«ФУТБОЛ-МУДБОЛИНГГА БОРМАЙМАН!..»

4346

ёхуд баъзи нохолис ҳакамлар, савиясиз мураббийлар ва найрангбоз мутасаддилар ҳамда жабрдийда мухлислар ҳақида

Бугунги ўзбек футболи муаммолари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Жумладан, нохолис ҳакамлар, савиясиз мураббийлар, дангаса футболчилар, найрангбоз мутасаддилар, казо-казо пулдорлар, мансабдорлар-у амалдорлар майдонда ва майдондан ташқарида футбол билан боғлиқ хоҳлаган ишларини қилишади. Улар футбол муҳитини ўз манфаатларига мослаб яратиб олишади.

Бундай ҳолатлар футболимиз ҳамон эскилик сарқитларидан қутула олмаётганини анг­латади. Масалан, шу йил 7 апрель куни Наманганда бўлиб ўтган ­«Навбаҳор» – «Пахтакор» учрашуви жараёнида рўй берган нохушликларни бир эсланг. Бош ҳакам Фирдавс Норсафаров 1:1 ҳисобида якунланаётган ­ўйиннинг 90-дақиқасида VAR тизими (вазиятни қайта кўриш) орқали «Навбаҳор» дарвозасига 11 метрли жарима тўпи белгилади. Меҳмонлар ҳужумчиси пенальтини аниқ амалга ошириб, «Пахтакор»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Бу ноҳақликка чидай олмаган мухлислар олдин стадионда ҳакамлар ва рақиб жамоа аъзоларини ҳақорат қилишди, кейин ташқарида тартиббузарликлар содир этилди. Хайриятки, ички ишлар идоралари ходимлари вазиятни иссиғида юмшатдилар. Адолатсизликка йўл қўйган ҳакамлар, «Пахтакор» жамоаси ва бошқалар Наманган шаҳридан тинчгина кузатиб юборилди. Орадан кўп ўтмай нохуш воқеага бевосита алоқадор 7 кишига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «в», «г» бандлари бўйича жиноят иши очилди.
Айни кезларда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. У ниҳоясига етгач, иш суд­­га оширилади ва айбдорлар қилмишларига яраша жазоланадилар.


