“SQB Securities”– тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга тайёр

303

 “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ қошида ташкил этилган “SQB Securities” компанияси томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари билан таништириш, шунингдек, компания фаолияти тўғрисида жамоатчиликка маълумот бериш мақсадида Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш объектларига пресс-тур уюштирилди.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилишини таъкидлаб, инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириш ҳамда хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш лозимлигини қайд этган эди.

“SQB Securities” инвестиция компанияси бугунги кунда капитал бозорида турли инновацион ечимлар, маҳсулот ва хизматларни татбиқ этиб, йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг халқаро молия бозорига чиқишига кўмаклашмоқда.

Инвестицион воситачи, консультант, шунингдек, инвестицион активларнинг ишончли бошқарувчиси сифатида компания ҳам маҳаллий, ҳам халқаро молия институтлари билан инвестиция-банк соҳасида шерикчилик алоқаларини мустаҳкамламоқда.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда ишлаб чиқарувчи корхоналар учун глобал ҳамкорлик платформасида кредит линиялари, маслаҳатлар, активларни бошқариш, инвестициявий битимлар ва бошқа операцияларни амалга оширишда стратегик ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Республикамиздаги йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчиларидан бири – “Nika pharm” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда “SQB Securities” кўмагида ана шундай имкониятга эга бўлган корхоналар сирасига киради.

Унга инвестиция компанияси саъй-ҳаракатлари билан Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) 3 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри кредит жалб этилди.

Ушбу маблағ ҳисобига корхонанинг “Covid 19” касаллигини даволашда қўлланилаётган 20га яқин турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир лойиҳаси молиялаштирилди.

Бундан ташқари, корхонанинг ОТБ текширувидан мувофаққиятли ўтиб, мижозига айланиши унинг нафақат арзон кредит линиясидан фойдаланишини таъминлади, балки бошқа нуфузли халқаро молия муассасалар назарига тушиб, келгусида яна жаҳон капитал бозоридан тўғридан-тўғри сармоя олишига кенг йўл очди.

Таъкидлаш жоизки, “SQB Securities” инвестиция компанияси, шунингдек Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Ислом тараққиёт банки (ИТБ) каби бошқа халқаро молия ташкилотлари ҳамда жамғармалардан қарз, кредит ёки улуш кўринишида молиялаштиришни жалб этиб, корхоналарнинг молиявий салоҳиятини оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Жумладан, 2020 йилда компания ЕТТБ билан ҳамкорликда Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кичик ва ўрта бизнесга молиявий воситалардан тўғри ва унумли фойдаланишда консалтинг хизматларини кўрсатиб, махсус дастурлар асосида тренинглар ўтказди.

Жорий йилда эса, ИТБ гуруҳига кирувчи Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан Ўзбекистонга Ислом молиясини олиб кириш ва ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаб, биргаликда хусусий сектордаги корхоналар билан музокаралар олиб бормоқда.

Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари “Nika pharm” корхонасининг янги қувватдаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишди. “SQB Securities” инвестиция компанияси вакилларидан яқин истиқболдаги режалар хусусида ўртоқлашишди.

 

Маълумот учун. “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ қошида ташкил этилган “SQB Securities” инвестиция компанияси Тошкент фонд биржасида сотиладиган акциялар ва облигацияларни тарғиб қилиш ва сотиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг лицензиясига эга.

Ўз фаолиятини 2020 йил март ойида бошлаган компания, шунингдек  инвестицион банкинг, инвестицион лойиҳалар учун синдикатлашган кредитлашни ташкил қилиш, корпоратив бошқарувни амалга ошириш, модернизация қилиш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион активларини ишончли бошқариш, лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда бирлаштирилган молиялаштириш турларини ташкил этиш каби хизматларни кўрсатади.

 

Ўз мухбиримиз