Ертўлада сув қувури

802

ёки «шошқалоқ» мурожаатгўй ҳамда
«туя гўшти еган» муаммо

Андижон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Маҳмуджон Ҳожиматовнинг, неча йилдирки, бир оёғи давлат идораларида. Бир кўрган – таниш, икки кўрган – билиш, деганларидек маҳаллий ҳокимлик, Халқ қабулхонаси, «Сувоқова» корхонаси сингари муассасаларга мурожаати юзасидан бўзчининг мокисидек қатнайверганидан мутасаддилар билан аллақачон «қадрдон» бўлиб кетган.

Муаммо отахоннинг ўзигагина тааллуқли бўлса, кошкийди. Шикоятларда Ал-Бухорий номли маҳалладаги тўққизта хонадонга дахлдор масала кун тартибига қўйиб келиняпти.
Оқсоқолнинг таъкидлашича, 1960 йилларда одамларга турар-жой қуриш учун шаҳарнинг Бўстон даҳаси, жумладан, ҳозирги Ал-Бухорий номли маҳалла ҳудудидан 4-6 сотихдан ер майдонлари ажратилади. Ҳожиматовлар оиласи ҳам ўша кезларда ушбу ҳудудда уй-жой тиклашган. 1996 йили маҳалланинг Мумтозбегим 4-тор кўчасида етти метр чуқурликдан сув тошиб чиққач маълум бўладики, уй-жойлар остига (бир қисмининг) катта сиғимдаги ичимлик суви қувури кўмилган экан!
Тўрт йил аввал – аксарият амалдорлар «давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган ­тамойилга энди-энди кўникаётган кезларда маҳалладош­лар Маҳмуджон Ҳожиматов бошчилигида тегишли ташкилотларга ёзди-чиздини бошлашади: тўққизта хонадон ичидан марказий сув қувур ўтган экан, шуни бошқа жойга кўчириб беринг, биз ҳам бехавотир ўтирайлик!
Чиндан-да арзгўйларнинг хавотирланганича бор эди. Яъни, 2017 йилнинг қиш-қировли кунларида маҳаллада истиқомат қилувчи Қосимовлар ҳовлисидан ўтган қувур тешилиб, сув тошади. Собиқ шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб боради ҳамда носозлик бартараф этилади. Аммо сув балоси ўз кучини кўрсатиб улгурган, хонадон эгаларининг эса киши ҳавас қиладиган бақувват турар-жойининг бир қисмини бузиб, қайтадан қуришдан бош­­қа чораси қолмаган эди. Хулоса эса аниқ, ҳовли-жойлар остидан ўтган қувурлар кўчирилмас экан, бу каби ёқимсиз ҳолат бошқа қўшниларнинг ҳам бошига тушмаслигига кафолат йўқ!
Ниҳоят, Маҳмуджон Ҳожиматовнинг мурожаатлари инобатга олиниб, 2019 йилнинг 7 январь куни Андижон шаҳри ҳокимининг зикр этилаётган ҳудуддаги аҳоли уйлари остида қолган диаметри 400 мм.га тенг 400 метр узунликдаги марказий ичимлик суви тармоғини ҳимоя ҳудудидан ташқарига олишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинади. Қарор ижроси «Сувоқова» давлат унитар корхонасининг Андижон шаҳри филиалига юклатилади. Шунингдек, «Сувоқова» ДУК шаҳар филиали раҳбари Х.Алимов томонидан имзоланган жавоб хатларининг бирида ушбу муаммо 2019-2020 йиллар мобайнида бюджет маб­лағлари ҳисобидан ечимини топиши қайд этилади.
Аммо орадан бир ярим йил ўтса-да, ҳадеганда ўзгариш бўлавермагач, Маҳмуджон Ҳожиматов 2020 йилнинг июнь ойида Халқ демократик партиясининг Андижон вилояти кенгаши раиси А.Нурматовга мурожаат қилади. Кенгаш раиси ўз навбатида «Андижон сув таъминот» МЧЖга депутат сўрови йўллайди. МЧЖдан олинган жавобда қайд этилишича, назарда тутилаётган 400 метрли сув қувури ўрнига янгисини қуриш бўйича 2022 йил инвестиция дастурига таклиф берилибди. Таклиф тасдиқланиб, маблағ манбасига аниқлик киритилгандан сўнг масала ечимини топар экан, насиб…
Дарвоқе, ХДПнинг тегишли ишчи гуруҳи, жумладан, партиянинг Андижон шаҳри кенгаши раиси М.Жалолов, Ал-Бухорий номли МФЙ раиси Р.Эргашева томонидан юқоридаги мурожаат юзасидан ўрганиш натижалари ҳақида тайёрланган маълумотга эътибор беринг. Ишчи гуруҳи ўз хулосасида М.Ҳожиматовнинг яхши инсонлиги, меҳнат фахрийси сифатида маҳалладаги барча тадбирларда фаол иштирок этишини таъкидлаш баробарида «фақат баъзи муаммоли масалаларда турли идораларга шошилиб мурожаат қилиш одати бор. Маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашса, МФЙ раиси ёки оқсоқоллар орқали ўша муаммони ҳал қилиш мумкин бўлади ёки керакли идорага расман мурожаат қилинади» деб унинг ўзини андак айбдор ҳам санаб қўяди.
Ажаб, ажаб… Тўққизта хонадонга хавф солиб турган муаммони йиллар давомида судраб келаётган масъуллар қолиб, масалани жамоатчиликка ҳавола этаётган фуқаро айбдор саналса?! Ҳолбуки, фаоллар, хусусан, МФЙ раиси «шошқалоқ» дея писанда этган Маҳмуджон Ҳожиматов мавзу юзасидан давлат идораларига тўрт йилдан буён арз қилиб келади. Мазкур мурожаатларнинг аксариятига маҳалладаги бошқа фаоллар ҳам муаллифлик қилишган. Шундан келиб чиқилса, МФЙ раисининг муаммодан хабардор бўла туриб, «биз билан маслаҳатлашмабди-да» қабилида жавоб хати тайёрлашга бош қўшиши худдики бир фуқарони деб ороми бузилганидан норози эканини ифодалаётгандай туюлади…

Аввалига 2019, кейин 2020 йилга, энди эса «2022 йилга таклиф киритилгани» айтилаётган масала ечимини топгунича эса уйлардан яна сув тошмай туришига кафолат борми? Саксон ёшли оқсоқолнинг асосий хавотири шундан, холос.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»