Ҳар бир аёл кулиб яшашга ҳақли

1265

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлганида мутасаддилар олдига хато ва камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф қилиш вазифасини қўйган эди. Хўш, ишчи гуруҳ аъзолари, сектор раҳбарлари танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқардими? Давлатнинг эътибор ва ғамхўрлигини ҳар бир аёл ўз тақдирида ҳис қиляптими?

«МЕН ОЖИЗА ЭМАСМАН»

Адолат Мадраҳимова ўттиз икки ёшда. Бир ёшида шифокорлар томонидан полиомелит ташхиси қўйилган. Қизалоқнинг оёқлари фалаж бўлиб қолгач, унга иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Аммо бу уни ҳаракатдан чекланишга мажбур қилолмади. Болаликдан интилувчан, тиришқоқ Адодат нафақат ота-онасининг, балки қўни-қўшниларнинг ҳам меҳрини қозониб улгурди. Унинг жамиятдан ажралиб қолишини истамаган қўшни ўқитувчи Ҳасанбой ака ўн йил мактабга беминнат олиб бориб келди. Юқори синфда ўқиб юрганида яна бир қўшниси Санамжон опа Адолатни шогирдликка олиб, тикувчилик сирларини ўргата бошлади.
– Атрофимда яхши инсонлар кўплиги бахтимдир, – дейди Адолат. – Улар туфайли жамиятда ўз ўрнимни топдим.
«Аёллар дафтари»ни шакллантириш мақсадида ўтказилган хатловда тикувчи қиз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш нияти борлигини билдирди. Унинг бу истаги анкета сўровномасида акс этди. 33 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига Адолат ­Мадраҳимова ўз уйида мўъжазгина тикувчилик цехи очиб, маҳаллада ишсиз ўтирган 10 нафар аёлни ишга қабул қилди. Цех қисқа фурсатда Хива туманида довруқ қозонди. Ҳозирда буюртмаларнинг изи узилмаяпти.

– Аёлни ожиза деганлар адашади, – дейди Адолат Мадраҳимова. – Бизга имкон беришса, олмайдиган қалъамиз йўқ. Мен ўз брендимни яратишни орзу қиламан. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириб, пишириқчилик, ­новвойчиликни ҳам йўлга қўймоқчиман.

«ИМКОН БЕРИШСА, САМОЛЁТ ҲАМ ЯСАЙМАН»

Пандемия жуда кўп оилаларни иқтисодий қийинчиликлар гирдобига ташлагани сир эмас. Дилнозанинг ҳам фарзанд­ларига иссиқ овқат пишириб беролмаган кунлари бўлди. Турмуш ўртоғи неча йилдан буён Россияда ишлаб юборган пуллари билан рўзғорни теб­ратиб келарди. Карантин оқибатида у ҳам ишсиз қолди. Эр-хотин бошлари қотиб ўтирган бир пайт дарвоза тақиллаб, «Ишчи гуруҳданмиз» дея кириб келган икки нафар аёл Дилнозадан «Нима дардингиз бор?» деб сўради.
– Қўлимизда коримиз бор, аммо фаолиятимизни йўлга қўйишга ­маблағимиз йўқ, – деди Дилноза.
Урганчлик Дилноза Собированинг номи «Аёллар дафтари»да кредит эвазига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизлар қаторидан жой олди. Унинг бизнес лойиҳаси ўрганилиб, 32 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилди. Қисқа фурсатда ҳовли тўридаги эски омбор бузилиб, ўрнида мўъжазгина цех ­бунёд этилди.
– Қўли гул тикувчи, тўқувчи опа-сингилларимиз кўп, аммо аёл кишининг қўлидан ванна ясаш келиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, – дейди Урганч шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари ­бўйича маслаҳатчиси Райҳон Давлетова.
– Ванна нима бўлибди, имкон беришса, самолёт ҳам ясайман, – дейди унга жавобан Дилноза.
Шу тариқа, Дилноза Собирова турмуш ўртоғи билан ўз уйида пластикдан ванна ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Турмуш ўртоғи хорижда турдош корхонада фаолият кўрсатгани асқотди. Дилноза ҳам қисқа фурсатда бу юмушнинг ҳадисини олди. Сифати хориж маҳсулотларидан қолишмайдиган ванналар ўз харидорларини топа бошлади.
– Бизни қўллаб юборишса, фаолиятимизни янада кенгайтирардик, – ­дейди Дилноза. – Бундай буюмлар ишлаб чиқариш учун уйимиз торлик қиляпти. Агар ер майдони ёки бўш турган бино ажратилса, маҳсулотлар сони ва турини кўпайтирардик, ўз савдо шохобчамизни ташкил қилардик. Бунинг натижасида камида яна 20 та иш ўрни яратиларди.

