмирдан чиқарилган. Дастур доирасида, «Мустақиллик», Ислом Каримов, Амир Темур, Собир Раҳимов номидаги кўчаларимизга асфальт тўшалган. Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Ал-Фаробий номидаги кўчаларимизга тош ётқизилди. Бироқ… «Обод қишлоқ» давлат ­дастури ижроси маҳалламизда бошлангунча қўшни «Бобур» маҳалласи ҳудудида обод ва файзли бозорчамиз бор эди. Бозорча бузилиб, жойига янги масжид қурилиши бошланган кундан буён муаммо кўпайди. Қолган ишлардан бехабарман, – ­дейди «Нефтчилар» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий, маънавий масалалар бўйича ўринбосари Комила Абдуллаева.
«Бобур» маҳалласида бўлдик. Ташрифимиз ­боисидан хабар топган МФЙ раиси Норбой Бобомуродов шундай деди:
– Икки йилдан буён элимиз бозорни қўмсаб юрибди. Тўғри-да, вақти-вақти билан у-бу харид қилиш, бозор баҳона турли ташвишларни бир дам бўлсин, унутиб яшаш кундалик одатга айланган эди. Какайди бозори ҳар қандай одамга завқ-шавқ бағиш­ларди. Ўрнида янгидан «Самандар Термизий» номидаги масжид ҳашар йўли билан қурилди-ю, бозор «кўчада қолди». Олис-яқин қишлоқлардан келганлар, шириндан-ширин сархил мевалар ҳамда ўзлари хоҳлаган матолар харид қиладиган аҳолимиз ана шу «кўчада қолган бозор»дан савдо қилишга мажбур бўлмоқда. Маҳалла аҳли номидан Жарқўрғон тумани ҳокими номига 2 йилдан буён қўрғонимизда янги бозор қурилишини сўраб қилаётган ёзма ва оғзаки мурожаатларимга ҳеч ким қулоқ тутмайди. Захирада бозор қурилиши учун ер йўқ, деган жавоблардан, тўғриси, чарчадик.
Какайдининг «кўчада қолган бозор»идаги ўнлаб деҳқон-у, савдогарлар ва бир гуруҳ харидорлар билан суҳбатлашдик. Қўрғондаги бозор ҳар томонлама қулай бўлганини, санитария қоидалари ва талаб­ларига тўлиқ жавоб беришини, қишнинг қировли кунлари усти ёпиқлиги жуда қўл келганини айтишди. Ана шундай жой нега бузилганига барча ҳайрон-у лол. Ҳозирги ҳолатда патта пулларини ҳам тўлаш малол келаётганини очиқчасига айтишди. Биз Какайдининг кўча бозоридан қайтар чоғимизда, сотувчилардан бири шундай деб қолди:
– Мен бозорни безаксиз бир саҳна деб биламан. Арзонни ҳам, қимматни ҳам, қадрли-ю қадрсизни ҳам кўраман. Унда ҳамён билан бирга ақл, инсоф, умуман, тирикчиликнинг қўлидан тутган барча воситалар баравар от суради. Демоқчиманки, бозорда ҳикмат кўп. Шунинг учун отанг бозор,онанг бозор, деб айтишган-да. Какайдида бозор қурилиши токайгача муаммо бўлиб қолади, ҳайронман.
Умид қиламизки, туман ҳокими ва мутасаддилари бозор қурилишини ўйлаб кўришади.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»