Бировнинг ҳақи

369

Болалик чоғимизда уйда 70-80 бош қўй бўлар эди. Отам баҳордан то кузгача уларни далага олиб чиқиб боқарди. Қиш кунлари эса қўйларга қараш кўпинча менинг зиммамга тушарди. Отамни жуда яхши кўрганим учун тонг саҳарлаб ундан олдин уйғониб, чой дамлардим. Отам билан нонушта қилишнинг файзи ўзгача бўларди. Отам нонни темир қисқич билан тутиб чўғга қиздириб, сариёғ, асал ё мураббо суриб берар эди.

Бир куни отам уйга кайфиятсиз кириб келди. Онам билан суҳбатига қулоқ тутиб ўтирдим.
– Абдулла оғайним бир қўчқор олганига анча бўлганди, – деди отам суҳбат асносида. – Ё пулини бераман, ё бозордан бошқа қўчқор олиб бераман, деган эди. Бугун ўша қўчқорнинг пулини сўраб борсам, «Сендан қўчқор-пўчқор олганим йўқ, гувоҳинг борми?» деди. Мен эса «Гувоҳим Аллоҳ» деб чиқиб келавердим…
Орадан уч-тўрт ой ўтиб, отам ўша оғайнисини яна эслади:
– Абдулланинг соғин сигири бедазорни пайҳон қилибди, камига дамлаб ўлибди.
Бир ҳафталар ўтиб, қўшнимиз Абдулла аканинг эшаги ва бир қўйи ўлиб қолганини эшитдик. Ўшанда отам йиғлади. Онам эса «Нега йиғлайсиз, садқаи одам кетсин шу оғайнингиз» деди. Отам «Учта тилсиз жонивор Абдулланинг лафзсизлиги оқибатида ўлиб кетди, гувоҳим Аллоҳ демасам бўларкан» деди. Отам ветеринар бўлгани боисми, жониворларни жуда яхши кўрарди. Онам отамни яна юпатди: «Сизда айб йўқ, қадимдан қолган гап бор-ку: бировнинг ҳақи – тангрининг ҳақи».
Ота-онамнинг бу суҳбати менга қаттиқ таъсир қилган, бир умр ёдимда қолган. Фарзандларимдан ҳам бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликни талаб қиламан. Мактабда, коллежда дарс берган чоғларимда шогирдРамазон сабоқлари
ларимни ҳам ҳалолликка, омонатга хиёнат қилмасликка, олинган қарзни ўз вақтида қайтаришга ундардим.
Кекса отам ҳозир ҳам бизга кўп ҳикоялар, ривоятлар гапириб беради. Уларнинг ҳар биридан ҳикмат топамиз.

Қурбонбика ЎРОЗМЕТОВА,
фахрий педагог
Урганч шаҳри