Ҳаёт азиз, аммо…

686

Эсимда, ўн йилларча олдин эвтаназия ҳақида ­к­ескин баҳслар бўлган ва ўшанда Инсонга умрни Яратган беради, уни олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деган гуманистик фикр устуворлик қилганди.

Ҳа, биз учун инсон ҳаётини, умрини эъзозлаш – олий ­қадрият. Аммо ҳар доим ҳам шунақами? Агар сунъий йўл билан ўлдиришларини кишининг ўзи тиласа-чи?..
Икки йилча олдин бир ҳамкасбимникига бордим. Гаплашиб ўтирганимизда чуқур инграган сас кела бошлади. Нима гап, ким у, нега бунча нола қиляпти, деган маънода ҳамкасбимга қарадим.
– Қўшнимизнинг бобоси, – деди у «парво қилманг» деган маънода. – Етти йилдан бери ётибди. Таҳорати ҳам ўтирган жойида. Ол жонимни, дея ялинади…
Яқинда бир танишимникида бўлдим. Кириш эшиги олдида қоқсуяк, кўзлари ичкарига ботган, сочлари оппоқ ва тўзғиган, икки букилганча дир-дир қалтираб, худойим, ол мени, ол мени, деб инграётган кампирга дуч келдим. У танишимнинг онаси бўлиб, 97 ёшда экан.
– Оёқдан қолганига олти йил бўлди. Яхшиям, ишим бемалол. Акс ҳолда, билмайман, нима қилардим. Ўзига ўлим тилайди, лекин худо олмайди. Бизга оғир юклигидан ўзи ҳам изтиробда…
Ҳа, ҳаётда бунақа ҳолатлар кўп кузатилади. Тирик жон дардга чалинади, кучи кетади, бировнинг ёрдамисиз юролмай қолади. Табиат ҳеч кимнинг тик, соғ-саломат юришини кафолатламаган. Тасодифлар туфайли чалажон ётганлар қанча? Улар ёнида яқинлари борлигидан миннатдор бўлса арзийди. Агар шундай яқинлари, ёрдамчилари бўлмаса-чи? Уларга ким қарайди? Яқинлари ишлаши, ўзини, оиласини боқиши керак. «Мурувват» уйларига боришга ҳамма ҳам рози эмас, айниқса, бизда кекса ота-онани бундай уйларга топширишга нисбатан салбий муносабат шаклланган.
Эвтаназия баъзи давлатларда қўлланилади. У қаттиқ тиббий ва жамоатчилик назорати остида амалга оширилади. Бу масалада Шарқ, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўзининг гуманистик, маънавий-ахлоқий қадриятларига содиқ. Ҳатто «қариётган Япония»­­да ҳам эвтаназия қўлланилмай, кексаларнинг жисмоний соғлом яшаши ҳақида қайғуришади.
Бироқ ўлишни шахснинг ўзи тиласа-чи? Узоқ хасталик уни ҳолдан тойдирса ёки яшашдан тўйдирса-чи? Кечалари ухламай, бошқаларга ҳам уйқу бермай, додлаб «Ол жонимни», деб чиқса-чи? Ўзида ҳам, яқинларида ҳам сабр-тоқат қолдирмаса-чи? Яқинларининг ишлашига, нормал яшашига халақит берса-чи?
Биз бировнинг, айниқса, жисмонан ожиз одамнинг жонини олиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Бу узоқ ётиб қолган, айниқса, ўзи ва яқинлари, эвтаназияга рози бўлган кишилар учун қанчалик зарур? Муаммодан йироқ киши бизни ­ёвузликда айблашини сезиб турибмиз. Чунки у ўзига ўлим тилаётган хастанинг фарёдлари бошқалар руҳига, кайфиятига қанчалар салбий таъсир қилишини билмайди-да. Аммо бу шахсий қарашлар, фикрлар. Айт­моқчи бўлганимиз эса жамоатчилик бунга нима дер экан?