Тошкентда эса Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Тартиб-интизом қўмитаси томонидан ушбу можаро муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда таъкидланишича, ўйин пайти иккала жамоа расмийлари белгиланган техник зонадан бир неча бор чиқиб кетиб, ҳакамларни қаттиқ ҳақорат қилишган. «Навбаҳор» мухлислари эса футбол мусобақаси охирида майдонга турли нарсаларни улоқтириб, ҳакамлар ҳамда рақиб жамоа аъзолари соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдиришган. Учрашувдан сўнг стадион атрофида тартиббузарликни давом эттириб, ичига ҳакамлар яшириниб олган деган гумон билан Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг кўчма станциясига ҳужум қилиб, унга жиддий зарар етказишган. Шунга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси қарори билан «Навбаҳор»га нисбатан ўз майдонида бўладиган кейинги икки учрашувга мухлисларни киритмаслик жазоси тайинланди. «Пахтакор» эса фақат жарима тўлайдиган бўлди.
Ҳолбуки, ҳакамлар бригадаси пойтахт жамоасига ён босмай, ўйинни одилона бошқарганларида, катта жанжал келиб чиқмаган бўларди. Қолаверса, ўша учрашувдаги ғалаба «Пахтакор»нинг обрўсини кўтармади, аксинча, футбол ишқибозларининг унга нисбатан ихлосини сўндирди.
Мухлисларнинг ёдида бўлса, мустақилликка эришилгандан кейин ўтказилган дастлабки Ўзбекистон чемпионатида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси ғолиб чиққан бўлса-да, мутасаддилар зўрма-зўракилик билан «Пахтакор»нинг «қулоғидан тортиб», қўшчемпионликни эълон қилишганди. Бу дунё футболида бирор марта ҳам кузатилмаган «янгилик» эди.
Ваҳоланки…
Осиё чемпионлар лигаси доирасида ўтказилаётган халқаро мусобақалар «Пахтакор» қанақа жамоа эканини ҳар йили ошкор қилиб қўяди. Ўз юртимизда рақибларидан катта фарқ билан чемпионга айланган жамоа Ўзбекистондан ташқарига чиққани ҳамоноқ текис майдонда ҳам қоқилади. Ҳакамлик борасидаги нохолислик, бир жамоани чемпионлик сари «етак­лаш», бунинг учун катта маблағларни ҳавога совуриш, хориждан мураббий таклиф қилиб, бир неча ўн миллионлаб доллар иш ҳақи бериш, боз устига, жамоанинг халқаро мусобақалардан ҳар сафар «бурни қонаб» қайтиб келаверишига чидаш, тўғриси, футбол мухлисларининг жонига тегди. Шунинг учун ҳам Тошкентда «Пахтакор» иштирокида бўладиган чемпионат ўйинларига келадиган мухлислар сони кескин камайиб кетди.
Мамлакат чемпионати нуфузининг тушиб кетишида келишилган ўйинларнинг, келишувчан ҳакамларнинг, шахсий манфаати йўлида футболга аралашиб юрган мураббий ва мутахассисларнинг айби катта. Бундан 8-10 йил илгари Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида бирйўла учта жамоамиз майдонга тушарди. Эндиликда бу ҳолат 1+1, яъни, бир жамоа гуруҳ босқичидан, яна бир жамоамиз саралаш босқичи орқали ОЧЛда иштирок этади. Бунга клубларимизнинг халқаро беллашувлардаги кўплаб мағлубиятларидан ташқари, коррупцион ҳолатлар ҳам сабаб бўлмоқда. Қисқаси, ички чемпионатимизда учрайдиган адолатсизликлар, қинғирлик­лар ФИФА ҳамда ОФК олдида мамлакатимиз шаънини ерга урмоқда.
Буни қаранг, ҳозир давом этаётган мамлакат чемпионатининг иккинчи туридаёқ ҳакам Виктор Сиразитдинов «Сўғдиёна» – «Турон» (1:0) учрашувида «Турон» клубига нисбатан асоссиз қарор чиқариб, унинг дарвозасига 11 метрли жарима тўпи белгилади. Адолатсизликка учраган жамоа мураббийи Исломбек Исмоилов бундан қаттиқ жазавага тушди.
Афсуслар бўлсинки. ҳакамлар орасида ноп­ок­лари кўп. Мана, оқибати: бултур ноябрда мамлакат чемпионати ҳамда халқаро мусобақаларни бош­қарадиган уч нафар ҳакам – Сардор Нажафалиев, Жасур Мухторов, Темур Тўхтасиновлар келишилган ўйинларда қатнашгани ва пора эвазига учрашувлар натижасига жиддий таъсир ўтказишгани учун футболдан четлатилиб, катта миқдорда жаримага тортилдилар. Жорий йил январида келишилган ўйинларда қатнашгани учун ФИФА доирасидаги ҳакам Шерзод Қосимов ҳам 3 йил муддатга бундай ҳуқуқдан маҳрум этилди. Лекин бу билан соҳадаги коррупция барҳам топгани йўқ. Чунки таъмагир ҳакамларга берилаётган жазо чоралари жуда енгил. Бинобарин, улар жавобгарликдан чўчимайдилар.
