«Унутилаётган» маданият

660

Кўйлагининг олди киндигида, орқа этаги эса товонида аёлни кўриб, «Аёл этаги тўпиғидан кўтарилгач, қиёмат бўлади» деган сўзларни эслайман беихтиёр.

Сиз ҳам ён-атрофингизда кишиларнинг кийинишига разм солинг. Ёшлар тизза қисмининг тепаси йиртилган шим кияди. Ёз кунлари қизлар сонлари ва киндикларини очиб юриши, автобусда оёқларини кериб, ички кийимларини кўрсатиб «мақтаниш»и ҳам одатга айланди.
Яқинда хотиним меҳмонга борадиган бўлиб, кўйлак сотиб олди. Иш билан банд бўлиб, қарамаб­ман. У меҳмондан қайтгач, қарасам, олди кўкраги ярим очиқ, этаги тиззасидан бир қарич тепада. ­Олтмишга кирган аёл! Ҳайрат билан тикилсам, бу мода, деди.
Кўп ўтмай, живир-живир гулли лозимда ошхонага ўтди. Кейин дўконга бориб келди. Бунақа лозимни буви, момоларимиз узун кўйлак тагидан киярди. Норози қараганимни кўриб, барча аёл шундай, деб ғашимга тегди.
Кўп ўтмай, ўн олти яшар неварам ҳам шундай лозимда кириб келса бўладими?..
Телевизорда костюми енгил тирсакка қайрилган, бўйнида қалин тилла занжир йигит у ёқдан-бу ёққа чопқиллайди. Нима деяпти, тушуниш қийин, лекин лайлакникидай ингичка оёқларини тинмай гоҳ олдинга, гоҳ ёнга силжитади. Ўзича, хонанда! Яна бир қизча узун, саҳнани супурадиган ялтироқ кўйлак кийган. Узун кўйлак эркин ҳаракат қилишга имкон бермаяпти, у бир қўлида микрофон, иккинчи қўли билан ердаги этагини тортгани тортган. Кулгили!
Бошқа каналга ўтаман, ҳеч мантиққа мос келмайдиган ҳолни кузатаман. Катта шляпа кийган киши ўзбекча ҳангома қилмоқчи. Томошабинлар ҳам кулади. У мол бозорига борганини ҳикоя қил­япти. Оёғида кроссовка, устида ковбойча жинси нимча. Гўё от устидан чопиб бораётгандек, ­сакраб-сакраб ҳам қўяди.
Биз миллий маданият, ундаги гўзал анъаналарни асраш тўғрисида кўп гапирамиз, кўп ёзамиз. Лекин ҳаёт бу даъватларга бефарқ. Унда биз ҳали англаб етмаган сирлар бор. Нега узун кўйлакда қўлини кўксига қўйиб салом берган қизда биз гўзаллик, эстетик идеал кўрамиз-у, юқоридаги мисоллардан хафа бўламиз? Нега шим кийган қиз ёки рафиқамиз ғашимизга тегади-ю, чет эл киноларидаги ковбой қизга ҳавас билан тикиламиз?
Умуман, биз кийиниш маданиятини унутиб қўймоқдамиз. Узун яктак кийган йигит кўзимизга «антиквар» кўринади. Узун чопон кийган киши «сал бошқача» туюлади. Замонавийлик кийиниш маданиятини прагматизм, ишчанлик, ҳаракатчанлик томон ўзгартириб юбормоқда. Биз бу таъсирдан холи яшай олмаймиз. Аммо миллий кийиниш маданиятимиз биздан узоқ кетолмайди. Биз бу меросни сақлай оламизми, мана гап қаерда!?.

Виктор АЛИМАСОВ