Тугамаётган «ўйин»

314

Газетанинг шу йил 1 июнь кунидаги сонида чоп этилган «Тез айтиш» да ким ғолиб? Ёхуд ҳокимнинг шартномани бекор қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш ҳақида» сарлавҳали мақолага Жиззах вилояти прокуратураси­ ­қуйидагича муносабат билдирди:

Мақолани ўрганиш давомида аниқланишича, Зафар­обод тумани прокурори «Шамшодбек хирмони» фермер хўжалиги раҳбари Э.Маматқулов матфаатини кўзлаб 2018 йил 11 июнь куни Зафаробод тумани маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2018 йил 21 апрелдаги 724-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Зафаробод тумани маъмурий судининг 2018 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори билан у қуйидаги асосларга кўра қаноатлантирилган:
Жиззах вилояти иқтисодий судида Зафаробод тумани ҳокимлигининг «Хосиятли дала» фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилиб, 28.11.2017 йилда даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Судда Зафаробод тумани ҳокимининг 26.03.2015 йилдаги 371-сонли қарори билан янги ташкил этилган «Хосиятли дала» фермер хўжалигига ер ажратиб бериш тўғрисидаги шартнома 25.12.2015 йилда 1598-сон билан рўйхатга олиниб, туман кадастр бўлими ва фермер хўжалиги тарафидан имзоланиб, муҳр билан тасдиқланган бўлса-да, Зафаробод тумани ҳокимлиги томонидан имзоланмагани, муҳр билан тасдиқланмагани, фермер хўжалигига ер ажратиш тўғрисидаги қарори Жиззах вилояти ҳокими қарори билан тасдиқланмагани аниқланган.
Суд мазкур ҳолатда ерни ижарага бериш шартномаси тарафлар ўртасида белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани сабабли уни тузилмаган деб ҳисоблаб, Зафаробод тумани ҳокимлигининг «Хосиятли дала» фермер хўжалигига ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган.
Зафаробод тумани ҳокимлиги Жиззах вилояти иқтисодий судининг 28.11.2017 йилдаги Зафаробод тумани ҳокимлиги ва «Хосиятли дала» фермер хўжалиги ўртасидаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарорини нотўғри талқин қилган ҳолда суд қарорини асос қилиб, туман ҳокимининг 21.04.2018 йилдаги 724-сонли қарорини қабул қилиб, барвақт хулосага келган.
Туман ҳокимининг «Шамшодбек хирмони» фермер хўжалигига ер ажратиб бериш тўғрисидаги 29.11.2015 йилдаги 1269-сонли қарори шу кунга қадар ваколатли идоралар ёки суд томонидан бекор қилинмаган.
«Хосиятли дала» фермер хўжалиги ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш ­бўйича шартнома тузмаган, шунингдек, у тегишли тартибда рўйхат ҳамда вилоят ҳокими тасдиғидан ўтмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарори билан тасдиқланган «Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом»да ер участкасини ижарага бериш шартномаси ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин туман ҳокими ва фермер хўжалиги бошлиғи тарафидан имзоланиши, ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси туман ер ресурс­лари ва давлат кадастри бўлимида рўйхатдан ўтказилиши, бу фермер хўжалигининг ер участкасини ижарага олганлик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиши, Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши белгиланган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга асосан ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасига кўра, ишда иштирок қилувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Бироқ ҳокимият вакили У. Абдураҳимов ва учинчи шахс Ш.Болтаев ўз талабларини судда тегишли далиллар билан исботлаб бера олмаган.
Мазкур қарордан норози бўлган Зафаробод тумани ҳокимлигининг апелляция тартибидаги шикояти Жиззах вилояти маъмурий судининг апелляция ­инстанциясида кўриб чиқилиб, суднинг 22.06.2018 йилдаги қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантиришсиз қолдирилган.
Суд қарорларининг қонунийлиги ўрганилганда, уларни ўзгартириш ва бекор қилиш хусусида протест келтиришга асос­лар топилмади.

Б.УМАРОВА,
Жиззах вилояти
прокурорининг ўринбосари

Таҳририятдан:

Мақолада яхши ният билан фермерликка қўл урган инсоннинг бошига тушган ғавғолар баён этилиб, муаммонинг ечими мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинган эди. Афсуски, Жиззах вилояти прокуратураси масалага юзаки ёндaшган ҳолда ҳисобот шаклидаги жавоб хати йўллаган.
Очиғи, биз масалага бошқачароқ ёндaшилади ва мақолада тилга олинган барча саволлар ўз жавобини топади деган умидда эдик. Ҳозирги ҳолат эса таҳририятдан мавзуга яна қайтишни тақозо этади…

Бошқа хабарлар