Про лиганинг 3-туридан ўрин олган «Олимпик» – «Бухоро» учрашувини бошқарган ҳакам бухоролик­ларга очиқчасига «ёрдамлашиб» юборди. «Олимпик» мураббийи Темур Копадзенинг таъкидлашича, учрашув давомида ҳакамлар унинг жамоасига қарши жиддий босим ўтказишган. «Бухоро» дарвозаси томон белгиланиши лозим бўлган ­­11 метр­­ли жарима тўпини атай йўққа чиқарган. Оқибатда, «Олимпик» 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраган.
Энг ачинарлиси, футболимизда коррупция, таниш-билишчилик авж олгани касофатига Ўзбекис­тон футбол ассоциациясининг ФИФА ҳамда ОФК олдида нуфузи тушиб кетди. Навбатдаги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи «D» гуруҳи ўйинларини ўтказиш учун ОФК томонидан Саудия Арабистони танлангани ҳам футболимиз мутасаддилари учун катта дашном бўлди. Негаки, Саудия ­Арабистони терма жамоаси бизнинг гуруҳдаги энг хавфли рақибимиз саналади.
Яна бир гап. Ўзбекистон ҳам гуруҳ ўйинларининг барчасини Тошкентда ўтказиш таклифи билан чиққан эди. Бироқ ОФК бу таклифни инобатга олмади. Терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаров шу хусусда маълумот бераётиб, ОФК қарорини адолатсизликка йўйди. Саудия Арабистони варианти ўзбекистонлик футбол мутасаддиларининг иштирокисиз ҳал қилинганига, бунда арабларнинг ОФКнинг мусобақалар ўтказиш бўлимидаги 5 нафар мутахассиси асосий рол ўйнаганига урғу берди. У фикрини давом эттириб, чемпионлар лигасининг гуруҳ ўйинларини Тошкентда ўтказиш ҳақида ОФКга мурожаат қилишдан олдин «Пахтакор» мутасаддиларига учрашганини, улар стадионни таъмирлаш учун молиявий имконият йўқлигини айтишдан нарига ўтишмаганини эслатди.
Ажабо, «Пахтакор»да пул йўқми? У ҳолда ўзбек футболига зиғирчалик нафи тегмаган грузиялик машҳур мураббий Шота Арвеладзе бу жамоага қайси маблағ эвазига келди? Қолаверса, гуруҳ ўйинлари ўтказиладиган мамлакатга ОФК 150 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Ўйинларни трансляция қилиш ҳуқуқи ҳам ўша давлатга берилади. Бундан катта фойда кўриш мумкин. Шундай экан, «Пахтакор» раҳбарлари нега яхши таклифга рози бўлишмади?..
Бизда футбол тез ривожланмаётгани моҳиятини англаш учун ўтмишга назар солиш кифоя. Ўзбекистон терма жамоаси 1994 йилги Осиё кубогидан сўнг бирорта дуруст натижага эришмади. «Насаф»нинг ОФК кубоги мусобақасида зафар қучгани жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи, украиналик Анатолий Демяненконинг маҳорати билан боғлиқ.
Хорижда келишилган ўйинларда бевосита иштирок этган ҳакамлар, мураббий ва футболчилар дарҳол жиноий жавобгарликка тортиладилар. Бизда эса Ўзбекистон Ҳакамлар қўмитаси раҳбари Эркин Бахтиёровнинг таъкидлашича, 2021 йилга қадар бирорта ҳакам ёки футбол мутахассисига нисбатан бундай жазо қўлланилмаган. Улар, нари борса, футболдан вақтинча четлатилган ёки жаримага тортилган, тамом-вассалом! Айримлари чеклов муддати тугамасдан, яна футболга қайтган.
Менимча, мухлислар терма жамоамизнинг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян тўғрисида етарлича маълумотга эга. Унинг терма жамоага бош бўлиб келишининг ўзи аслида катта хато эди! 7 апрель куни Наманганда бўлган воқеа ҳам футболимизнинг аҳволи қай даражада абгорлигини яна бир бор ойдинлаштирди.
Қиссадан ҳисса шуки, бизнинг футболимиз ҳам коррупция ва унга ўхшаш иллатлардан тозаланса, айни муддао бўларди. Ҳакамлар ва мураббийлар ҳалол ишласалар, клубларимиз халқаро мусобақаларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилса, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритса, соҳада туб ўзгаришлар рўй бергани сезилар эди. Ҳозирги кетишда эса, вақти келиб, мухлислар футбол майдонларига бормай қўйишлари эҳтимолдан холи эмас.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»