Қоракўлдаги машҳур мактаб дунёга донг таратади

…Эрта тонг. Бухоро вилоятидаги Қоракўл шаҳарчасининг Улуғбек кўчаси бўйлаб уч қаватли кўркам бино томон ораста кийинган, елкасига сумка осиб, қўлида китоб тутган ўғил-қизлар боришмоқда. Кўзларида азм-у шижоат, лабларида табассум. Яқиндагина таъмирланиб, фойдаланишга топширилган маскан уларни ўзига оҳанрабо мисол тортаётгандек. Ёшлар даврасида қандайдир теоремани ё Ньютоннинг бутун олам тортишиш қонунини турли тилларда муҳокама қилаётган, қиёфасидан хорижлик экани сезилиб турганлари ҳам бор. Ҳадемай бинодаги кенг, шинам синфхоналар ўқувчилар билан тўлади-ю, ораларида чет эллик мутахассислар ҳам бўлган муаллимлар сабоқларга киришади.

Мабодо қайсидир бир мусаввир ёки сураткаш тез орада Қоракўл туманида фаолият бошлайдиган, ихтисослиги ва мақомига кўра Ўзбекистонда биринчи таълим даргоҳига айланиши кутилаётган Халқаро математика мактаби ҳақида туркум суратлар ишласа, эҳтимолки, айни шу манзараларни тасвирлаган бўларди.
Бу мактаб эришаётган ютуқлардан кенг жамоатчилик хабардор, албатта. Биргина бу йилдан қиёс. Якунланган ўқув йилида ушбу мактабда 380 нафар ўғил-қиз таҳсил олди, тўрт ўқувчиси шу йилнинг августида Жанубий Африка ­Республикасининг Дурбан шаҳрида ўтган халқаро математека олимпиадасида қўша-қўша медалларни қўлга киритди.
Шу йилнинг 9 авгус­тида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига «Халқаро математика мактаби» мақоми берилди.
Таъкидлаш керакки, бу хайрли ва кўламдор тадбир давлатимиз раҳбарининг шу йил 29-30 март кунлари Бухорога қилган ташрифи билан бевосита боғлиқ.
Билим маскани директори Темир Рўзиевнинг айтишича, у ушбу ташриф чоғида Президентимиздан илгари Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежига қарашли бўлган бино ҳамда иншоотларни мактаб-интернат ихтиёрига берилишини сўраган. Негаки, ­масканнинг ўз биноси бир қадар эскирган, синфхоналари нисбатан тор. Ўқув жиҳозларини, ахборот-коммуникацион воситаларни, мебелларни янгилашга эҳтиёж бор. Бу ҳол шогирдларини мамлакат ва халқаро миқёсдаги билимдонлик баҳсларига тайёрлаётган педагог ходимларга ҳам, ўқувчиларга ҳам ноқулайликлар туғдиради. Коллежнинг 700 ўринли биноси эса ҳар жиҳатдан талаб­ларга мос келади.
Учрашув асносида давлатимиз раҳбари бу фикрга розилик билдириб, ўз ­навбатида, математика фанини самарали ўқитиш бобида мамлакатимизда етакчи саналган даргоҳга «Халқаро мактаб» мақомини бериш таклифини илгари сурган эди.
Мана энди амалий ишга ўтиш вақти келди. Вазирлар Маҳкамасининг «Бухоро вилояти Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби»ни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига кўра, 2019-2020 ўқув йили учун Халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар бола қабул қилиниши, бу ерда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тиллари чуқур ўқитилиши кўзда тутилган.
Келгусида Халқаро мактабда шартнома асосида юздан ортиқ чет эллик ёшлар ҳам таҳсил олиши, маскан ҳар бирида ўттиз нафардан ўғил-қиз ўқийдиган математика-инглиз тили, математика-физика ҳамда кимё-биология сингари факультетлардан, бир неча кафедрадан иборат бўлиши, қолаверса, хориж тажрибаси ва ўқитиш методикаси татбиқи учун дарс жараёнига хориждан малакали профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилиши режалаштирилган.
Албатта, бу ишлар ўз-ўзича силлиқ кечмайди. Олдинда маскан ихтиёрига ўтган бинони 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 200 ўринли ётоқхона, 50 ўринли меҳмонхона қуриш масалалари навбатини кутиб турибди. Бу вазифалар келгуси йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида белгиланди. Халқаро мактаб янги жойга кўчгунича ҳозирги ўрнида фаолият кўрсатади.
Яна бир жиҳат. Янги ўқув йилидан бошлаб катта ёшли ўқувчилар ўртасида ҳар йили математика бўйича ўтадиган халқаро IMO олимпиадасида шогирди олтин медалга эришган педагог ходимларга энг кам иш ҳақининг 450, ўқувчининг ўзига эса 500 баробари миқдорида бир марталик мукофот пуллари берилади. Ўз навбатида, мактаб раҳбарияти вакиллари ва ўқитувчилар бюджет маб­лағлари ҳисобидан юз фоизлик қўшимча устама ҳақи олишади.
Ажаб эмаски, тез орада қай бир мусаввир ёки сураткаш мақоми юксалган бу муассасага Давлат тест марказининг математика ва инглиз тили бўйича тест синовларидан, шунингдек, психологик-педагогик диагностикадан муваффақиятли ўтиш орқали қабул қилинган иқтидорли ёшлар юксак чўққиларга чиққан онларни ҳам ўзларининг энг яхши асарларига муҳрласа…

Рустам ИБРАГИМОВ,
«Ishonch»

Фикр билдириш

Your email address will not be published.