ХАЗИНА ДЕГАНЛАРИЧА БОР ЭКАН

Урганч туманилик беш фарзанднинг онаси Дилфуза Соатбоева узоқ йиллардан буён ишсиз эди. Шу пайтга қадар хорижда ишлаб, рўзғор тебратган турмуш ўртоғи ҳам пандемия туфайли ишсиз қолди. Яхшики, «Аёллар дафтари»нинг шакллантирилиши, бу Дилфуза учун айни муддао бўлди.
30 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига уйида товуқ боқишни йўлга қўйди. 500 та жўжа олиб, парвариш­лашга киришди.
– Жониворлар тез ривожланар экан. Куни кеча уларни сотиб, 1000 та жўжа олдик. 40 кунда 4 миллион сўм даромад қилдик, – дейди Дилфуза. – Мен барча опа-сингилларимизга уйда парранда парваришлашни тавсия қилган бўлардим. Ортиқча куч ва вақт талаб қилмайди. Аммо рўзғорга барака олиб киради.

«НОН ЁПАМАН ЎХШАТИБ»

Янгибозорлик Зайнабжон Раҳимова 20 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига уйида новвойхона ташкил қилди. Иккита тандир қурди. Қўшнисини ҳам иш билан банд қилди.
– Ўз фаолиятимни йўлга қўйишни ўн йиллардан буён орзу қилардим. Аммо маблағим йўқлиги туфайли журъат қилолмай келаётгандим, – ­дейди Зайнабжон. – Биз аёлларга берилаётган кенг имкониятлар туфайли ниятимга эришдим.
Ҳозирда новвой аёлдан маҳалладошлар ҳам мамнун. Қисқа фурсатда мижозлар сони ортгандан-ортди. Қўни-қўшниларга хизмат кўрсатиляпти, тўйларга буюртма олиняпти. Маҳалладаги дўконга ҳам топшириляпти.
– Кунлик даромадимиз юз минг сўмдан ошяпти. Меҳнатим билан оиламга, уч фарзандимга янада кўпроқ фойда келтираётганимдан хурсандман, – ­дейди Зайнабжон. – Бизни қўллаб-қувватлаётган давлатимиздан миннатдорман. Уйда ўтириб ҳам даромад қилиш имконига эга бўлдик. «Қаловини топсанг, қор ёнар» деганлари шу бўлса керак-да.

ҚИЛАДИГАН ИШЛАР ЯНАДА КЎП

Ҳа, Хоразм аёллари гужумга ўхшайди. Иродаси метин, қулочи кенг, атрофидагиларга фойдаси тегса, боши кўкка етади. Болаларим бахтли яшаса, ҳеч кимдан кам бўлмаса, дейди. Бунинг учун бор имконини ишга солади. Озгина эътибордан ҳам қувват олиб, иштиёқи ортади. Бунга Адолат-у Дилнозалар тақдири ёрқин мисол. Асосийси, бундай аёллар жуда кўп.
Умуман, шу кунга қадар «Аёллар дафтари»га киритилган 52 017 нафар хоразмлик аёлдан 35884 нафарининг муаммоларига ечим топилди. Жумладан, 25835 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. 19637 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди. 2061 нафар аёлга имтиёзли кредитлар ажратилиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш имкони берилди. 2989 нафар аёлга касб-ҳунар ўргатилди.
Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган 2968 нафар, ногиронлиги бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож 2566 нафар, қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 215 аёлнинг барчаси моддий қўллаб-қувватланди. 1548 нафар аёл тўла тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажалар тайинланди ва ноёб амалиётлар, муолажа учун маблағлар ажратилди. Ҳуқуқий ёрдам сўраган 1626 нафар, психологик маслаҳатга муҳтож 922 нафар аёлнинг муаммоси тўла ҳал қилинди.
244 нафар уй-жойи таъмирлашга муҳтож аёллардан 144 нафарининг яшаш шароитлари тубдан яхшиланди. Нотурар бинода яшаб келган 100 нафар аёлдан 68 таси ўз уйи-ўлан тўшагига эга бўлди.
Рақамлардан англашиладики, 69 фоиз аёлларнинг муаммолари ҳал бўлган.
– «Аёллар дафтари» ҳар бир хотин-қизга жамиятда ўз ўрнини топиш, оилада мавқеи­­ни мустаҳкамлаш, давлатдан ва ўзидан рози бўлиш имконини берди. Биз бунга жойларда опа-сингилларимиз билан мулоқот жараёнида, улар ҳаётидаги ўзгариш­лар мисолида гувоҳ бўл­япмиз, – дей­ди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эргаш Юсупов. – Бу эса республика ишчи гуруҳи раҳбари томонидан олдимизга қў­йилган вазифаларни янада ­масъулият билан адо қилишга ундамоқда. Асосий эътибор хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, ҳар бир аёл ҳаётда ўз ўрнини топишни истайди. Ҳар бир аёл уйим-жойим бадастир, фарзандларимнинг қорни тўқ, усти бут бўлсин, дейди. Мана шу тушунча бизнинг катта ютуғимиздир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»